Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Нотинч ҳудуддан қайтганлар» — Нега улар яна Исроилга боришмоқчи?

«Нотинч ҳудуддан қайтганлар» — Нега улар яна Исроилга боришмоқчи?

Самарқанд халқаро аэропорти янги қиёфа олганидан буён шу томонларга ўтмаган эканман. Биринчи қадамдаёқ кириб-чиқиш анча эркинлашганини ҳис этдим. Ҳар ҳолда кимга, нимага, нима мақсадда деган савол берилмади. Ўртадаги терминалдан Жиддага қутлуғ сафарга бораётганлар, бошқасида Москвага йўл олганлар... Санкт-Питербург самолётининг қўниши ҳам шу вақтга тўғри келяпти. Эътиборимни тортгани, рўйхатдан ўтиш жараёни, самолётларнинг учиш-қўниши билан хабарлар микрафондан янграмас эди. Лекин, тўрт тарафда мониторлар бор гапни чиқариб турибди...

Монитор соат 17 да қўниши керак бўлган Тель-Авив –  Самарқанд рейси тахминан 55 дақиқага кечикишини ҳам кўрсатяпти.

Самарқанд  — Тель Авив — Самарқанд рейси жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб йўлга қўйилган. Бу рейс ҳафтада бир марта, чоршанба куни амалга оширилади. 

Самарқанд халқаро аэропортини бошқараётган Air Marakanda компанияси бош директори ўринбосари Мария Шаравинани суҳбатга тортдик.

– Исроил ҳукуматининг маълум қилишича, «Бен Гурион» аэропорти одатдаги, белгиланган жадвалда ишлаяпти. Самолётда йўловчилар бандлиги келишда ҳам, кетишда ҳам сентябрь ойи қиёсида деярли ўзгармаган. Бугун қўнадиган самолётда 138 нафар йўловчи бор. Ўтган ҳафта бу рақам 132 нафар эди, ундан аввалроқ 141 нафар,  – деди суҳбатдошимиз.

Маълум қилинишича, самолёт тонгда ҳам Самарқанддан Тель-Авивга одатдаги бандликда учган.

Мария Шаравина

Самарқанд ва Тель-Авив оралиғида авиақатновни амалга ошираётган «Qanot Sharq» компанияси бошқараётган самолёт – Airbus A321 220-236 ўриндиққа эга. Ушбу йўналишда энг кўп йўловчи бўлгани (210 нафар) июл ойига тўғри келган.

Авиакассаларда энг яқин кунлар учун ушбу йўналиш чипта нархлари ҳақида «15 октябрда Тошкентдан учадиган рейс учун 6 млн 700 минг сўм, қайтиш учун энг яқин сана 22 октябрда Самарқандга билет бор, 4 млн 868 минг сўм» дейишди.

Қадамингда гуллар очилсин

Самарқандда Халқаро йўналишдаги қатновлар сайёҳлик билан боғланса-да, яшириб нима қилдик, Самарқанд – Исроил авиақатновининг асосий қисми, мижозлари Исроилда ишлаётган ҳамюртларимиздир. 

Тель-Авив рейсини кутаётганлар аэропортга ўзгача кайфият олиб киргандек. Тўпланганлар орасида гулдаста тутган кишилар кам эмасди. Бино эшиги олдида мульфильм қаҳрамонлари қиёфасидаги актёрлар. Беқасам тўн кийган карнай-сурнайчилар ҳам шу ерда.

Фарзандини, аёлини, эрини, онасини... кутиб олиш учун чиққанлар ҳали қарийб бир соат вақт бўлса ҳам бўш ўриндиқларга ўтирмас эдилар. Кутувчилар орасида эмизикли болалари билан келганлар ҳам бор.

Чақалоқли, 30 ёшлар атрофидаги жувон шундай дейди: «Онам тўйни ўтказиш учун келаяптилар. Синглимни узатаяпмиз. Билет бир ойлар олдин олинган. Жами 45 кунлик таътилда шу ерда бўлиб яна кетадилар. Исроилда бунақа воқеалар доимо бўлиб келган. Хавотирга ўрин йўқ деб ўйлайман»

Атрофида 4-5 набиралари айланган Шоҳсанам Насруллаева кўнглида борини самимият билан очиб-сочди:

– Уруш бошланганидан бери ўзим ҳам, дадаси ҳам тинчимизни йўқотдик. Тунда уйқусизлик. Кундузи, ҳали телефонга қарайман, ҳали болаларга ютубдан Исроилни қўйиб бер дейман, телевизорда аҳволни кўраман. Ўзига ҳар икки соатда телефон қиламан. «Ўзинг яхшими, кампиринг яхшими?», «Ўзинг яхшими, кампиринг яхшими?» Бошқа гап айтолмайман. У эса «Биз тинчмиз, уйдан чиқмаймиз, ҳатто маҳсулотларимизни ҳам харид қилиб олиб келадиган хизматлар бор» дейди. Кампирнинг турмуш ўртоғи оламдан ўтганда ёлғиз қолмасин деб қизлари ёрдамчи олишган. Кампир оёқда, касал эмас. Дугонадек юришарди. Кеча телефонда кўришганда кампир роса йиғлади, дадаси эса унга «Менинг ҳам тўрт боламдан бошқа ҳеч кимим йўқ» деётганда овозлари титраб кетди. Уларнинг ака-укалари, опа-сингиллари йўқ-да, – дейди Шоҳсанам опа.

– Вазият тинчланса, яна жўнатасизми?

– Йўқ, бошқа бормайди. Яримта нон – ҳузури жон, – дейди она. 

Аёлнинг айтишича, қизи Иерусалимдаги хонадонда 5 йил ишлаган. Бунгача эса эр-хотин Москвада бир неча йилларини ўтказишган. Куёви ошпазлик қилган, қизи гўзаллик салонида ишлаган. Ҳозирда куёви Самарқанддаги ресторанлардан бирида ошпаз бўлиб, яхшигина маош олаяпти экан.

Шоҳсанам опа оёқ остида ўралашаётган болалардан хижолат бўлгандек, яширинча чиқмоқчи бўлишгани, лекин, кичкинтойлар машинага улардан олдин чиқиб олганини айтади. Болалар орасида оқ гулдаста кўтарган, онаси Исроилдан қайтаётган қизалоқ энг хушбахти бўлиб кўринди.

 Шоҳсанам Насруллаева набиралари билан

«Ҳам келиним, ҳам қизим ўша ерда.Қизим қолди, келиним тушган жой бироз нотинч эканми ёки қўрқдими, кетаман деяверди, кел дедик», дейди яна бир онахон.

Қайтганидан хурсанд, лекин яна бормоқчи...

Ниҳоят, йўловчилар бирин-бирин чамадонларини судраганча залга кириб келаверишди. Уларнинг аксари, ўзбекистонлик экани, ўз уйига қайтаётгани билиниб турган меҳнат муҳожирлари. Аёллар қатори эркаклар ҳам кам эмас. Уруш бўлаётган мамлакатдан узоқ йўл босиб қайтган инсонларни бафуржа суҳбатга чорлаш имконсиз эди. Аммо, қисқа жавоблар ҳам нималарнидир англатарди.

«Одатдаги  таътил. Биз боргунча тинчиб қолар насиб бўлса!»

«Узр, ҳозир стрессдаман. Қайтиб бормайдиган бўлиб, пенсияга чиқиб келаяпман»

Яқинлари билан қучоқлашиб кўришаётган бир аёл ҳўнграб йиғлаб юборди.

«Бор-йўғи икки йил ишладим. Ўн йиллаб ишлаган бўлсам, «бўлди, бас» деб қолаверардим. Таътилим тугаса, тинчлик бўлса, яна боришим керак. Камчиликларим ҳали кўп»

«Иккинчи регионда ишладим. Рости, кўз ўнгимга болаларим келаверди. Лекин, худди шу регионнинг бошқа ҳудудларида нисбатан сокинлик эди»

«Вақт кўрсатади, ўзи Россия уруш бошлаганда, у ердан қочиб Исроилни танлаган эдик... Вазият барқарорлашса, яна борарман, бўлмаса яна Россия-да. Лекин, Исроилга катта пул билан ишга борилади. Биласиз-а...»

«Ҳар биримиз биттадан ортиқ чамадон ололмадик. Чунки кўпчилик эдик, машинада тиқилинч келдик. Мамлакат ичкарисида такси ва транспорт ҳаракати ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. Шу рейсда 15 нафар қариндошлар учдик. Яна шунча одамимиз келгуси рейсда келади. Авлодимиздан кўпчилик Исроил фуқаролигини олган. Онамнинг бувилари яҳудий ўтган эканлар. Биз буни улғайганимизда билдик»

Йўловчилар орасида аравачада, кичрайиб мунғайибгина қолган, ёши улуғ яҳудий аёл ҳам бор эди. Уни ўзи парвариш қилаётган аёл ҳамроҳ олиб келганини бир қарашда илғайсиз. Уларни суратга туширган эдим, боқувчи эътироз билдирди...

Залга кираётганлар орасида юз-кўзидан яҳудий экани кўриниб турган инсонлар ҳам бор эди. Улар эҳтимол одатдаги сайёҳ сифатида Самарқандни кўрмоқчи бўлганлардандир. «Ҳар ҳолда қочиб келаётган бўлса ҳам, ҳеч ким буни айтмайди-ку», дейди акасини кутаётган йигит.

Самарқанд ва Исроилни боғлайдиган ришталар оз эмас. Самарқанддаги «Шарқ» маҳалласида яҳудий халқи шаҳардаги бошқа миллат вакиллари билан аҳилликда узоқ йиллар яшаган. Уларнинг Исроилга оммавий кўчиши ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигига тўғри келган. Самарқанддан кўчиб кетган яҳудийлар вақт-вақти билан келиб, қўним топадиган меҳмонхона эгаси йигирмага яқин меҳмонини кутаяпти. Карнайчи-сурнайчилар уларнинг шарафига чақирилган экан. Эртак қаҳрамонлари кийимидаги актёрлар эса ота-онаси самарқандлику, ўзи Исроилда дунёга келган қизалоқнинг туғилган кунига бувининг қутлови.

Аэропортда айтилмаган гаплар

Аэропортдан қайтиб, воқеалар ичида бўлганлардан кераклича маълумот ололмагандек ҳис қилдим ўзимни. Шунда фейсбукдаги «Исроилдаги Самарқандликлар» гуруҳини  бироз «титкиладим». Самарқанддан бир аёл: «Ҳозир мен Исроилга борсам бўладими, йўқми?» дея у ерда ишлаётганлардан маслаҳат сўраган. Жавоблардан айримлари:

«Йўқ... Уруш»

«Сингилжоним, хали келмай туринг.Узоқ йиллардан буён ишлаётганлар стрессдаю, сиз янгидан келсангиз, ваҳимаю қўрқувдан бир касални орттириб олманг. Ҳозирда кўплаб метапелитлар (қаровчи) тушкунликда, стрессда. Айниқса, ҳозирда айнан уруш бўлаётган жойларда метапелетлар керак бўлаяпти»

 «Ҳозирча борманг. Ҳаётингизни хавфга қўйманг!»

«Бу ерда қанча одамимиз Худонинг паноҳидаю, келаётган битта одамнинг ҳаёти хавфдами? Мусофирни Худонинг ўзи асрайди»

«...Мы тут в таком страхе живём»

 «Агар ҳужжатларингиз тайёр бўлса, рад қилманг. Келаверинг»

«Бу ерда уруш тугашини кутсангиз, ҳеч қачон уруш тугамайди. Лекин, доллар жуда кўтарилиб кетди. 20 минг доллар сарфлаб келишга арзимайди»

«Шукр қилиб оилангиз бағрида ўтирмайсизми? Кўра-била туриб ўзингизни ажал домига ташлайсизми?»

«Юрагингизни яхшилаб даволатиб, кейин келаверинг»

«Бу сафар жуда жиддий бўлаяпти. Эшикни тепиб киравериши мумкин, эшикларни маҳкам ёпиб ўтиринглар дейишаяпти. Шундай давом этаверса, ҳаммамизни тўплаб, Ватанга олиб қайтиши мумкин»

«Илоҳим, ҳаммамизга уйларимизга соғ-омон етиб бориш насиб қилсин»

Маълумотларга кўра, бир қатор давлатлар Исроилдаги ўз фуқароларини махсус рейсларда олиб чиққан ва олиб чиқмоқда.  Бу хабарлар ортидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида уларни ҳам Исроилдан олиб чиқишлари мумкинлиги борасида гап-сўз тарқалган.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси маълумотига кўра, бугунда уруш бўлаётган мамлакатда 10 мингга яқин вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқаролари бор. Аммо ноқонуний тарзда фаолият юритаётган, сунъий тарзда Исроил фуқаролигини олганлар сони қўшилганда бу рақам янада салмоқдор бўлиши айтилади.

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг