Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Чарчаб кетдим, опа...» — Гулзуҳра нормал ҳаётга қачон қайтади?

«Чарчаб кетдим, опа...» — Гулзуҳра нормал ҳаётга қачон қайтади?

Фото: Xabar.uz

  • Ўзбекистонда «Хотин-қизларга нисбатан зӯравонликка қарши 16 кун» акциясига старт берилди.

Гулзуҳра Сайдуллаева ҳақида ижтимоий тармоқ, айниқса, фейсбукдаги фаол қатламнинг аксарияти билишади, бўлмаганда, эшитган чиқишади. У шу йил кўкламида аёл сифатида мисли кўрилмаган босимни бошидан кечирганди.

Ўшанда Гулзуҳра Сайдуллаева Самарқанд вилояти «Ҳудудий электр тармоқлари» масъул ходимининг аёлларга зўравонлик ҳаракатини фош қилганди. Аёл, энди ишдан ноқонуний тарзда кетказиш муаммосига юзма-юз бўлиб ўтирибди. Уни ишдан кетказиш кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Не бўлганда ҳам Гулзуҳра Сайдуллаева, ўзининг айтишича, ҳозирда яна ҳақиқат учун курашишига, кучли бўлишига, бунинг эвазига соғлиғини йўқотишига тўғри келяпти.   

Гулзуҳра 40 ёшда. 2010 йилдан буён «Ҳудудий электр тармоқлари» («ҲЭТ») АЖ Самарқанд ҳудудий филиалида ишлаб келган. У фаолиятини электромонтёрликдан бошлаган. Кейин ўз тиришқоқлиги, меҳнати орқали поғонама-поғона филиалнинг умумий ишлар бўйича директори ўринбосари вазифасигача ўсиб борган.

Гулзуҳра: «Асослаб беринг, ӯғриманми, жиноят қилдимми?»

«Ҳали собиқ директоримиз Қурбонов кетари олдидан босим бошланди, очиқчасига кетинг, деди. Менга Тайлоқ туманида электр бўйича раҳбарликни ваъда беришди. Дебиторни тушунмасам, эксплутацияни тушунмасам, бормайман, лавозим менга керак эмас, дедим. Шундан кейин, май ойида ўқишим бошланди. Тошкент Кимё халқаро университети Наманган филиалида сиртдан ўқийман. Ўша пайтда 3-босқични битириш арафасида Наманганга жўнадим. Қайтсам, Умид Назаров Файзулла Қурбоновнинг ўрнига вақтинчалик директор вазифасини бажарувчи қилиб қўйилган экан. У киши бизга келганига кўп бўлмаган, озроқ вақт молия бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаган эди.

Бир кун селектор йиғилиши бўлаяпти. Ўзимизнинг ташкилотнинг вилоят, туман раҳбарлари кадр ортида. Шу вақт Умид Назаров Гулзуҳра опа аризангизни ёзинг, деди. Асос нималигини сўрадим. Кейин айтаман, деди. Аризани ёздим, лекин санасини қўймадим. Чиқиб кетаётган эдим, кетмай туринг-да, хонамга киринг, деди. Қабулхонада селектор йиғилиши тугагунча кутдим. Кейин «Телефонингизни ташлаб киринг», деди. Шундай қилдим. «Илтимос, қаршилик кўрсатманг, кетмасангиз бўлмайди» деди. Мен эса «Асослаб беринг, ўғриманми, бир жойда  жиноят қилдимми? Мени ким боқади, менинг учта фарзандим бор. Мани боқувчим бўлмаса» дея ичимдагини тўкиб солдим. «Йўқ кетмасангиз бўлмайди. Майли, сизни бошқа бир ташкилотда яхши лавозимга қўямиз» деди. Мен айтдим «Ака, менга лавозим керакмас, мансаб керакмас, менга иш беринг – бўлди». «Йўқ, кетишингиз керак!» деди. Мен «Кетмайман!» дедим. «Кетасан! Еше как кетасан!» деди у. Бу июннинг ўрталаридаги воқеа. Ҳаётдаги қийинчиликлар таъсирими, шусиз ҳам юрагим касал. Тунда мазам бўлмай қолди... Анчагина даволанишга тўғри келди. Заифлашиб бораётган танада ҳув унутилиб кетилган бошқа касалларинг ҳам ўзлигини кўрсатар экан...

Хуллас, қонунга хилоф тарзда бўлса ҳам 27 июль куни мени ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқарилди. Бошида қаттиқ тушкунликка тушдим. Кейин ўзимни қўлга олиб, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилдим. Адвокатим профессионал даражада ишлади, суд холислик қилди. 13 октябрь куни менинг фойдамга суд қарори эълон қилинди. Лекин, ҳамон ишга тикланганим йўқ. Ўйин давом этмоқда.

Опа, тўртта кредитим бор. Айни ишсиз қолган пайтимда қизимни чиқардим, унаштириб қўйилган эди. Қолаверса, мен боқиманда эмасман. Идоралар эшиги олдида ётиб олиб, уй талаб қилмадим. Кредитга уй олганман. Яхши ниятлар билан шу ёшимда олийгоҳга кирдим. Контрактимни ҳам кредит орқали тўлаб келаётган эдим.

Қизимни узатганим билан уни ҳам эътиборсиз қолдиролмайман. Уйдаги болаларим — 9-синф, 6-синф. Уларни еб-ичиришим керак, улар темир эмас-ку. Беш ойдан буён ҳеч бир даромадсиз яшашнинг ўзи бўладими? Гендер тенглик деймиз. Президентимиз бу масалага алоҳида эътибор беряпти. Лекин, жойларда уларнинг айтганларига қўл силтовчилар борлигини менинг мисолимда кўраверинг...»

Директор: «Буйруққа мен қўл қўймаганман»

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиалига борган куним 14 ноябрь эди. Суднинг Гулзуҳра Сайдуллаеванинг ишга тиклаш ҳақида ҳал қилувчи қарори чиққанидан роппа-роса бир ой ўтган кун. Қарор 13 октябрда чиққан. Бу давр ичида апеляция ва кассасия тартибида шикоят берилмаган.

Мавзуни ўрганмоқчи бўлганимни билгач, филиал директори Умид Назаров «Яхши аёлга ўхшайсиз. Сиз кимни ҳимоя қилаётганингизни биласизми?» деди дабдурустдан. Очиғи, ўшанда Гулзуҳра билан ҳали кўришмаган эдик. (Аёлнинг юқоридаги ҳикояси эртаси куни ёзиб олинди) Лекин, судда ютиб чиққани, шунга қарамай ижро ҳамон бажарилмаганидан хабардор эдим. Шунинг ўзи журналист суриштируви учун етарли эмасми?  

Аввалига «Ёзманг» деб кўришди, кейин суд орқали ишига тикланиб, бугунда сафда бўлган бошқа бир аёл ходимлари ҳақида ёзишни тавсия қилиб кўришди... Гулзуҳра Сайдуллаеванинг меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлган ҳужжатларни сўрадим. Шунда Умид Назаров «Буйруққа мен қўл қўймаганман, мен йўғимда ишдан кетказилган. Тикланган бўлса, марҳамат келиб ишлайверсин» деб қолди. Ҳақиқатдан ҳам шартномани бекор қилиш ҳақида буйруқ чиққан 2023 йилнинг 27 июль кунида Умид Назаров Туркияда дам олаётган бўлган. Лекин, бундан сал аввалроқ, 18 июлда Сайдуллаева меҳнат шартномасини бекор қилишга қаратилган «ҲЭТ» Самарқанд ҳудудий филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси номига ёзилган тақдимномани Умид Назаровнинг ўзи имзолаган. (Дарвоқе, Гулзуҳрага ихтиёрий-мажбурий тарзда ёздириб олинган ариза сана қўйилмагани сабаб ҳақиқий эмас деб топилгач, янги ҳаракатлар бошланган).  

Тақдимномада Гулзуҳра Сайдуллаева йил давомида бир неча марта интизомий жазога тортилгани ҳақидаги буйруқлар рақамлари келтирилган. Иқтибос: «...буйруқларни инобатга олиб, Г.Сайдуллаева ўз вазифасига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараганлиги учун Сиздан Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 161-моддаси, 4 ва 6-банди — Ходимни ўз  меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган ўзга сабаблар (асослар)га асосан (Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш) Самарқанд ҳудудий филиали умумий масалалар бўйича директор ўринбосари Сайдуллаева Гулзуҳра Эшмаматовна билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик беришингизни сўрайман... Самарқанд ҳудудий филиали директори в.в.б. У. Назаров»

Ана шу тақдимнома асосида 2023 йилнинг 21 июль кунида корхона касаба уюшмаси қўмитаси йиғилиши ўтказилиб, Гулзуҳра Сайдуллаева билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик берилган.  

Шундан сўнг, Гулзуҳра Сайдуллаеванинг меҳнат шартномаси филиал директори в.в.б А.Норқобилов имзоси билан Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 161-моддаси 4-5-6 бандларига асосан бекор қилинган (қизиғи, А.Норқобиловнинг ўзи ҳам тақдимномада кўрсатилган, қатор масъул ходимлар интизомий жазога белгиланиши ҳақидаги буйруқлардан бирида маошининг 50 фоизи миқдорида жаримага тортилган.)

«Туринг, суд келяпти!»

Ишни Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси Нарзулла Муратов олиб борган. Жараённинг биринчи мажлиси 15 сентябрда бошланган. «ҲЭТ» ҳудудий филиали директори Умид Назаровнинг илтимосномасига кўра, суд унинг иштирокисиз ўтган.  Бироқ, ишончли вакил қатнашган.

Суд жараёнида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали маъмурияти Меҳнат ҳақидаги қонунни қўпол равишда бузиб Сайдуллаевани ишдан бўшатгани исботини топган. Корхонадаги меҳнат қонунчилиги Низоми бўйича Гулзуҳра Сайдуллаевани ишдан бўшатишда аввало «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг розилиги бўлиши керак эди. Чунки, Гулзуҳра Сайдуллаева директор ўринбосари. Бироқ, унинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғридан-тўғри ҳудудий филиал директори томонидан амалга оширилган.

Тўғри, суд ҳужжатлари орасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси имзоси билан Сайдуллаева меҳнат шартномасини бекор қилишга рухсат берилгани борасида ҳужжат бор. Лекин, у 29 сентябрь санаси билан қайд қилинган. Сайдуллаева меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ 27 июлда чиққан! Хўш, жавобгар томон бу номувофиқлик билан узоққа бориб бўлмаслигини билмасмиди?

Даъвогар адвокати Манзура Ҳакимова шу жиҳат устида алоҳида тўхталди: «Улар судда ўйин қилиб кўришди. Мен судда Сайдуллаевани ишдан бўшатишда айнан республика «ҲЭТ» АЖ бошқарув раиси розилик берганлиги ҳақидаги ҳужжатни талаб қилганимда, улар бу ҳужжат бор, дейишди. Кейинги суд мажлисида улар 2023 йил июль санаси билан республика «ҲЭТ» АЖ бошқаруви раисининг розилиги мавжудлиги ҳақидаги маълумотни судга тақдим қилишди. Мен эртасига республика «ҲЭТ» АЖ  номига ўзимнинг адвокатлик ваколатим асосида ҳақиқатдан ҳам шу ҳужжат июль ойида берилганми дея сўровнома киритдим. Кейинги суд мажлисида «ҲЭТ» АЖнинг вакили гувоҳ сифатида сўралганда «Йўқ, бу ҳужжат биздан 2023 йил сентябрь ойида берилган» деди. Шу жойда судга жавобгар томонидан қалбакилаштирилган ҳужжат тақдим қилингани аниқ бўлди».

Судга қалбакилаштирилган ҳужжатни тақдим қилиш учун қаердан куч олиш мумкин? Судда жавобгар томондан ишончли вакил сифатида оддий ходим эмас, юрист Шукур Эранов иштирок этган!

Сайдуллаеванинг ишдан бўшатилиш жараёнида ноқонунийлик фақат республика миқёсидаги раҳбарнинг рухсати бўлмагани билан чекланмаган. Судда, Сайдуллаева, юқорида тилга олинган, ходимнинг ишдан кетказишга асос деб айтилган буйруқларнинг бирортаси билан таништирилмагани маълум бўлди. Ваҳоланки, МКнинг 313-моддасига кўра, иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилган кундан эътиборан уч иш кун  ичида, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилиниши лозим. Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган, деб ҳисобланиши белгиланган. «Қолаверса, тақдимномада унга нисбатан олдин қўлланилган интизомий жазо чоралари кўрсатилган, касаба қўмитаси эса уни хулқ бўйича кўрсатиб, шунда ҳам айнан қайси ножўя хатти-ҳаракатлар учун унга интизомий жазо чораси қўлланганини асосламай, ишдан бўшатишга рухсат беряпти“, дейди адвокат Манзура Ҳакимова.

Суд қарорида жамият касаба уюшма қўмитаси йиғилиш ҳақида шундай дейилади: «...баённома мазмунига кўра Г.Сайдуллаеванинг интизомий жазоларга тортилганлиги ички меҳнат тартиби қоидаларининг 4, 5 ва 6-бандларини мунтазам равишда бузиб келганлиги қайд қилинган бўлса-да, айнан интизомий жазога тортилган ҳолатдан сўнг ички меҳнат тартиби қоидаларини қайси ножўя хатти-ҳаракати билан содир қилганлиги қайд қилинмаган».

Суд қароридан:

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиалининг 2023 йил 27 июль кунидаги 97-сонли буйруғи бекор қилинсин.

Сайдуллаева Гулзуҳра Эшматовна «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари вазифасига тиклансин...»

Вақти жуда тиғизлиги кўриниб турган, бир суддан чиқиб иккинчисига кираётган Нарзулла Муратов билан қисқагина суҳбатлаша олдик: «Бошқа корхоналарни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, сўнгги ойларда 7 нафар ходимни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқардик. Лекин, бу дегани, ишга тикланиш мақсадида мурожаат қилганларнинг ҳаммаси ҳам тиклана олади, дегани эмас. Асослар етарли бўлса, ноқонунийликни исботлаб бериш имкони тақдим этилганда, даъвогар даъвоси албатта қаноатлантирилади», деди судья.

Суд залидан ташқаридаги мулоҳазалар

Аслида мақолани шу жойда ҳам якунлаш мумкин эди. Лекин, айтилмаган, айтилиши зарур бўлган ҳолатлардан кўз юмиб бўлмайди. Гулзуҳранинг ўзи ҳам, бирор яқини ёки адвокати иштирок этмаган Касаба уюшмаси қўмитаси йиғилиши баённомасини диққат билан ўқиган киши, нималарнидир албатта илғайди.

Касаба уюшмаси йиғилишидан:

 «ҲЭТ» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали ходимлар бўлими бошлиғи Феруз Сатторов: «...У интернет тармоқларида чиқишлар қилиб ҳамманинг устидан лой ағдаради».

Райҳона Шарипова, касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси: «Шу аёлни яхши биламан, кўнглида кири йўқ, аммо тили ёмон... Мен унга «Facebook»да қандай ёмонлаган бўлсанг, шундай чиқиб кечирим сўра» деб айтганман».

Маҳмуд Музаффаров, касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси: «Сайдуллаева Гулзуҳрани яхши таниймиз. Гулзуҳра опа ўзи яхши-ю, бир ерда авария бўлса эркаклар билан баровар ярим тунгача ўша ерда бўлади. Унинг иши зўр бўлса ҳам ахлоқи ҳақида бу гаплар айтиляпти. ...Юқоридаги буйруқлардан кўриниб турибдики, икки томонни яраштиришни имкони бўлмаса, бу ишни қонун доирасида кўриб чиқиш керак».

Гулзуҳра билан суҳбатда, у гарчи умумий масалалар бўйича ўринбосар бўлса ҳам, матбуот котиблигидан қолган одати, мурожаатлар бўлганда кунми, тунми авария жойида бўлиб, видеотасвирга олиб, аҳволни бор-борича кўрсатишини айтди. Юқорида, масъул ходимлардан бирининг аёлларга ножўя муносабати ҳақида тўхталдик. Бунинг ортидан, корхона бошқарув тизимидаги камчиликлар ҳам ижтимоий тармоқлар орқали ёйилгани сир эмас.  

Яна бир жиҳат. Беш кун ишга чиқмаган ва касаллик варақаси бўлган ходим ортидан у ростдан ҳам касалми ёки йўқми дея вилоят соғлиқни сақлаш бошлиғига чиққан касаба уюшмаси раиси босимини қандай тушуниш мумкин? Аёл 27 июнда қатор тиббий текширувдан ўтгани ва шу кунда ўткир касалликлар хуружи тасдиқланган. Аммо, айнан шу кундан бошлаб касаллик варақаси давом эттирилмаган. Буйруққача бўлган даврдаги ана шу муаллақлик эса прогул деб айтилган ва ишдан четлатишга яна бир сабаб сифатида қўлланилган. Гулзуҳра, поликлиника бош врачи «Опа, сиз учун бизга босим бўляпти» деганидан сўнг у ерга бормай қўйганини эслайди.

Масаланинг ҳазм қилиб бўлмайдиган яна бир томони, Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилинган (13 октябрда) ҳал қилувчи қарор бугунга қадар, мана шу сатрлар ёзилаётган 27 ноябрда ҳам ижро этилмаган. 

«Xabar.uz»да мавжуд маълумотларга кўра, Г.Сайдуллаева масаласида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали директори номига талабномани 8 ноябрда жўнатган (!).  Унда ёзилишича, «Сайдуллаева Гулзуҳра Эшмаматовнанинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво талаби бўйича қабул қилинган суднинг қарори асосида даргоҳ ишга қабул қилиб ҳамда ишга тикланганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани зудлик билан тақдим қилишингиз сўралади».

«ҲЭТ» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали директори Умид Назаров 13 ноябрда ана шу талабанома асосида «ҲЭТ» АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев номига хат чиқарган. Унда жумладан шундай дейилади: «...Г.Сайдуллаевани... Умумий масалалар бўйича директор ўринбосари лавозимига тиклаш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилганлигини инобатга олиб, мазкур лавозимга тиклаш масаласини қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқишингизни сўрайман».

2400 нафар ходимга раҳбарлик қилаётган Умид Назаров Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилинган ва ижрога қаратилган суд қарори муҳокама қилинмаслиги, ўзгартирилмаслигини билмайдими?  (Шу ўринда, Назаров судни унинг иштирокисиз ўтказиш ҳақидаги судья Муратов номига илтимосномасини «...даъвогарнинг даъвосини рад қилишингизни сўрайман» деб якунлагани беихтиёр хаёлдан ўтади.)

АЖ бошқарув раиси номига ёзилган хат шунчаки билдириш нуқтаи назаридан жўнатилган бўлса, шунчаки жавоб қачон келади? Гулзуҳра нормал ҳаёт тарзига қачон қайтади?

Адвокат Манзура Ҳакимова

Адвокат Манзура Ҳакимова сўнгги йилларда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиалидан қонунга хилоф тарзда ишдан бўшатилган 20 дан ортиқ ходимни ишга тиклаганини айтади. «Уларда умуман меҳнат қонунчилиги ишламайди. Улар хоҳлаган одамини ишдан бўшата олади. Мен ҳаммасини  асослаб бериб ҳал қилув қарори чиқарганимдан кейин ҳам қонунни менсимасликда давом этишади. Ваҳоланки, қонунга кўра, ишга тиклаш тўғрисидаги қарор дарҳол ижрога қаратилиши ва ижро қилиниши лозим», дейди адвокат.

Манзура Ҳакимованинг айтишича, у ишга тиклаган ходимлар ҳал қилувчи қарор чиққандан сўнг ҳам уч ойлаб, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақтда бекор юрган. «Буёғига энди прокуратурага ёзавериб, ёзавериб, охири, тўрт томондан исканжага олинганда, ниҳоят, даъвогар меҳнат жамоасига қайтади».

Ўйланиб қоласан киши. Ишдан ноҳақ бўшатилган ходим судгача ҳам қандайдир вақт бекор юради. Ундан кейин ҳам неча ой ишламаса. Лекин, бир куни ишга қайтганда 5-6 ойлик маошни тўплаб олади. Бундан ташқари, маънавий зарар, почта харажати, давлат божи, видеоалоқа ва фалон-фалонлар учун маблағни Назаровлар, Эрановлар чўнтагидан тўламайди. Ана шунча маблағ давлат хазинасидан совурилади. Қизиқ, бизда ноҳақ бўшатилиб, ишига қайта тикланганлар бўйича мониторинг олиб борадиган бирор ташкилот борми? Мамлакат бўйича шу йўсинда қанча моддий зарар кўраяпмиз экан? 

Гулзуҳра бир куни ишга қайтишига, маошларини олишига умид қилади. Лекин, ҳозирча қийналаяпти... «Руҳан ҳам эзилиб кетаяпман» деб ёзди у онлайн суҳбатда. Кейин «Энг ёмон адолат – кечикиб бўй кўрсатган адолатдир» деган зарқоғозни жўнатди.  

Қаердадир ўқиганим, «Инсонни хўрлаш учун уни тутиб уриш шарт эмас» деган ҳикмат ёдга тушди.

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг