Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Германиядаги ўзбек. У қандай қилиб оламшумул лойиҳа иштирокчисига айланди? (Эксклюзив интервью)

Германиядаги ўзбек. У қандай қилиб оламшумул лойиҳа иштирокчисига айланди? (Эксклюзив интервью)

Зафар Исмоилов (ўнгдан иккинчи) Германия аэрокосмик марказида.

Фото: «Xabar.uz»

Германия аэрокосмик маркази олимлари 149 прожектордан иборат сунъий қуёш яратишгани ҳақида интернетда хабарлар тарқалган эди. Мазкур сунъий қуёш прожекторларининг нури бир нуқтага йўналтирилса, ҳарорат Целсий бўйича 3 ярим минг даражага етар экан. Қурилма шу қадар кучли эканидан, уни радиацион ҳимояланган бинога жойлаштиришга тўғри келади. Лампалар ёниқлигида хонага кирган одам ўша заҳоти куйиб кетади.

Тадқиқотчиларнинг мақсадларидан бири — водороддан экологик соф ёқилғи ишлаб чиқариш учун қурилманинг имкониятларини ўрганишдир.

Германия аэрокосмик марказининг ушбу оламшумул лойиҳасида Зафар Исмоилов исмли ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи ҳам қатнашаётганини аниқлагач, ижтимоий тармоқ орқали у билан боғланиб, «Xabar.uz» учун махсус интервью уюштирдик.


  • Зафар Исмоилов Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Оилада учинчи фарзанд, уйланмаган. Отаси почта тармоғида бош ҳисобчи, онаси эса Чироқчи туман кутубхонасида кутубхоначи бўлиб ишлаган. Ҳозир улар нафақада. Болалигидан уйидаги ишдан чиққан электр жиҳозларини таъмирлаш хоббисига айланган ва бу унинг технологияларга қизиқишини оширган.

Тамал тоши

— Бошланғич таълимни Чироқчи шаҳридаги немис тилига ихтисослашган ўрта мактабда олганман, — дея суҳбатни бошлади  Зафар. — Мактабда, шунингдек, математика фани чуқурлаштирилган ҳолда ўтиларди ва ўқитувчимиз ҳам кучли математик эди. Бугунги эришган натижаларимга айнан ўша мактабда тамал тоши қўйилган десам, адашмайман.

Мактаб даврида турли тўгараклар бўлар эди. Мен шахмат ва миллий кураш тўгарагига катта қизиқиш билан қатнашар эдим. Бу икки спорт тури бўйича туман миқёсида юқори кўрсаткичларга эришганман.

Саккизинчи синфдан кейин мусофирчилик ҳаётим бошланган. Дастлаб, Самарқанд шаҳридаги Республика олимпия спорт мактабига дзюдо спорт тури бўйича ўқишга қабул қилиндим. Таҳсил давомида республика миқёсидаги турли мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритдим. Спорт мактабини аъло баҳолар билан тугатиб, Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ҳозирги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти)нинг электротехника факултетига ўқишга кирдим.

Спортдан техника соҳасига

Нега спорт йўналишидан бирданига техника соҳасига ўтиб кетган экан, деб ҳайрон қолган бўлсангиз керак. Болалигимдан электр ва электроника жиҳозларини таъмирлашга қизиқишим жуда баланд бўлган. Шу қизиқиш мени электротехника йўналишига етаклади. Институтни тугатгач, ўқишни давом эттириш учун Германияга йўл олдим. Германиянинг Bonn-Rhein-Sieg университетида Mechanical Engineering  (машиналар қуриш муҳандиси) мутахассислиги бўйича ўқидим.

Мактабдан бошлаб немис тилини чуқур ўзлаштирганим ва бу мамлакат ҳақида кўп маълумот олганим мени Германияда таълим олишга бўлган интилишимни оширган. Шунингдек, Германияда замонавий технологиялар, илм-фан илғор ривожланган, бу жиҳат ҳам менга туртки берган.

Спортчи, электротехник ва дастурчи

Мутахассислигим ҳозирда дастурчи ҳамда Bonn-Rhein-Sieg университетида Тизимли муҳандислик информатикаси йўналишида магистратурани тамомламоқдаман. Шунингдек, Германия аэрокосмик марказида тадқиқотларда иштирок этяпман.

«Қорамол гўнгидан газ ишлаб чиқарувчи ускуна яратганмиз»  

Дастлабки иш фаолиятимни Германиянинг Дитфурт шаҳрида «General Electric» компаниясида бошлаганман. Бу ерда биогаз қурилмаси лойиҳасида бошидан охиригача иштирок этиб, қурилмани ишга туширишда қатнашганман. Бу қурилма лойиҳаси жуда қизиқарли бўлган. Бир гуруҳ ёш изланувчилар оддий қорамол гўнгидан газ ишлаб чиқарувчи ускуна яратганмиз. Ушбу ускуна орқали ишлаб чиқарилган газ ички ёнув моторларини ишлата олади ва ҳар бир моторга генераторлар ўрнатилган бўлиб, 800 кВт/соат электр токи ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Машҳур DHL компаниясидаги тажриба

Кейинчалик, DHL компаниясига ишга кириб, пакет ва хатларни тақсимлаш ускуналарини дастурлашда фаол қатнашганман.

Одатда ҳар бир пакет ёки хатда юбориладиган манзиллари ёзилган бўлади. Айрим мижозлар компютердан чиқарилган босма шаклдаги манзилни ёпиштирса, айримлар эса қўлда ручка билан ёзади. Шу ҳар хил ёзувларни ва шунингдек, уларни турлича (тескари, ёнбош) ҳолатларда ҳам сканер қурилмаси ўқиши лозим. Қурилма ўқий олсагина, ускунада пакет ва хатлар тақсимланади. Биз яратган дастур шу вазифани бажарган. Таъкидлаш лозимки, DHL компаниясининг асосий тақсимловчи ускунаси айнан шу сканер ҳисобига ишлайди.

Дунёдаги ягона марказга қандай ишга қабул қилингани ҳақида

Германия авиация ва космонавтика маркази дунёда ягона ҳисобланади. Ушбу марказ танлов эълон қилганини эшитгач, сунъий қуёш қурилмаси лойиҳаси бўйича танловда ғолиб чиқдим ва ишга қабул қилиндим. Табиийки, бу лойиҳада иштирок этишни истаган талабгорлар жуда кўп эди. Лойиҳа раҳбарлари асосан германиялик бўлган рақибларим орасидан айнан мени танлашганидан фахрланаман. Лойиҳада механика, электроника ҳамда информатика дастурлаш вазифаларини бажараман.

Мазкур лойиҳа 149 дона прожектордан иборат бўлиб, ҳар бирининг диаметри 1 метрни ташкил этади. Қурилманинг баландлиги эса 15 метрга тенг, прожекторлар ўз ҳолатини ўзгартириш имконига эга ва уларни битта нуқтага йўналтириш мумкин. Ушбу 149 прожектор биргаликда бир нуқтага йўналтирилганда, табиий қуёш нуридан камида 10 минг маротаба кучли бўлган ёруғлик интенсивлиги юзага келади.

Мазкур қурилмадан асосий мақсад кейинги йилларда қуёшдан олинадиган энергия ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантиришдан иборатдир. Шунингдек, қуёш иссиқлик электростанциялари соҳасидаги тадқиқотчилар ва саноат корхоналари ёки аэрокосмик саноати корхоналари (фазо кемаларининг қобиғини яратиш учун) ҳам ушбу қурилмадан унумли фойдаланишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон аэрокосмик саноатини яратиш истиқболлари

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури лойиҳасига Ўзбекистон аэрокосмик саноатини яратиш режага киритилгани ҳақида эшитдим.

Бу лойиҳанинг амалга ошиши интернет технологиялари соҳаси учун жуда катта ривожланиш бўлади ва жуда кўп имкониятларни юзага келтиради, деб ўйлайман. Мисол учун, келажакда учириладиган сунъий йўлдошимиз орқали интернет тармоғи ҳам узатилиб бериладиган бўлса, шунда интернет технологиясида катта ривожланиш бўлади. Чунки интернет тармоғи орқали турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Оддий мисол, автомобилларни интернет ёки GPS тизими билан таъминланиши орқали автоҳалокатларнинг олдини олиш, қоидабузарликларни аниқлаш мумкин бўлади. Ва, албатта, ҳайдовчига манзилни қисқа йўлдан кўрсатиши орқали ёнилғи тежаш каби қулайликлар юзага келади. Бу бир йўналишдан мисол, холос. Интернет технологиялари иқтисодиётнинг барча йўналишлари ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. 

«Сен Ватан учун нима қилдинг»

Йилда бир марта, гоҳида икки йилда бир маротаба Ўзбекистонга бориб тураман. «Ватан сен учун нима қилди эмас, балки сен Ватан учун нима қилдинг» шиори остида Ўзбекистонда «Бола акцияси» жамғармасини ташкил қилганман ва ҳозирда уни ривожлантиряпман. Бу акция оғир бемор бўлган жажжи болажонларга даволаниши учун моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ташаббуси ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистонни Европага танитиш мақсадида «Афсона» номли (usbek-shop.de) онлайн дўкон ташкил қилганман. Ушбу дўконда асосан миллий сувенирларимиз, ҳунармандчилик маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилган. Онлайн дўкон даромадининг 20 фоизи «Бола акцияси» жамғармасига ажратилади.

Спорт — бу ҳаёт!

Ўн ёшимдан миллий кураш билан шуғулланганим, кейинчалик спорт мактабида таҳсил олганим боис, Германиядаги ўқишим давомида ҳам спортнинг дзюдо тури бўйича турли мусобақаларда иштирок этдим. Айниқса, 2016 йили Финляндияда бўлиб ўтган бутунжаҳон универсиадасида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон номини дунёга танитдим. Албатта, ҳозир ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиб тураман.

Спорт — мен учун ҳаёт белгиси. У билан ўзимни ҳам жисмонан, ҳам ақлан тетик ҳис қиламан.

Ёш дастурчиларга тавсия

Яхши дастурчи бўлиш учун, авваламбор, бирор, масалан, C++ дастурлаш тилини яхши ўзлаштириш лозим деб ҳисоблайман. Чунки у ҳозирда кенг ишлатиладиган дастурлаш тили ҳисобланади. Ушбу касбни эгаллаётган ёш дастурчилар, талабаларга кўпроқ мустақил ўқиб-ўрганишларини, машқ қилишлари, турли масалалар устида изланишлар олиб боришлари ва, албатта, сабрли бўлишларини тавсия қилган бўлардим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг