Муҳожирнинг қадрини билган билди...
Бизнинг «гастарбайтер»лар бир йилда, баъзи рақамларга ишонадиган бўлсак, Ўзбекистонга 6 миллиарддан 20 миллиард долларгача пул жўнатишган. Бу пуллар мамлакатнинг кундалик турмуши учун зарур бўлган валюта эҳтиёжини қондириб турди. Шунингдек, асосан муҳожирлар жўнатган пул мамлакатдаги тадбиркорлик ривожланишининг асоси бўлиб, фаровон ҳаётни таъминлади. Уста ҳам, савдогар ҳам, ҳунарманд ҳам шу пулга хизмат қилиб, ўз бизнесини ривожлантирган.
Биз йил давомида жон куйдирадиган пахтадан олинадиган йиллик даромад бир миллиард доллар атрофида эканлигини билдик. Мамлакатга пахтадан ўнлаб баробар кўп даромад олиб келаётган муҳожирни ҳамма хоҳлаган нарсасида айблади. 2013 йилнинг охирида Россияда бошланган иқтисодий инқироз муҳожирларнинг даромадини кескин пасайтириб юборди, бу ўз навбатида биздаги пул тушуми ҳам камайишига олиб келди. Кўплаб муҳожирлар ортга қайтди. Бизда бўлса 3000 сўм атрофида барқарор турган АҚШ долларининг курси кескин оша бошлади. Шундагина муҳожирнинг қадрини тушунган тушунди, тушунмаган уларни яна тўғри келган нарсада айблаб юраверди.
Сўнгги бир йилда, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг ҳукумат ва ОАВ ниҳоят муҳожирлар муаммоси ҳақида очиқ гапира бошлади. Мамлакат Президентининг ўзи муҳожирларни ортга қайтариш муҳимлигини, уларнинг Россияда юришига бош айбдор давлат эканлигини таъкидлади.
Муҳожирлар билан боғлиқ фожиалар ҳақида ҳам рўй-рост гапирилмоқда. Оқтўбада 52 ўзбек ҳалок бўлгач, Фарғона вилояти ҳокимидан ташқари бутун миллат ўз ватандошлари ҳақида куюна бошлади.
Ҳали кун келиб, бу ўзига хос ижтимоий воқелик — муҳожирлар ҳаёти ҳақида китоблар ёзилишига, тарихчи ва жамиятшунослар буни чуқур ўрганишига шубҳа қилмайман.
Фақат бир жараёнга эътибор қаратмоқчиман. Турли сабабларга кўра интеллегенция, қанчадан-қанча ўқитувчи, муҳандис, шифокор, дастурчи, санъаткорлар ҳам юртни тарк этишди. Ҳозирги кунга келиб мамлакатда кадрлар муаммоси ҳақида гапирилмоқда. Эндигина кадрларнинг четга чиқиб кетиши қанчалик йирик муаммо эканлигини тушуна бошладик. Ҳали бунинг жабрини анча тортамиз.
Хоҳлаган давлат қудратининг асосини кадрлар ташкил қилади, кучли мутахассисларгина мамлакатни ривожлантира олади. Шунинг учун ҳам ерости бойлиги деярли бўлмаган Япония ва Сингапур дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафида юришибди.
Ҳозир Европа, АҚШ, Россия ва араб давлатларида неча юз минг ёки неча миллион профессионал кадрларимиз ишлаб юрганини, бошқа мамлакатнинг ривожига ҳисса қўшаётганини айтиш қийин. Лекин мамлакатни оёққа турғизиш учун, иқтисодиётни жонлантириш учун биз бу кадрларга муҳтожмиз. Мамлакат Президентини ҳам АҚШдаги сафарида бунга алоҳида урғу берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter