Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Яраштириш ечим эмас... ҳатто фожиа билан тугаши мумкин

Яраштириш ечим эмас... ҳатто фожиа билан тугаши мумкин

Фото: «Xabar.uz»

Яхшиям ўлмай қолди...

Несибали (исмлар ўзгартирилган) мактабни битирибоқ ўзидан икки ёш катта, йўлини тўсиб, дил изҳорларини айтишдан чарчамаган Тўланбойга турмушга чиқди. Ёшлар жудаям бахтли эдилар. Лекин тўйдан сўнг тўртинчи куниёқ қайнона янги келинга зуғум қилишни бошлади. Несибалининг ҳар бир қадамидан айб қидиришга ўтди.

Оилали қайин-сингиллар ҳар ойда фарзандлари билан ота-онасининг уйига келган кунлари Несибали учун ҳақиқий дўзахга айланарди. Шу даражага бордики, улар ташқарига чиқмай, тунда ҳожат чиқарган тувакларигача Несибалига тозалата бошлашди.

Онасининг, сингилларининг ҳар куни Несибалини ёмонлашлари Тўланбойга ҳам таъсирини ўтказа бошлади. Энди шундоғам тинмай уй юмушлари билан банд бўлган, деярли овқат емайдиган хотинига қўл кўтара бошлади.

Уйга борганида онасига дардини ёрса, «бироз чида, болали бўлсанг ҳаммаси яхши бўлади» деб юпатиб, она қизини ортга қайтарарди.

Ҳомиладор бўлди, лекин аксига олиб аввалгидан икки баробар кўп тазйиққа учрай бошлади. Бир куни бошқоронғи бўлиб, зўрға юрган Несибелининг сабри тугади, эрининг опасига:

– Етар, ўзингиз ва болаларингизнинг ахлатини ўзингиз тозаланг, – деганди, қайин опаси Лобар қўлидаги пиёлани Несибелига қараб ғазаб билан отиб, унинг юзига шапалоқ тортиб юборди, бу ҳам етмагандек, икки қўллаб сочига ёпишди. Уйдаги бақир-чақир, тўс-тўполоннинг устидан чиқиб қолган қўшни аёл профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини ходимларини чақирди.

Қайнона, қайинопа, Несибелини ўртага олиб суҳбатлашишгач, уларни «яраштириб» маҳалладагилар ортга қайтишди.

Кечқурун ишдан қайтиб, кўпиртирилган воқеани эшитган Тўланбой хотинини ўласи қилиб калтаклади. 

Бу ҳодисадан сўнг Несибали қаттиқ депрессияга тушиб қолди, ҳаёт билан видолашишга қарор қилди... Шу пайт уйга қайтган Зулейҳа Несибелини чақириб, уни топа олмагач, келинини қарғаганича негадир безовта маъраётган сигирдан хабар олиш учун молхонага кириб, даҳшатдан чинқириб юборди...

...«Тез ёрдам» келди. Яхшиямки, жувон ҳам, унинг қорнидаги бола ҳам омон қолди.

Лекин афсуски, келинчак касалхонада даволаниб чиққанидан кейин ҳам рўшнолик кўрмади. Навбатдаги можародан сўнг маҳалла фаоли Озода опа Несибелини Сайра Насирова раҳбарлик қилаётган аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига олиб келди...

Бу «Зўровонликка йўл йўқ»лойиҳаси атрофида бўлаётган шу бугунги воқеалардан бири. Савол туғилади: агар жабрдийда аёлни маҳалла фаоли бу сафар ҳам яраштирибгина кетганида биринчи бор содир этилган мудҳиш хато қайтарилмаслигига ким кафолат беради?.. Аксарият ҳолларда ўз жонига суиқасд қилиш, боланинг нотинч оиладан кўчага чиқиб кетиши ёки руҳий саломатлиги ёмонлашган келин қайнонасига ёки турмуш ўртоғининг жонига суиқасд қилиши, баъзи ҳолларда келиннинг зўровонлик қурбони бўлиши айнан маҳалла фаолларининг қайта-қайта яраштирувидан кейин содир бўлади. Чунки бундай пайтда пичоқ бориб суякка қадалади. Осмон йироқлашади, ер қаттиқлашади. Зўровонликка учраган жабрдийда биладики уни ҳеч ким эшитмайди, на ота-онаси, на маҳалла кўй...

Бўлмаганга бўлишманг!

Куни кеча Қашқадарё вилояти ҳокими в.б Муроджон Азимов «оилавий ажримларга қаршимиз» деган компания бошланганини эълон қилди.

«Янги йил якунида ажримлар содир этилмаган ҳар бир маҳалла раисига, маҳаллий бюджетлардан 5 млн сўмдан 10 млн сўмгача мукофот пули беришни йўлга қўйсак, депутатларимиз бунга қарши бўлишмаса, ажримлар кузатилмаган маҳаллалар раисларини юртимиздаги энг яхши санаторияларга ҳам юборамиз», — деди Қашқадарё вилоят ҳокими.

Ана энди усиз ҳам маҳалламизда ажралишлар йўқ, дея кўкрагига уриб мақтанадиган маҳалла раислари росманасига оилаларни ажраштирмаслик учун оёқ тираб турмаслиги мумкин эмас. Нотинч, кунига аёлига қўл кўтарадиган, ичиб жанжал қиладиган, унга қўшимча равишда учинчи шахсларнинг аралашуви ортидан зулм ва хўрлик кўриб келаётган аёл бу оиладан, бу МАҲАЛЛАДАН ё қочиб қутулади, ё ўлиб... Муроджон Азимовнинг бу таклифи ижтимоий тармоқ фаолларининг қаршиликларига сабаб бўлмоқда. Уларнинг аксарият изоҳларига эътибор берадиган бўлсак «Жанжал етишмовчиликдан келиб чиқади, ўша пулни етишмовчилик сабаб жар ёқасида турган оилаларга беринглар, шунда улар ажрашмайди» қабилида. Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса шундай изоҳ қолдирибди: «Маҳалла раисларига санаторий ва пул нимага керак. Яхшиси бу пулларни намунали, ўрнак оилаларга беринглар...»

Жорий йилнинг 17 июнь куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Тошкент шаҳар бўлимида гендер сиёсати бўйича давра суҳбати бўлиб ўтганди.

Тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев маҳаллаларда нуронийлар билан биргаликда иш олиб бориш кераклиги ҳақида ўз таклифларини билдираркан «Томошабин  бўлиб турганимиз учун бугун аёлларга нисбатан шундай ҳолатлар юз беряпти. Зўравонликка учраганда уларга ёрдам қўлини чўзадиган, бошпана берадиган инсонлар ҳам йўқ эмас. Лекин энг охирги нуқтага келганда аралашишимиз бироз нотўғри. Худди ажримда судга бергандан кейин уларни яраштириш деярли имконсиздай. Бунинг ечими битта – эркакларни тарбиялаш керак. Маҳалла раислари зўравонликка учраб, кўчага ҳайдалган аёлларни уйига қайтариб киритишни ечим деб қабул қилиш бу нотўғри. Баъзида аёлни ўша уйга киритиб қўйиш уни олиб чиқиб кетишдан ҳам хавфли бўлиб қолади. Маҳаллаларда ажримлар кўрсаткичини кўпайтирмаслик учун шундай қилинади...»

Энг ачинарлиси, ажратилмаган, мажбуран яшатилаётган оилада ўсаётган болаларнинг руҳияти бузилади, ҳаёти дўзахга айланади. «Зўровонликка йўл йўқ» лойиҳаси орқали ўрганилган яна бир аёлнинг тақдирига эътибор қаратинг.

Жаҳаннамдан қочган қиз                                       

Ирода (исмлар ўзгартирилган) мактабда аълочи қизлардан эди. Аммо охирги пайтларда ўқитувчилари унда салбий ўзгаришларни кузата бошлашди: қизнинг ўқишга нисбатан иштиёқи сўниб борар, дарсларга қатнашиши ҳам олдингидек тўлиқ эмасди. Иродага нима бўлаётганини билиш мақсадида устозлари унинг ота-онасини бу ҳолдан огоҳлантиришди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Чунки Ирода ўсиб-улғаяётган оилада носоғлом муҳит ҳукм сурар, хонадон доим нотинч эди.

Қизнинг отаси кунда кунора ичиб, маст-аласт ҳолда уйга келар, остонадан ҳатлаб ўтар ўтмас жанжал-суронни бошлар, унинг истиқболига ошиқиб, қўлтиғидан олиб ёрдамлашмоқчи бўлган хотини ҳар гал калтаклар остида қоларди. Сўнгги йилларда сурункали равишда рўй бераётган бу тинимсиз можаролар оиланинг барча аъзоларини, айниқса онани ниҳоятда асабий қилиб қўйди. Онаси арзимаган сабаблар туфайли гарчи ҳеч қанақа айби бўлмаса ҳам, бор аламини Иродадан олишга уринар, уни тергаб, ҳатто қўл кўтарарди ҳам... Тарки одат амри маҳол, ўша куни ҳам отаси одатдагидек яна ичиб келди. Аллақачон қоронғу тушиб, алламаҳал бўлган чоғда ичкаридан беркитилган ҳовли дарвозасини мушти билан тарақлатиб урар экан, эшикнинг тамбалаб қўйилгани унинг ғазабини бадтар қўзғатарди.

Бу тўполондан чўчиб уйғониб кетган Иродага онаси Улбўсин «сен ухлайвер» деди-да, ўзи апил-тапил эгнига халатини илиб, ҳовлига отилди. Эрининг ширакайф овозини эшитиб, оёқ-қўли бирдан бўшашди, бошига келиб тушадиган мушт зарбини олдиндан сезгандек, миясига кучли оғриқ кирди.

Зўрға оёқда турган Одил дарвозани очиши билан Улбўсиннинг юзига мушт туширди. Онасининг дод солиб йиғлаб бақиргани, орқасидан отасининг қаттиқ сўкинган овозини эшитиб, Ирода бошини ёстиқ остига яширди. Аммо ҳовлидаги йиғи-сиғи ва тинимсиз сўкинишлар, калтак зарбидан онасининг додлашлари авжига чиққан сари, ёстиқ ҳам ёрдам бермай қўйди.

Қиз овозларини чиқаролмай унсиз йиғлаётган укаларига «сизлар уйдан чиқманглар» деди-да, ташқарига отилди. Ҳовлининг ўртасида онаси узала тушиб ерда ётар, отаси уни дуч келган жойига аёвсиз тепарди. Ирода югуриб бориб, отасини итариб юборди. Буни кутмаган Одил гандираклаб, орқаси билан ерга ўтириб қолди. Фурсатдан фойдаланиб, Ирода онасини суяб ўрнидан турғизди ва улар ҳовлидан қочиб чиқишди. Шу кеча она-бола қўшнилариникида тунаб, тонг саҳарда уйларига қайтиб чиқишди. Ота ҳовлидаги сўрида ухлаб ётарди. Онаси болаларидан хабар олгани инқиллаганича уйга кириб кетди. Ирода хуррак отаётган отасига нафрат билан қараб туриб қолди.

Уй ичидан онасининг бақирган овози унинг хаёлларини тўзғитиб юборди:

— Қаққайиб тургунча бор, сигирни соғ, ем-хашагини бер. Аҳволимни кўрмаяпсанми? Эй худо, жонимга тегдинг ҳамманг, ўлсам қутиламанми, бу азоблардан?

Ирода онасининг дийдиёларини эшитиб, шоша-пиша ошхонадан челакни олиб, оғил томон юрди. Сигирни соғиб, олдига хашак ташлагач, челакни кўтариб, оғилхонадан чиқди. Бу орадан онаси ошхонада нонушта тайёрлаш билан овора эди. Оғилхонадан чиққан Иродани кўриб, калтак зарбидан баданида турган оғриққа чидай олмай, яна қизига заҳрини сочди  — «тезроқ кел, мунча шалпаясан!»

Бадтар талвасага тушган Ирода сут тўла челакни кўтариб, ошхона томон шошганича бораётганида, қоқилиб кетиб, сут тўкиб юборди. Буни кўрган онаси югуриб келиб, қарғанганича Иродани аямасдан ура кетди.

Амаллаб онасининг қўлидан қутилган қиз, икки кўзи жиққа ёш, югуриб кўчага чиқди, боши оққан томонга кетаркан, миясида фақатгина «мен ўлсам ҳаммасидан қутиламан, ота-онам эса қилган ишларидан пушаймон бўлишади» деган биргина фикр чарх урарди.

Қизкетген (Дўстлик) каналига етиб келганида, атрофда ҳеч ким кўринмасди. Қиз бирпас мавжланиб оқаётган сувга қараб турдида, кўзини чирт юмиб, кўприкдан ўзини каналга ташлади. Усти сокин кўринган сув оқимининг таги анча кучли эди, бир зумда қизни ўз домига тортиб кетди. Ирода фақат шундагина ҳали ҳаётга тўймаганини, яшаш барибир нақадар яхшилигини оний лаҳзаларда кўнглидан ўтказди. Бор кучи билан юқорига интилиб, сув юзига чиқиши билан ёрдамга чақирди. Аммо қуйи оқим яна уни ўз домига тортди, оғиз-бурни сувга тўлиб, нафас ола олмай қолди. Кўз олди қоронғилашди. Ирода кўзини очганида, устига энгашиб турган Миллий гвардия формасидаги йигитни кўрди:

— Синглим, одамнинг юрагини ёрдинг-ку, исминг нима? Каналга қандай тушиб кетдинг? — деди йигит кулимсираб.

Анча ўзига келиб қолган Ирода уйига боришдан қатъиян бош торгач, уни қутқариб қолган Миллий гвардия ходимлари Иродани Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келишди.

Мазкур воқеа яхшилик билан тугади, аммо бунинг акси ҳам бўлиши, эндигина балоғат ёшига қадам қўяётган қиз ҳаётдан кўз юмиши мумкин эди... 

Зўравонликка яраштириш орқали барҳам бериб бўлмайди

«Зўравонликка йўл йўқ», «Сукут сақлама» каби лойиҳалар бугун ана шундай тақдир эгаларининг ҳаётларини ёритиб боришмоқда. Уларнинг аксарияти оила ярашгач, яраштирилгач, ота-она томонидан аёл яна эрининг олдига қайтариб юборилгач қаттиқ тушкунликка тушган аёлларнинг ҳаёти ҳақида...

Демак, яраштириш, тушунтириш ишлари ҳар доим ҳам яхши натижа бермайди. Фақатгина бу маҳаллада бирорта оила ажрашмади деган ҳисоботларгина маҳалла-кўйнинг обрўсига обрў қўшиши мумкин.  Лекин уларнинг мана шу ҳисоботлари учун қанча жабрдийдалар мум тишлаб яшаши ёки қурбонликлар берилиши керак.

2020 йилда 900 нафардан ортиқ аёл ўз жонига қасд қилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази сабабларини ўрганганида, бундай нохуш ҳолатларга кўп ҳолларда аёлларнинг турмуш ўртоғи ёки қайнонаси билан келишмаётгани сабаб бўлган.  Наҳотки маҳалла ўша оиладаги муттасил жанжалларни, зўравонликларни билмаган. Билган ва энг ачинарлиси уларни яраштириб қўйиш билангина кифояланган. Балки маҳалла аралашуви, психолог ва мутхассисларнинг ҳатти-ҳаракатлари билан сақлаб қолинган, изига тушиб кетган оилалар бордир — бу бошқа масала, лекин букурни гўр тузатади деганларидек, зўравонликка мойиллиги бор одамнинг тузалиши қийин.

Йиллар давомида уруш-жанжал бўлиб келган оилани яраштириб ва яшатишдан маъно йўқ. Зўравонликка чидаш ва уни яшириш керак эмас! Зўравонликка болалар учун, кўчада қолмаслик учун, ажримлар сонини яшириш учун чидаш керак эмас.

Ҳоким бовага айтар гапимиз эса «Сукут сақлама» ва «Зўравонликка йўл йўқ» лойиҳалари орқали ёритиб борилаётган оилалар тақдирини кузатиб боринг. Ана ўшанда маҳаллаларнинг «бизнинг маҳаллада ажримлар йўқ», дея кўксига уриб фахрланиши ютуғимиз эмас, фожиамиз эканлигини англаб етасиз. Ахир сиз бу таклифингиз билан ўзингиз билмаган ҳолда зўравонликларнинг очиқланмаслигига ҳисса қўшиб қўйишингиз мумкин. «Бировнинг оиласи қоронғи ўрмон», деганларидек бу ўрмонда қанчадан-қанча ваҳшийликлар оддий рақамлар ортига бекитилаётганини англаб етарсиз балки... Зеро, яраштириш ечим эмас, ажрим ҳам фожиа эмас, лоақал пичоқ суякка қадалган оилаларда қотиллик бўлмаслигининг олди олинади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг