Яна қўлқоп машмашаси...
Бозор сотувчиларининг латтали қўлқоп кийиб савдо қилишини тушуниш мумкин. Қўлнинг терисини асраш, айниқса, сабзавот сотаётганда дағаллашмаслиги учун латтали қўлқоп кийиш тўғри бўлади. Бунда унинг турли микробларни ўлдириши ёки ўзида ташимаслиги эътиборга олинмайди, шунчаки қўл терисини дағаллашиш ва қорайишидан асрайди. Аммо тиббий резинадан қўлқоп кийиб савдо қилишларини сира тушунмасдим.
Ана энди аҳоли ҳам автобусга қўлқоп тақиб чиқиш керак экан. Айтайлик, қўлингизга қўлқоп кийгансиз, пулни ушлаб чиптачига бердингиз. Қўлқопда вирус турибди, қўлқоп кийган бир неча кишининг пулини ушлаган чиптачининг қайтим ва чиптасида ҳам вирус. Ўша вирус сизнинг қўлқопингизга ҳам ўрнашди пул ва чипта орқали. Қўлқопингиздаги вирус билан сумкангизни очдингиз ёки телефонингизни ушладингиз.
Чиптачи қўлқоп кийган қўли билан автобус ўриндиқларини ушлади, сиз ва бошқалар ҳам уни ушлади. Яна қўлқопда вирус. Хўп, бу билан нимага эришамиз? Агар биз тақмоқчи бўлган қўлқопларнинг вирусни ўлдирадиган хусусияти бўлганда эди... тушунса бўларди.
Агар ҳамма қўлқоп кийгани учун вирус фақат қўлқопда қолиб ушлаган нарсаларимиз зарарсизлантирилса, бу бошқа гап... Аммо фақатгина қўлқопнинг ичидаги қўлни вирусдан сақлаш керак бўладиган бўлса, бунда мантиқ борми?
Мақсад фақат ҳар бир одам ўзининг қўлини вирусдан сақлаши лозим бўлса, тез-тез совунлаб ювиш ёки антисептикдан фойдаланиб юриш қулайроқ эмасми? Қолаверса, қўлқопни ечгач барибир қўлларни совунлаб ювамизку. Ёки қўлқоп кийдим деб қўлни ювмасдан овқатланаверамизми?
Яна бир гап: ўзи шундоқ ҳам чиқиндига тўлиб бораётган экологияни ҳар жойга ташланаётган саноқсиз ниқоблар бузаётган эди, энди буларнинг ёнига юз йилда ҳам чиримайдиган резина қўлқоплар ҳам қўшиладими?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter