Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Тиббий суғурта жамғармаси яшаш учун имкон берди»

«Тиббий суғурта жамғармаси яшаш учун имкон берди»

— «Отамни Ҳиндистонда даволатишим керак», «Фарзандимга буйрак кўчириб ўтказиш учун фалон сўм пул керак», дея ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраб, пост қўядиганларни топиб, Давлат тиббий суғуртаси жамғармасини тавсия қиламан. Аҳолида ҳуқуқий ва тиббий маданият етарли эмас, янгиликларни кузатишмайди, — деди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси матбуот котиби Сайёра Шоева. — Бугунги иккита ихтисослаштирилган, яъни академик В.Воҳидов номидаги хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига уюштирилган пресс-турдан мақсад ҳам аҳолини кўпроқ маълумотга эга қилиш ва ўз имтиёзларидан фойдаланишга чақиришдир.

Тиббий суғурта қандай жамғарма?

Бу жамғарманинг ташкил топганига бир йилдан ошганига қарамай, ҳамон кўпчиликнинг хабари йўқ. Яъни, бу ҳақда 2021 йил 28 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мавжуд. Қарорга мувофиқ, электрон ахборот тизими асосида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) томонидан уларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини стандартлар асосида баҳолаш, ажратилган маблағлар самарадорлигини назорат қилиш тизими жорий қилинган. Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, энди ордерни йиллаб кутишга ва таниш-билиш қилишга ҳожат йўқ. Ҳаммаси электрон тартибда: ажратилган маблағ ҳам, яқинлашган навбат ҳам. Суғурталаш тизимида ҳар бир фуқаронинг саломатлиги давлат ҳисобидан суғурталанади. Бунда аҳоли пул тўламайди ва давлат тиббий хизматни бепул кафолатлайди, яъни тиббий хизмат харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Шу боис аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами янада ошади. Касалликларни эрта аниқлаш натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имкони пайдо бўлади. Қолаверса, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, дори-дармон билан таъминланиши сезиларли даражада яхшиланади, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши босқичма-босқич ошириб борилади.

Жамғарма билан 26 та республика даражасидаги тиббиёт муассасаси, 52 та ҳудудий шифохона ва 28 та нодавлат тиббиёт ташкилоти шартнома тузган.

Ушбу даво масканларида шахсларга кўрсатилган юқори технологик тиббий ёрдам харажатлари Жамғарма томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Бу дегани имконсиз ва умидсиз қолаётган беморлар учун Жамғарма билан шартнома тузган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотлари орасидан ўзига қулай бўлганини танлаш ва зарур тиббий ёрдамни бепул олиш имконияти яратилди ва умид берилди дегани. Ўзига қулай дегани бемор хоҳласа давлат тиббиёт ташкилоти, хоҳласа нодавлат хусусий клиникаларни танлаш имкониятига эга.

Яқин-яқингача биз текин жарроҳлик амалиёти ҳақида эшитганмидик? Йўқ. Қисқа вақт ичида жамғарма, яъни жорий йилнинг 10 ойи давомида ўша ҳаммамизга маълум ва машҳур академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида йўлланма асосида 2 минг 523 нафар имтиёзли тоифага кирувчи шахслар даволанди ва 42 миллиард сўм миқдоридаги даволаш харажатлари Жамғарма томонидан қоплаб берилди. Шунингдек, марказда зарур ҳолларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган, яъни харажатлар кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ Жамғарма томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Зоҳиджон Маткаримов, трансплантолог, жарроҳ: — Беморлар аввал олти ой, бир йилгача ордерни кутган бўлса, ҳозир электрон ариза ёзиш орқали бир ҳафтада йўлланмага эга бўлишмоқда. Биз уларнинг ҳужжатларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига йўналтирамиз ва улар ажратган маблағ асосида беморлар барча хизмат турларидан фойдаланган ҳолда даволанишади.

Хуршида Бекқулова, Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани 32 ёш: — 2019 йилда менга жигар циррози ташхиси қўйилди. Аҳволим тобора оғирлашса-да, қизилўнгачимдан қон келса-да, имконсиз эдим. Кейин мени поликлиниканинг оилавий шифокори мана шу ерга йўллади. Ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси барча харажатларни тўлаб берди. Менга аммамнинг жигари тўғри келди ва жигарининг бир бўлагини менга берди, ҳозирда уларнинг аҳволи яхши. Бу йил май ойида операция бўлганман. Аввалгидек қизилўнгачимдан қон келишлар бўлмади.

Ҳозир қайта кўрикка ҳам акция доирасида келдим, яъни қайта кўрик ҳам текин. Операциянинг эртасигаёқ юра бошладим. Операциядан олдин тушкун ҳолатда эдим, икки нафар фарзандим бор. Агар бу ерда бепул операция қилишмаса, мен чет элга бормоқчи эдим, аммо унга менда на маблағ ва на имкон йўқ эди. 

Гулнора Эшниёзова, Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани: — 17 ёшли бир ўғлимни 2018 йил мана шу касаллик туфайли йўқотганман. Бу иккинчи ўғлим — Асадбек Қодирберганов, ҳозир 18 ёшда, унда ҳам ўша ташхис — жигар циррози. Ҳиндистонга кетмоқчи бўлиб, аммо унга маблағни (эшитишимизчи 15 минг доллар керак бўларкан) қаердан топишни билмай бошимиз қотиб турганида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мана шундай жамғарма борлигини ва барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилишини айтишди. Ўғлимга амакиваччаси донор бўлди. Бу ердан чиққанимиздан сўнг ҳали анча пайтгача болани эҳтиёт қилишимиз керак.

— Яъни, болангизни эҳтиёт қилишингиз ва парҳез сақлашингиз керак бўлади.

— Бизда газ йўқ, ўтин ёқамиз, болам тутунли ҳаводан нафас олиши мумкин эмас. Бир амаллаймиз энди. Электр плита қўйиб туриш учун эса чироққа ишонч йўқ, тез-тез ўчади...

Ҳа, онаизоринг бизга текин операция қилди дея суюнгани бир тараф, қишлоқлардаги абадий муаммолардан бири газ светнинг бемори бор уйларга қанчалик муҳимлиги яна бир тараф...

Ирода Эшмаҳматова, Қашқадарё, Ғузор, 12 ёш: — Менга буйрак кўчириб ўтказишди. Мен ҳар уч кунда диализ олардим, уни олгач баъзида оғирлашиб қолардим. Мана шу ерда операция қилишгач, диализдан қутулдим.

— Мен шу қизчанинг бувисиман, битта буйрагимни неварамга бердим — донорман, аҳволим жуда яхши, операция уч соат ўтди, — дея неварасининг гапини тасдиқлади Зумрад опа. — Ёшим 55 да. Кўпчилик донор бўлишимга қаршилик кўрсатди, ёшинг каттариб қолган, қийналасан дейишди, ҳатто ўзимнинг 76 ёшли онам (онада барибир — боласига ичи ачийди) менга ўйлаб кўр, дедилар. Лекин ҳеч ким қароримдан қайтара олмади. Неварагинам мен учун ҳам яшаши керак, деган қарорга келдим. Қизимники, яъни онасининг буйраги ташхис натижаларига кўра тўғри келмади. Мана ҳаммаси муваффақиятли чиқди, иккаламиз ҳам ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз.

— Хўш, Давлат тиббий суғуртасида аҳолининг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор?

— Аҳоли кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам олиш, яъни шифокор қабули, ихтисослашган мутахассислар билан маслаҳатлашиш, скрининг текширувларидан ўтиш, станционарларда даволаниш ҳуқуқига эга. Бу жараёнда беморнинг мажбурияти битта, у ҳам бўлса, энг биринчи оилавий шифокорга мурожаат қилиш ва у билан маслаҳатлашиш.

Давлат тиббий суғуртасининг энг асосий талабларидан бири — энг аввало, ҳар бир инсон ўз ҳудудидаги оилавий шифохонага бириктирилган бўлиши керак. Фуқаро оилавий шифохона эшигидан кириши билан уни рўйхатга олиш, шифокорга кириши, таҳлиллардан ўтиши назоратга олинади. Кафолатланган тиббий хизматлар текин амалга оширилади.

— Бизга яна бир савол қизиқ Давлат тиббий суғуртаси бошқа ҳудудларда, шунингдек, нодавлати тиббиёт муассасаларида қачондан жорий этилади?

— Давлат тиббий суғуртаси механизмлари уч босқичда амалга оширилади. Ҳозирда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча тиббиёт муассасаларида, 2023 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларида, 2025 йилда эса юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Жорий йилнинг апрель-май ойларидан нодавлат тиббиёт муассасалари билан ҳам шартномалар тузиш бошланди, — дея йўл-йўлакай маълумот бериб ўтади матбуот котиби Сайёра Шоева. — Яна бир муҳим жиҳат, бунда имтиёзли тоифага кирувчи бемор электрон ахборот тизими орқали навбатга қўйилади. Ушбу йўлланма асосида Жамғарма билан шартнома тузган тиббиёт муассасасида беморга бепул юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Сўнгра тиббиёт муассасаси даволанган беморга базавий нарх доирасида сарфланган барча харажатлар (тиббий хизмат, дори воситалари, тиббий буюм ва сарфлов материаллари, озиқ-овқат, бемор даволанган ўрин-кунлари сони ва бошқалар) акс этган далолатнома тузади. Мазкур ҳисоб-фактура бемор даволаниб чиққан кундан кейин 5 иш куни ичида Жамғармага қоғоз шаклда ёки электрон дастур орқали юборилади. Жамғарма бажарилган ишлар далолатномаси ҳамда ҳисоб-фактура асосида тўловларни 10 иш куни ичида амалга оширади.

— Хўш, имтиёзли тоифалар кимлар, яъни ушбу жамғарма маблағларидан кимлар фойдалана олади?

— Фактларга эътибор қаратамиз — ҳозирга қадар даволанган беморларнинг 51 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар, 26 фоизини 18 дан 60 ёшгача, 23 фоизини эса нафақа ёшидагилар ташкил этди. Яъни, 18 ёшгача бўлган болалар, 1-2-гуруҳ ногиронлари, афғонда хизмат қилган уруш қатнашчилари, сурункали касалликлар билан рўйхатда турганлар, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб эътироф этилган оилаларнинг аъзоларига ёрдам кўрсатилади.

Биз мана шу маълумотларга эга бўлиш асносида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий марказига йўл олдик.

Майрам Қулматова, Бухоро вилояти, Пешку тумани: — Икки оёғимда суяк емирилиши ташхиси билан қўлтиқтаёқда келганман. Биринчи босқич — операция ўтди, кейинчалик яна битта оёғимни операция қилишади. Поликлиника орқали давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳақида билдим. Ҳозир бепул операция қилиб беришмаганида ҳалиям қўлиқтаёқда юрган бўлардим. Менга ҳар бир оёқни операция қилиш 35-40 млн. сўм атрофида дейишганди. Биз турмуш ўртоғим билан иккинчи гуруҳ ногиронимиз, бунча пулни қаердан ҳам топа олардик?

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий марказида жорий йилнинг январь-октябрь ойларида қарийб 47 минг нафар беморга бепул тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан 1400 нафар бемор имтиёзли тоифага мансуб бўлиб, уларга кўрсатилган юқори технологик тиббий хизматлар учун Жамғарма томонидан 33 миллиард сўм тўлаб берилди.

Зоир Ғоипов, жароҳат асоратлари бўлими шифокори: — Шу пайтгача кўпгина мураккаб операциялар тиббий суғуртаси орқали амалга оширилди. Тошкент вилоятида бир ой давомида саломатлик акцияси доираси 59 ёшли беморимиз Ҳадиятуллоҳ Ҳакимов рўйхатга киритилганди. Жамғарма томонидан электрон йўлланма орқали жами 80-90 млн. сўм тўлаб берилди ва бепул жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Бу беморимиз нафақада, нафақадаги инсон шунча пулни ўзи топа олармиди? Бу операциялар чет элда жуда қиммат. Мисол учун яқинда бир жарроҳлик амалиёти ўтказдик. Америкада келган жарроҳларнинг айтишича, шу операция хорижда 70-80 минг доллар тураркан. Яна ҳиндистонлик, туркиялик мутахассислар ўша операцияни ўзларида 30-40 минг доллар дейишмоқда. Бухоролик бир мижозимизга Ҳиндистонда суяк билан боғлиқ операция 40 минг доллар деб баҳоланган экан. Биз ўша беморни шу ерда текин даволадик, чет элга кетмади. Андижоннинг Пахтаобод туманидан 21 ёшли бемор қизимиз чап сон суяги туғма юқори чиқиши ташхиси билан мурожаат қилганди, яъни бир оёғи иккинчисидан етти сантиметр калта. Тиббий суғурта жамғармаси орқали операция қилинди ва икки оёғи тенглаштирилди. Аввал унинг дугоналари бўлмаган, ҳозир у қиз талаба, унинг дугоналари кўп. Эртага онаси бизни тўйга айтишга келяпти...

Ушбу пресс-турдан қайтганимдан сўнг ижтимоий тармоқларда шу каби операциялар учун маблағ тополмаётган ҳамюртларимизга давлат тиббий суғуртма жамғармасини таклиф қилдим. Ҳар ҳолда «операциялар қиммат, маблағ йўқ», дея умидсизликка тушаётган беморларга ишонч билан тавсия қила оладиган яна бир ташкилот борлигидан хурсандмиз. Чунки биз ана шундай хайрли ишларга гувоҳмиз — ҳаётга қайтадан умиди уйғонган беморларни ўз кўзимиз билан кўрдик, гаплашдик, уларнинг қувончига шерик бўлдик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг