Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маиший кимё она қорнидаги боланинг миясига таъсир қилади — тадқиқот

Маиший кимё она қорнидаги боланинг миясига таъсир қилади — тадқиқот

Иллюстратив фото

АҚШнинг Эмори, Шимолий Каролина ва Колумбия университетлари олимлари ҳамкорликда ўтказган ўрганишларда фталатларнинг ҳомиладор аёлларга салбий таъсири аниқланди. Тадқиқот Nature Communications (NatComms) илмий журналида эълон қилинди.

Салбий таъсир она қорнидаги боланинг мияси ривожланишида ўзгаришларга ва метаболизмнинг бузилишига олиб келади.

Олимлар 420 жуфт она-бола маълумотларини таҳлил қилишди. Асосий топилмалар нейротрансмиттер синтезидаги бузилишлардан иборат: фталатлар даражаси юқори бўлган ҳомиладор аёлларда бола мияси ривожланишида муҳим ўрин тутувчи бирикмалар — тирозин ва триптофан етишмаслиги қайд этилди.

Бунинг оқибатида янги туғилган чақалоқларда ахборотни ишлаш ва диққатни жамлай олмаслик кўрсаткичлари пасайган. Бундан ташқари, метаболик ўзгаришлар бир умр нейроривожланишга таъсир қилиши мумкин.

Фталатлар озиқ-овқат маҳсулотларининг пластмасса қадоқларида, косметика (шампун ва тирноқ локи), маиший кимё (пластмасса буюмлар ва ювиш воситалари кабилар) ва тиббиёт маҳсулотлари таркибида мавжуд.

Экспертлар ҳомиладор аёлларга «3», «6» ва «7» маркировкали пластик идишлар (контейнерлар)ни ишлатмаслик, озиқ-овқатни шиша идишларда сақлаш, фталатсиз косметикадан фойдаланишни тавсия қилишмоқда. Айниқса, ҳомиладорликнинг дастлабки триместри (1–12 ҳафталар)да бу чораларга амал қилиш ўта муҳим.

Олимлар тадқиқот иштирокчиларини кузатишда давом этиб, бошқа оқибатларни ҳам ўрганишмоқда. Натижалар фталатлардан истеъмол маҳсулотларида фойдаланиш меъёрларини қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг