Шаҳарлик қиз туя соғишни қандай ўрганди? (видео)
—Болалигимда бувимникига меҳмонга борадиган бўлсам дастлаб хўроз, товуқларини, мол-ҳолларини кўриб кейин уйига ўтардим, балки менда ҳайвон боқишга қизиқиш ўшанда туғилгандир, — дейди Янги йўл тумани Мингбулоқ МФЙда яшовчи туячи фермернинг турмуш ўртоғи 25 ёшли Мафтуна Акбарова. —Балоғатга етиб турмушга чиқиш асносида танлов қилишим керак бўлганида менга уйланадиган одам фермер бўлишини, ҳатто туя соғишни орзу қилганимни айтсам ишонмайсизлар...
Янгийўл шаҳрида «дом» да ўсган Мафтуна Акбарова ўша ниятига етди, ҳозир туя соғади, сигир, қўй қўзилари бор.
—Тасаввур қилинг мендек «оқбилак» хонимнинг мол-қўйларга қарашини, туя соғишини, ҳатто қимронни ҳам бип-бинойидай қилишини, — дейди у. — Бошида ҳайбатли кўринади. Булар эгасини танийди, соғдиришдан олдин ҳидлаб кўради. Буларни ўргатиш учун меҳр берасиз, турли егуликлар билан сийлайсиз.
Мафтунанинг ҳовлисида айни пайтда 10 дан ортиқ туя бор, 5 нафар туя боласи бор.
—Туя боласи туғилганданоқ юриб кетмайди, беш кунчалар фақат ётади. Ётганда ҳам атрофига пресс билан ўраб қўямиз. Бўлмаса у бошини ерга уриб ўлиб қолиши мумкин, жуда инжиқ бўлади унинг боласи, — дейди Мафтуна. — Кейин она туялар жуда боласига меҳрибон бўлади. Агар боласи ўлиб қолса бошқа болани эмдирмайди, қирқ кун ўкириб боласига аза тутади.
Мафтунанинг айтишича туя сути ва қимрон жуда кўп касалликларга шифо эмиш.
—Қишда жуда ишимиз кўпаяди. Туялар туғади, унинг болаларидан хабар олишингиз керак, шунда қимронни ичиб тетик юравераман.
—Қимрон қандай тайёрланади?
— Молнинг бир парча қорнини бир ҳафта қатиққа ивитасиз, кейин анча турган сутга соласиз ёнига ширини бўлмаган майиз, гуруч қўшасиз. Қимрон иммунитетни оширади, худди кофедек тетик қилиб уйқуни қочиради. Кўпчилик ҳомиладор аёл туя сути ичса ёки туянинг гўштини еса туғиш муддатидан ўтиб кетади дейишади. Бўлмаган гап, мен уч ўғлимда ҳам сутини ичиб, гўштини еганман. Вақти соатида дунёга келган ўғилларим. Кейин кўпчилик туя жунини фойдали дейишади. Аммо у жуда қаттиқ бўлади. Ўзим туя жунидан нимча тўққиттирганман, инсон танасига яхшигина санчилади...
Айтганча уларнинг юздан ортиқ туялари бўлиб турли жойларда боқилади. Унинг айтишича, яқин орада Мўйноқдан ҳам ер ажратилиши, туячиликни янада ривожлантириши ҳам мумкин экан.
Ҳовлисида ўзлари учун катта қўчқор боқилган, сал нарироқда эчки болачаси онасини эмаяпти, яна шу орада жўжаларини эргаштириб она товуқ ўтиб қолди.
Қисқаси Мафтунанинг хонадонида барча ҳайвон бор экан.
—Уйга битта иккита кеп қолади, ўзидан ўзи кўпайиб ётвуради кейин, —дейди Мафтуна.
—Ҳақиқий фермернинг хотинида, — деб кулишади қолган ҳамроҳларимиз. Уйига бир пиёлда чой ичишга таклиф қилади фермернинг хотини.
Биз ёш болалари билан уннаб қўймасмиканмиз, деган истиҳола билан меҳмонхонага кирамиз.
Шаҳарникидан қолишмайдиган шароит... Дастурхон тўла ноз-неъмат.
—Вой биз учун шунча оворагарчиликми?, —дейди ҳамроҳлардан бири.
—Йўғе, мен сизларнинг келишларингизни билганим йўқ. Келди-кетди кўп, дастурхоним ҳар доим шундай ясатилган туриши керак, —дейди Мафтуна.
Чой устида Мафтунани саволларга кўмаман.
—Турмуш ўртоғим асли қашқадраёлик.
Бир куни менга «кел Мафтуна ота-боболаримиз қилган ишни қиламиз. Янгийўлда туя йўқ экан, туя олиб боқамиз» деди. Аввалига иккитагина туя олдик. Туя боқиш қондан ўтган турмуш ўртоғимга. Боболарининг минглаб туялари бўлган. Фарзандлари кўп бўлгани учун ҳаммасини бўлиб берган. Қайнатамга келганда туячилик тўхтаган экан. Мана энди невараси бобосининг касбини давом эттираяпти...
Кетиш чоғимизда йўлнинг бу томонида сигирлар фермасига кўзимиз тушди. Бунинг ҳам эгаси Мафтунанинг турмуш ўртоғи экан. Фермернинг айтишича 37 нафар ишчига ойлик тўларкан, 2 ярим 3 миллионгача. Ётоқ жой, ош-овқат ферма ҳисобидан.
—Қозонимиз битта, — дейди кетар чоғимиз учрашишга муяссар бўлганимиз фермер. — 12 хонали ётоқ жой бор, ҳув ана акфа деразали уйлар ишчиларимизники — душ, ошхона, барча шароитлар мавжуд.
Бу ерларга оператор билан келиш керак эканда, деган гап хаёлимдан ўтиб турганида Янгийўл тумани ҳокимлиги ахборот хизмати матбуот ходими Райҳон куни кеча тасвирга туширган лавҳасидан фойдаланишим мумкинлигини айтиб қолди...
Бу видео лавҳа эса фермер аёлининг ҳаёти, фермада ишлаётган аёлларнинг яшаш тарзи ҳақида янада яққолроқ тасаввурга эга бўлишингиз учун айни муддао бўлганлиги шубҳасиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter