Нега ўзингизни кечиролмаяпсиз, ҳамкасб?
Журналист Мақсуд Жонихоновга
«Facebook» тармоғидаги саҳифангизда ёзганларингиз ўқидим. Ўҳ, жумлалар қатидаги изтироблар, аламлар...
«Фақат танқидий мақола берсанг, одамларнинг муаммосини газетага олиб чиқсанг, ўқувчинг кўпаяди, обунанг яхшиланади, деган гапга ишонганим учун;
йўқ нарсани бор, деб, фақат мақташ билан овора, елкалари қарсак чалиб титраб кетадиган мадҳия мақолаларни кўпроқ берсанг, газетангга эътибор қаратишади, деган гапга кулганим учун;
қовоқ тумшуғидан от ҳуркадиган, халқ билан мулоқотниям сценарий орқали саҳналаштираётган, ўта маккор айрим ҳокимларнинг олдида обуна деб сарғайганим учун;
янги замон келди, ким сиёсатга дўст бўлса, танқид ёзади, камчиликни айтади, дейишса шерлангани;,
аммо бу гапга мийиғида кулиб, билганича яшаётганларни кўрганда қалбим кирлангани учун;
муҳаррирнинг иши цензура эмас, ҳамма ўқийдиган мақолаларни бериш, одамлар дарди билан яшаш, ҳалоллик орқасидан жамоани ҳар жиҳатдан оёққа турғизиш, деган оташин, аммо оғизларда қолиб кетадиган фикрларга лаққа тушганим учун —
Ўзимни КЕЧИРОЛМАЙМАН!!!»
Яна: «Матбуот ўлди! Яшасин, Матбуот!» дебсиз.
Кейинги пайтларда ўзимга ўзим «Журналист ким ўзи?» деган саволни кўп берадиган бўлдим. Бироқ жавобини ҳануз тополмайман. Гўёки ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб кетгандек туюлади менга. Ҳеч ким ўз ўрнини билмай қўйгандек. Бир пайтлар марказий нашрларда шапалоқдек луқма чиқсаям бутун вилоят раҳбарлари оёққа турарди. Ўша луқмачани чиқармаслигимиз, хатоларини албата тузатишлари ҳақида қўнғироқлар бўларди. Хатоларини тузатишарди ҳам.
Бугун-чи? Бугун фельетонни достонга айлантирмайсизми, ижтимоий тармоқлар орқали бирор муаммони «бўкиртириб» ёзмайсизми, биров қилт этса, қани?! Журналистларни маддоҳга айлантирган жойда муаммолар илдиз отиб кетиши бор гап....
Мана, эркин сўз айтиш даврига ҳам етиб келдик. Ютуқлар мақтангудек эмас, бироқ «цензорлар» камайгани рост. Бироқ нима ўзгаряпти?! Назаримда «Безбетлик феномени» шакллангандек. Энди унча-мунча раҳбарни на танқид, на фельетон билан ўзгартиришингиз, хатоларини тўғрилашга мажбур қилишингиз қийин. Шикоятчининг мушкулини осон қилишингиз учун биргина танқидий мақоланинг ўзи етарли эмас бугун. Шикоятчининг охирги илинжи сиз бўлганингиз учун қайта ва қайта сизга мурожаат қилаверади. Енг шимариб мурожаатчи билан бирга-бирга курашга қўшиласиз. Бир мавзуга қайта-қайта қайтишга мажбур бўласиз. Топганингиз қуйида мазмундаги писанда бўлади: «Э, қаерга борсанг бор, қўлингдан нима келди?».
Журналист қаергача боради? Борадиган жойи судми? Ана энди журналистнинг сабри етса, ҳақиқий муаммо бир четда қолиб, судма-суд югуради. Бир шикоятчининг муаммосини ҳал қилиш учун кетган асабларни айтмай қўяқолай. Бу миннат эмас. Асло. Шунчаки, тепса тебранмас бўлиб кетган масъул шахсларнинг лоқайдлиги сабаб юзага келган сансалорлик Журналист — воситачи, аслида! Яъни, оддий шикоятчи билан масъул шахс ўртасидаги. Лекин бизнинг бугунги кунда журналисту блогерларнинг ўрни йўқолиб қолгандек. Раҳбарга кучи етмагач, хайрия ишларига шўнғиб кетади. Кимнингдир уй қуриши учун пул йиғишга бош-қош бўлади, ўзининг уйи чала-яримлиги билан иши йўқ. Яна кимнингдир хорижда операция қилиниши учун маблағ тўплаш даъвати билан чиқади.
Хайрия ишлари яхши, кони савоб. Бироқ бундай хайрли ишлар айрим ЮҲО(еб тўймас)ларга янада қўл келаётганини ҳаммаям билавермайди. Аслида мана шуларнинг давлат мулкини талон-торож қилаётгани сабаб бугун одамлар интернет орқали пул сўраб муаммосини ҳал қилишмоқда. Нақадар шармандали ҳол!
Ўтган йилнинг 25 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилишида соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолияти кескин танқид қилинди. Ордер бериш масаласи дейсизми, психотроп дорилар савдоси дейсизми, миллиард-миллиард ўмаришлар дейсизми... Масъуллар бир-бир турғазилди, сўроқ-саволлар қилинди. Бироқ уларнинг ҳаммаси ўз жойида ишлашмоқда. Худди ҳеч нима бўлмагандек гўё... Сизга бир мисол айтайми?
Соғлиқни сақлаш тизимидаги талон-торожлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг асл сабабларидан бири – тизимда дори воситаларига эҳтиёжни шакллантириш бўйича мавжуд тартибга умуман амал қилинмаслиги ҳамда вазирлик мутасаддиларининг
бундан манфаатдор эмаслигидадир.
Оқибатда, дори-дармонларга талабни ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ўрнига, айрим дори воситаларини асоссиз равишда, эҳтиёждан бир неча баробар ортиқ харид қилиб, тиббиёт муассасаларига қабул қилдириш, бу билан бюджет маблағларини совуришга шароит яратиб берилган.
Хусусан, тиббиёт муассасаларига 2019 йилда «Ўзмед-импекс» корхонаси томонидан 40 млрд. сўмлик эҳтиёж бўлмаган ва яроқлилик муддати шу йилда тугайдиган 719 минг дона дорилар етказиб берилган. Ўз навбатида, тиббиёт муассасалари ҳам буларни вазирлик таъсири остида сўзсиз қабул қилишган. Жумладан, Сурхондарёда 3 млрд., Хоразмда 3,2 млрд., Фарғонада 3,2 млрд., Қорақалпоғистонда 3,3 млрд., Қашқадарёда 3,4 млрд., Самарқандда 3,6 млрд., Тошкент шаҳрида 8,3 млрд. сўмлик ана шундай дори воситалари қабул қилинган. Қаранг, гап миллиардлар ҳақида кетмоқда...
Энди айтинг-чи, прокуратура очиб ташлаган шунча фактлари ортидаги қинғирликлардан кейин ҳам ўша ернинг мутасадди раҳбарлари ишлаб юравериши, вазирликда ҳеч нарса ўзгармаслигини қандай баҳолаш мумкин?
Яқинда бир шифокор бир кўзидан ажралди. Бемор қариндошининг кучи оддий шифокорга етади-да. Тепадагилар қишлоқ врачлик пунктлари учун ажратилган дори воситасию жиҳозларни ўзлаштириб турса, оддий шифокор шифохонага шароитни ўз чўнтагидан яхшилаб қўймайди-ку?!
Тепада ўтирган масъуллар чўнтагини қаппайтириб уйқуни хотиржам ураётган бир пайтда дори етишмаслигидан, шароит йўқлигидан оддий шифокор бир беморнинг тирик қолиши учун жонини ҳовучлаб курашаётганини қаердан билсин?!
Ўша йиғилишда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун тарқатилган «пресс-релиз»да қанчадан-қанча пуллар еб юборилгани, агар талон-тарож қилинмаса, шифокорнинг ойлиги 5-6 млн.га етиши фактлари билан кўрсатиб қўйилганига қарамай вазирлик мутасаддиларнинг нари борса, юзи қизарди, холос. Шунча қинғирликлардан кўз юмиб келган, тиббиёт тизимининг шу даражага етиб келишидан бехабар масъул раҳбарларнинг жойида қолиши, биргина танқид қилиниши билан Янги Ўзбекистон қура оламизми? Ахир Янги Ўзбекистоннинг фақат кийими янги бўлгани, аммо у кийим ичидаги одамлар эски эканлиги, бу эскича фикрлайдиган ва ишлайдиган одамлар билан янги сиёсат янгиланмаслигини, Янги Ўзбекистон бўла олмаслигимизни қачон тушуниб етамиз?
Блогер Шабнам Оллошукурова провакация қилди халқни, деб жиннихонага ётқизилди. Мана шунақа пайтда гўёки руҳий касалликлар шифохонаси барча беморларга хайрихоҳдек туюлади. Лекин мени ҳайрон қолдиргани — ён қўшнимнинг ўғли касали тутиб, ҳеч нимани танимайдиган ҳолга келишига қарамай, шифокорлар икки ойга бормай «болангизни тезроқ олиб чиқиб кетинг!» дегани, камига фақатгина оддий таблетка билан даволагани, яна бир танишимни ушбу шифохонага ётқизиш учун қанчадан-қанча вақт кутилганини айтмай қўяқолай. Шабнам эса тўрт ой «даволанди», гўё...
Ана энди Отабек Нуритдинов деган блогернинг ҳақорат учун 15 суткага қамалишию, очиқчасига одамларни ҳақорат қилган ҳокимларнинг иши ОАВда бонг урилиб, сенат даражасида кўрилса-да, силлиққина ўтиб кетиши бугун нафақат матбуот ўлганидан, балки бутун журналистиканинг таназуллидан дарак эмасми?
Ҳа, менинг наздимда, бугун журналистика таназзулга юз тутди. Биргина муаммони ҳал қилиш учун бугун шапалоқдек луқма ёки фельетон эмас, бутун ижтимоий тармоқни титратадиган мақола ёзсангиз ҳам аксар ҳолда ўша муаммо ечимини кутиб ётаверади.
Қайсидир ташкилот ходимларининг ойлиги бугун 15 млн.га чиқиб турган пайтда, журналистикада аксарият бош муҳаррирларнинг ойлиги 3 млн.га ҳам етмаслиги ҳақида-ку индамадим. Сизнинг «Жамият» деган газетангиз ҳар саҳифасида танқидий материал бериб ҳам обунаси 2000 нусхага бормаган бир пайтда «Янги Ўзбекистон» деган янги газета гуллаб-яшнаб кетармикин? Янги Ўзбекистон қачон бўлади — қачонки, ёш, журъатли ёшларга кўпроқ ўрин берилса!
Янги Ўзбекистон учун янги қон, янги мия, янгича фикрлайдиганлар керак. Мен ҳам ўша саҳифангиздаги фикрларга яраша мана шундай жавоб ёзмасам, ўзимни кечиролмаган бўлардим. Бизнинг қўлимиздан бошқа нима ҳам келарди, ҳамкасб!
Мен эса таназзулга юз тутаётган журналистика, ўлиб бораётган матбуот, «журналист жамиятда ким ва ўрни қаерда?» деган саволлар гирдобидаги аросатда қолган кеманинг омадсиз йўловчисига ўхшайман...
Ҳурмат ва оғриқ ила ҳамкасбингиз Барно Султонова.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter