Ёлғизлик, кексалик, беморлик ёхуд нажот фаришталари кимлар?
«Қўпол муомалани унутмайди, ўч олади»
Ана 25 ёшли қиз. Гавдаси 7-8 ёшли болани эслатади. Кроватга михланган. Анави аёлларнинг эса сочлари олинган, ҳаво иссиқ, уларни тараб, тартибга келтиришнинг имкони йўқ...
Яқинда Ўзбекистон Республикаси тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан журналистлар учун Сирдарё ва Жиззах вилоятларига пресс-тур ташкил қилинди. Биз учун бу катта имконият эди. Чунки тажрибадан маълумки бундай масканга неча жойдан рухсат олибгина бора оласиз. Яратилган шароитлар ҳақида истаганча ёзишимиз мумкин. Лекин Сирдарё «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига ўхшаш жойларда фидойи инсонлар ишламас экан, яратилган шароит ҳеч нарса қилиб беролмайди.
Бу ерда 274 нафар ногиронлиги бўлган шахслардан 78 нафари ўзгалар парваришига муҳтожлар. Уларга 167 нафар ходим бириктирилган.
Олигофрения, шизофрения, эпилепсия, бош мия органик касалликлари билан хасталанган бу беморларни темирдан иродаси бор шифокоргина «тушунади».
«Уларга фақат яхши гапириш керак, ҳатто кўзларингиз билан ҳам ёмон қарасангиз унутмайди, барибир бир кун ўч олади», «Уларнинг «деви» бор, шунақа пайтлар бўладики, 3-4 та ходим бас келолмаймиз», «Баъзиларининг касалликлари орттирилган, баъзилариники эса туғма...».
Мурувват уйида яшовчилар билан тил топишиш осон эмаслигини шу ерда ишлайдиган ходимларнинг чарчоқ акс этган юзларидан билса бўлади. Лекин шунга қарамай уларнинг юз-кўзида табассум. Бу ердаги беморларга хафа кўриниш, жеркиш, уришиш мумкин эмас.
«Биз учун битта беморнинг сочини тарашни ёки тароқни ушлашни ўргатишимиз катта ютуқ», дейди ходимлардан бири.
Аёллар машғулот ўтаётган хонага кирамиз. Эҳҳе, бу ердаги аёллар ҳатто кашта тикишни ўрганишган, ҳатто расм чизишни билади, ҳатто тўқишни билади... Ўзининг кимлигини англай олмаган, ҳиссиётларини бошқаролмаган ногиронлар ҳунар билади... Мингга яқин китоблари мавжуд бўлган кутубхонаининг 12 нафар аъзосиям бор.
– Муассасада ногиронлик аравачалари эркин ҳаракатланиши учун йўлак цементланди, сунъий газон харид қилиниб ёзги спорт майдончаси барпо этилди. Беморлар вақтини яхши ўтказиши учун волейбол сеткаси, тўплар, баскетбол ҳалқаси, теннис столи мавжуд, кўриб турганингиздек, улар учун деярли ҳар куни концерт ташкил қиламиз, — дейди маданият ташкилотчи Саодат Нахлиева.
Мурувват уйига киришингиз билан чаман очилган гулларга кўзингиз тушади. Нарироқда буталар мевали ва манзарали дарахтлар.
Беморларнинг қаҳ-қаҳ отиб кулаётган, рақс тушаётган, қўшиқ айтаётган ёки қаторлашиб ўтирган ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Бу ерда ишлаётган ходимлар эса улар кулса кулади, йиғласа қўшилиб йиғлайди. Чунки уларнинг аянчли тақдиридан улар хабардор, 20-30 йиллаб ишлаётганлари бор.
Ашура Алимова, руҳшунос:
– Бу ерда кейинчалик орттирилган хасталиклар билан келган беморлар ҳам бор. Масалан, ўгай онанинг зуғуми, отанинг қизини зўрлаши, фарзандининг ўлими. Кўпчилигини қариндошлари ташлаб кетгач унутади, баъзилариники келиб йўқлаб туради. Ҳиссиётлари алғов-далғов бўлса-да булар ота-онасини, фарзандини соғинади, кутади, йиғлайди, бақириб чақиради...
Шу ўринда олигофрения ва шизофрения ҳақида билиш учун тиббиёт энциклопедиясига юзланамиз.
Олигофрения
Туғма ёки 3 ёшгача бўлган даврда орттирилган руҳий ривожланмай қолиш билан кечадиган касалликлар гуруҳига киради. Унинг асосий белгиси руҳий фаолиятнинг ҳамма томонлама етишмаслиги, шахснинг билим ва кўникмаларининг етук эмаслиги, тафаккури, фикрлаш қобилиятининг чегарланганлиги ёки умуман йўқлиги. Олигофренияда сўз бойлиги, сўзлаш қобилияти, ҳиссиётлар, ҳаракатлар ҳам саёз бўлади. Кўпинча, бундай беморларда турли хил туғма нуқсонлар (аномалиялар) кузатилади. Буларга мушакларнинг заифлиги (парез), бош мия чаноғининг катта ёки кичиклиги ҳамда қийшиқ бўлиши, кўз, қулоқ, бурун, оғиз бўшлиғи, қўл-оёқ панжалари камчиликлари ёки нуқсонлари ва бошқа(лар) киради. Каттароқ ёшга етган ақлий норасо беморларда дайдилик, овқатланиш ва жинсий ҳисларнинг ошишига тааллуқли хатти-ҳаракатлар, итоат этмаслик, қайсарлик ёки тажовужкорлик белгилари кузатилади.
Шизофрения
Шизофрения ҳам руҳий касаллик, этиологияси номаълум. Кўпроқ 18-35 ёшгача бўлган даврда кузатилади.
Шизофрения, кўпинча, одамови, камгап, ҳиссиётлари суст феъл-атворли кишиларда ривожлангани учун ҳам улар атрофидаги кишиларда анча вақтгача ҳеч қандай шубҳа уғотмайди. Бемор, одатда, тез толиқиш, қувват, ғайрат ва ҳавас пасайганидан шикоят қилади, уни фаоллаштиришга жавобан, серзарда ва инжиқлик қилади. Бу шизофрениянинг ўзига хос астения ҳолатидир. Бу ҳолат бошланишида ўзига хос ҳиссий бузилишлар, кайфиятнинг бесабаб ўзгариши, лоқайдлик, ваҳимага тушиш кузатилади. Одамовилик (аутизм) кучаяди, бемор жамиятдан бутунлай четлашиб қолади; инжиқлик, ўчакишиш, сабабсиз ваҳимага тушиш кучаяди. Қўрқув ва миядан кетмайдиган «шилқим фикрлар» оқибатида ирим сифатлари пайдо бўлади. Масалан, ишхонага соғ-омон етиб олиши учун остонадан чиққач, чап елка томонга қайрилиб уч марта туфлаб олиш ва ҳ.к. Беморнинг фикрлари борган сари ўз-ўзидан қуюлиб келавердиган бемаъни ва бефойда мулоҳазалар қуюнидан (ментизм) иборат бўлади. Масалан, бемор туну кун нега одамда иккита оёғи, ҳайвонларда тўртта деб, ўйлаб юраверади. Бу даврда, кўпинча, кучли бош оғриғи, уйқу бузилиши кузатилади.
Оддий тури – бунда, асосан, ҳиссиёт, ирода, фикрлаш ва хулқ-атворнинг бузилишлари устун бўлиб, васваса ва галлюцинациялар камдан-кам учрайди, гебефреник тури – бу ўспиринларда кузатилиб, унда шилқимлик, масхарабозлик қилиш, узук-юлуқ галлюцинациялар, васваса ғоялари устун туради, кататоник тури – бунда, асосан, кататоник қўзғалиш ёки кататоник тормозланиш аломатлари устун туради, параноид тури – васваса ғоялари (таъқиб этиш, заҳарланиш, рашк, сеҳр-жоду, ихтирочилик ва ҳ. к.) ва чин ҳамда сохта галлюцинациялар (ҳар хил ҳид ва товушлар келиши) мавжудлиги билан ифодаланади.
Шифокор Олимжоннинг айтишича, бу муассасада 90 нафар шизофрения, 159 нафар олигофрения касаллиги билан хасталанган бемор бор. Энди тасаввур қилинг, бу ерда ишлаётган ходимларнинг бундай беморлар билан тил топишишини, меҳрини қозонишини.
– Мана бу қизалоқ энг иқтидорлиси ва ақллиси, – дейди шифохона директори Дилшод Пайзиллаев. – Шахматда бу гал сен ютдингми, баракалло, сурат ҳам чиздингми, деб эринмай барча беморларнинг қўлини сиқиб жилмаяди...
Биз турли тақдирли туғма ёки орттирилган касалликлар билан яшашга маҳкум беморлар билан қандай мулоқот қилишни билмаймиз. Аммо бу ердаги ходимлар уларнинг ҳар бири билан ўртоқ, ҳар бирини тушунади, қайта-қайта эшитган ўтмишини биринчи бор эшитгандай эшитади....
Бу ердаги аёлларни кўриб маҳзунлашасиз, ишчи-ходимларнинг уларга меҳр тафтини ҳис қилиб хотиржам бўласиз.
«Биз ёлғиз эмасмиз»
Ҳа, ўйлаганингиздек кейинги манзилимиз ёлғиз кексалар хонадони. Республикамизда 18 мингдан ортиқ якка ёлғизларга 20200 дан ортиқ ижтимоий ходим хизмат кўрсатади. Биз Жиззах шаҳридаги ижтимоий ходимлар фаолияти билан танишдик. Хўш, бу қандай фаолият?
Жиззах шаҳри Ҳамид Олимжон маҳалласидаги Бўстоной Одилова хонадонидамиз. 66 ёш онахон айни дамда ёлғиз. Ёлғизлик деганда биз мунғайиб йўл қараб ўтирган одамни тушунамиз. Йўқ, ундай эмас экан. Бўстоной хола уйида ижтимоий ходим – холанинг ҳам қизи, ҳам синглиси, ҳам ўртоғига айланган Дилфуза Ўролова билан нон ёпаётган экан.
– Бизга бириктирилган қариялар, отамиз, онамиз ҳисобланади, – дейди Дилфуза. –Улар кўпроқ меҳрга ташна, гаплашиб ўтиргиси келади. Ана шунда барча ишимизни ташлаб олдига келамиз суҳбатлашиб ўтирамиз, уларни эшитамиз.
– Мен ўзимни ёлғиз ҳис қилмайман, – дейди Бўстоной хола. – Ширинроқ овқат қилган кунларим шу қизларимга илиниб ўтираман. Бизга озиқ-овқат етказиб беришади, тиббий дори-дармонлар беришади. Аммо менга булардан ҳам кўра кўпроқ қизларимнинг йўқлаб туриши муҳимроқ.
Бўстоной хола Дилфуза билан биргаликда ёпган иссиқ нон бизга қишлоғимизни эслатиб юборди.
Навбатдаги манзилимиз Полина Дивишкованинг хонадони. 80 ёшли, икки дипломли Полина холани саксон ёш демайсиз, қариндошларининг барчаси хорижда экан. Холага икки ходим бириктирилган экан, бири қўйиб бири ҳолидан хабар олиб тураркан.
– Полина опа нақ энциклопедия, – дейди ходималардан бири. – Бормаган юрти, танимаган раҳбарлари йўқ, доимо иззат ҳурматда бўлган, олима аёл бўлса-да жуда камтарин, суҳбатларини соғиниб тез-тез келиб турамиз...
Очиғи, мен бу ерга келгунимча шундай фаолият тури борлигини билмас эканман. Бундай ижтимоий ходимлар қишлоқ жойларида бир ходим 6-8 нафар, шаҳар жойларида 8-10 нафар ёлғиз фуқарога хизмат кўрсатишаркан. Шунингдек, ижтимоий ходимлар махсус хўжалик сумкалари халат ҳамда хоналарни тозалаш учун инвентарь билан таъминланаркан.
Кексалар учун боғча...
Жиззах вилоятидаги кексалар ва уруш фахрийлари учун соғломлаштириш маскани 112 кишига мўлжалланган. Бу ердаги кексаларнинг бир-бири билан гурунглашиб вақтини ўтказаётганини кўриб яхшиям шундай санаториялар бор, деган ўй ўтди. Тадбир доирасида ўтказилган матбуот анжуманида агентлик директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов юртимизда «Кексалар боғчаси» йўлга қўйилишини айтганида эса баъзи эътирозлар ҳам бўлди. Кексалар боғчаси? У қандай бўлади?
«Биз, масалан, кўплаб давлатларда бўлиб тажрибаларини ўрганганмиз. Кексалар боғчаси, деган ибора ғалати эшитилиши мумкин. Лекин нимага кексалар уйда зерикиб ўтириши керак. Масалан, юроладиганлари ўзлари, юролмайдиганларини фарзандлари ҳудудларда очилган боғчаларга олиб келишса, ўз тенгқурлари билан суҳбатлашади, бирор енгилроқ спорт тури билан шуғулланади. Биз дастлаб 50 ўринли «Кексалар боғчаси» ташкил қилмоқчи эдик. Аммо Бош вазир 100 ўринли қуриш таклифини берди. Айни пайтда Тошкент шаҳрида 100 ўринли, Наманган вилоятида 120 ўринли «Кексалар боғчаси» қурилмоқда. Мазкур иккита лойиҳа келгуси йилдан ишга тушиши режалаштирилмоқда», – дейди Баҳодир Каримов...
Ёлғизлик, кексалик, беморлик – инсоният мавжуд экан бўлади. Уларни қўллаб-қувватлаш, руҳан суянч бўлиш инсонийлик боракан ҳеч қачон тугамайди.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter