«Аёлнинг ўзи айбдор» эмас
Режиссёр Рави Удьявар томонидан суратга олинган «Она» триллери менда жуда катта таассурот қолдирганди. Бош она ролини ҳиндистонлик таниқли актриса Шри Деви ижро этган. 4 нафар эркак қизининг номусига тегиб, чала ўлик ҳолда сувга ташлаб кетишади. Қиз оғир аҳволда шифохонада бир неча кунда ўзига келади. Табиийки, бу вақтда унинг кўрсатмалари ўз кучини йўқотади. Суд экспертиза ҳам ҳеч нарсани аниқлай олмайди.
Кинода номуси топталган, шаъни оёқ ости бўлган қизнинг изтироблари, ички кечинмалари яхши очиб берилган. Ноҳақлик қурбони бўлган ва яна номуси топталган қизнинг изтироблари онани бефарқ қолдирмайди. Ҳар хил йўллар билан жиноятчиларни жазолайди. Аёл ҳаттоки булар қамалишини эмас, ўлишини истайди, айтади: «булар ўлимга маҳкум, қамоқдан чиқиб яна шу жиноятни такрорламаслиги учун ҳам ўлиши керак».
Албатта, самосудни барча бирдек қоралайди. Лекин нима учун бундай кинолар олинади. Эҳтиёж борлиги боис. Аксарият ҳолларда номуси топталган аёл-қизлар ўзларини оқлай олмайдилар. Ҳаттоки одил судлов ҳам қизни унутади. Кинонинг муваффақияти шундаки, бу ерда ҳеч қандай ўч олиш, ҳеч қандай жиноятни очишга урғу берилмаган. Булар иккинчи планда. Асосий мақсад номуси топталган аёлнинг изтироблари, ўй-кечинмалари, аёлнинг кейинги қўрқинчи тақдири очиб берилган.
Нима учун бу мавзуга оид кинони мисол қилиб келтирдим. Боиси, бизда худди шундай воқеалар тиқилиб ётибди. Номусидан ажралган аёллар, ҳақиқат тополмай ўз жонига қасд қилган ёш қизлар, ана шу адолатсизликлардан фоҳишага айланаётганлар... Куни кеча Андижонда 5 эркакнинг ёш келинчакни зўрлагани ҳақидаги хабар ҳамон баҳс-муназарларни келтириб чиқармоқда. Ачинарлиси, бундай зўровонликлар кўпайгандан-кўпаймоқда. Сабаби зўровонлик қилаётганлар кўпинча жазосиз қолмоқда.
«Хоразмда ўз қизига руҳий зўравонлик ўтказган ота беш суткага қамалди»,«Термизда ўқувчи қиз зўрланиши билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноий иш очилди», «Бишкекда олиб қочилган қизнинг жасади топилди», «Калтакланган келин ўз жонига қасд қилди», «Саҳарлик тайёрлашга турган қизнинг жасади кўзи боғлиқлик ҳолда анҳордан топилди». Кунда кунора мана шундай хабарларнинг кети узилмаяпти.
Қизболани зўрлаш, олиб қочиш, ҳақорат қилиш, келинни калтаклаш, қиз туғдинг деб камситиш... Бундай мавзуларни муҳокама қилаётганлар орасида «бир ўзига далада нима бор?», «қиз бола кечаси кўчага чиқмаслиги керак эди», «келин бекордан бекорга калтак емаган», деганларнинг кўпчилиги ҳам аёллар эканлиги ачинарли. Айтгинг келади, нима учун эркакларни бировга зўровонлик қилмайдиган қилиб тарбиялаш ҳақида эмас, қизларни ўшалардан қўрқиб кўчага чиқармаслик йўлларини қидиришимиз керак?
Айнан мана шундай «ўзи айбдор», деган қарашлар аёлларимиз орасида учраши йигитлар тарбиясида нуқсонни келтириб чиқармаяптими?
Жазосизлик — сукут натижаси
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева сўнгги вақтларда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ошиб бораётгани ва бунда айбдорларнинг қилмишларини яшириш ҳолатлари кузатилаётганига бундан олдинги беш минг сўм учун калтакланган ва ўз жонига қасд қилинган хоразмлик келинчак фожиасидан сўнг тўхталганди.
«Аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги янгиликлар кейинги кунларда умидсизлик занжирига боғланиб кетяпти. Бири ўғил фарзанд кўролмагани учун қизлари билан ўзини поезд тагига ташлади. Бошқаси калтакларга чидолмай, ўзини осди. Қўшниларидан йўлкирага беш минг олганига дўппослашибди. Норасида қизнинг номусига теккан кимса жазосиз қолди, оиланинг зўравонга кучи етмади. Бундай хабарларни эшитиб, одамнинг кўнгли бузилиб кетяпти. Бу ҳали дараги бизгача етиб келганлари. Яна қанчаси бости-бости бўлиб кетяпти экан? Жазосизлик — сукут натижаси. Аёл киши уйидаги гапни ташқарига чиқариши, дарди, мусибати ҳақида бировларга гапириши қанчалик қийинлигини тушунаман. Кўпчилик хотин-қизлар буни ўзи учун шармандалик деб билади. Ана шу ўринсиз уятни енгиб, зўравонлик ҳақида очиқ сўзлай олаётганлар таҳсинга лойиқ. Сиз фақатгина ўзингизга эмас, балки кун сайин, йиллаб зулмга чидаб келаётган, жабрдийда бўла туриб, таъналар тагида қолишдан қўрққан, ҳатто энг яқинларига ҳам дардини айта олмаётган аёлларга ёрдам беряпсиз.
Бировга зулм қилувчилар, мансабидан фойдаланиб, жиноятчиларни қўллаётганлар, телефон орқали иш битирадиганлар, одам танлаб, айримларни бошқалардан устун қўядиганлар шарманда бўлсин! Шулар таънага қолсин!
Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди. Битта қўнғироқ навниҳол қизнинг номусига тенглаштирилибди. Бир оғиз маломат она ва унинг қизалоқлари ҳаёт-мамотини ҳал қилибди.
Жамиятимиз разолат ва сукут учун, «аёлнинг ўзи айбдор» деган қараш учун жуда оғир бадал тўлаяпти. Ҳамма қонун олдида бирдек жавоб бериши керак. Aёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни ҳаққоний тергов қилиш масаласи бирламчи вазифалар қаторида бўлиши шарт.
Жиноятчилар жазо муқаррар эканини билсин!» — деб ёзганди Саида Мирзиёева.
Жазо муқаррар, аммо...
Бундай зўровонликлар орасида биз билмаганимиз қанча ва даҳшатли қийноқлар, ёвузликларнинг қанчадан қанчаси аёллар, қизлар билан ерга кўмилиб кетаяпти, зўровонликка учраб ҳамон яшашда давом этаётганларнинг қалбида кўмилиб ётган юк, хотираларнинг оғирлигидан қанчадан қанча аёл қизлар азобда яшамоқда.
Энг ачинарлиси, айнан аёлларга нисбатан зўровонликка ҳаттоки масъул идоралар, ички ишлар, маҳалла енгил қарайди, ҳаттоки кўп ҳолларда бундай воқеаларни бости-бости қилишга уринишади. Масалан, Саида Мирзиёева фикр бермагунча Сурхондарёдаги 14 ёшли қизалоқнинг номусига тажовуз иши бир йилдан ортиқ бости-бости қилинган экан. Бундан зўровонликларга шундай енгил қарашадики, қачонки президент оиласи, сенат раиси аралашсагина чора кўрилади. Бу эса қонун устуворлиги таъминланмаганидан давлолат, қонунларимиз ишламаслигидан далолат эмасми?
Ёки бундан бир ойлар олдин юз берган Қирғизистондаги олиб қочиб кетилган қиз фожиаси, видеода кўриниб турибди ҳатто атрофдаги ўтиб кетаётган одамларнинг бефарқлиги. Гарчи қиз олиб қочиб кетилган машинанинг давлат рақами маълум бўлса-да, ички ишлар органлари зудлик билан уни топиш, жиноятнинг олдини олиш пайида бўлмаган. Қолаверса, ҳодиса гувоҳи бўлган қизнинг одам ўғирлангани ҳақидаги хабари ҳам масъулларни ҳаракатга келтира олмаган.
«Ишонч телефон»лари фаолияти
Ҳар бир мамлакат аёлларга қарши зўровонликка қарши курашмоқда. Бизнинг мамлакатда ҳам реабилитация ва маслаштириш марказлари ишлаб турибди. Ана шу марказларнинг филиалларига 2021 йил апрель ойида республика бўйича марказларнинг филиалларига фуқаролардан жами 1768 та мурожаат келиб тушганини кўриш мумкин. Уларнинг 991 таси бевосита «Ишонч телефонлари» орқали қабул қилинган.
Жами мурожаатларнинг 90 фоиздан ортиғи, яъни 1589 таси – хотин-қизлардан, 121 таси – эркаклардан ва 58 таси – болалардан (18 ёшгача бўлган шахслар) бўлган.
Мурожаатларнинг турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп – 509 таси руҳий зўравонлик, 304 таси жисмоний зўравонлик, 144 таси иқтисодий зўравонлик, 2 таси жинсий зўравонлик, 809 мурожаат эса бошқа масалалар (ишсизлик, бандлик масалалари, уй-жойнинг йўқлиги, моддий ёрдам, даволаниш, нафақа тайинлаш) бўйича қабул қилинган.
Хўш, мана шундай марказлар бор экан, нима учун айниқса чекка қишлоқлардаги аёллар бундай марказлар фаолияти ҳақида ҳатто эшитишмаган ҳам.Бундан олти ой олдин«Hillton» меҳмонхонаси «Congress hall» залида гендер тенгликни таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтганди. Ўша тадбирдажурналистлар оиладаги зўровонликни камайтириш учун 194 га яқин шелтерлар маркази фаолият юритаётгани, демак бундай марказлар ҳар бир вилоятга камида 10 тадан тўғри келиши ҳақидаги саволларга жавоб олганди.
Жавоблар орқали шуни билгандикки, бундай аёлларга ижтимоий кўмак реабилитацияларининг, яъни бундай НТТларнинг фақатгина 14 нафари молиялаштирилган, қолгани ҳам молиялаштирилиши режаланаётган экан. Демак тарғибот ташқивот қилишдан олдин молиявий аҳволни ўнглаш керак. Тарғибот ташқивот ишлари яхши қўйилмагани учун ҳам энг чекка қишлоқдаги аёллар бундай марказлар борлигидан хабардор бўлмаяпти.
Психологларнинг таъкидлашича хотирадан энг қийин ўчадиган ёки йиллар давомида азоб берадиган ҳолат бу инсон ҳаётидаги зўровонлик экан. Орамизда ана шундай аянчли хотирадан азобланаётганлар, ҳаёти барбод бўлганлар, бир умр ўзлигини тополмай яшаётганлар қанчадан қанча. Юқорида мисол келтирганларимиз билганларимиз, билмаганларимиз қанча? Жазоланмай қолганлар, бости-бости қилиб юборилган умр кушандалари қанча? Айнан жазоламаслик, чора кўрмаслик, аёлнинг ўзини айбдор санаш яна қанча қурбонлик талаб қилади? Бунинг охири, чегараси борми? Йигитларни тарбиялаш, аёлни қадрлашга ўргатиш кимнинг зиммасида? Аёлнинг ўзи айбдор деб аёлни қоралаётган оналардами ёки бундай ишларни эркакликка йўядиган, «эркакчиликда бўлиб туради», деб хаспўшлайдиган оталардами? Қурбонлар ахир бизнинг опа-сингилларимиз, қизларимиз эмасми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter