Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Самодан зулматда кўринган юртим...

Самодан зулматда кўринган юртим...

Ер шарининг тунда коинотдан кўриниши. Қорайиб турган жойларда электр энергияси йўқ.

Чироқ йўқлиги, газ йўқлиги... Бу масалалар қанчалик долзарб бўлса, шунчалик жонга тегди ҳам. Албатта, яратилган имкониятлардан фойдаланиб муаммони ёритган дуруст. Аммо бу билан томоқни бўғиб, хўрлик ҳиссини алангалаётган ўша муаммо ҳал бўла қолмаса-чи?

Мавзудан кескин четлашамиз – бир миллатнинг икки давлатига айланиб олган Корея яриморолидаги вазиятдан ҳамма хабардор. Иккиси ҳам корейс, иккиси ҳам ўзини демократик ва халқпарвар давлат санайди. Бу борада бири ҳатто рақибидан ҳам ўзиб кетган – ўзини Корея Халқ Демократик (!) Республикаси дея улуғлайди. Майли, гап номда эмас. Демократиянинг ҳиди ҳам келмаса-да, жар солавериш мумкин, давлат амалда диктатурани ифодаловчи султонлик деб аталса ҳам фуқаро эмин-эркин ва фаровон яшаши мумкин.

Бу икки давлатнинг сиёсий тузуми, халқаро ўрни ва, энг муҳими, иқтисоди шу даражада турфаки, ҳайратдан ёқа ушлаш ҳеч гап эмас.

Корея яриморолининг тунда коинотдан кўриниши.
Фото: «Livejournal.com»

Яқинда ижтимоий тармоқларда Корея яриморолининг самодан олинган тунги суратлари кенг тарқалган эди. Электр энергияси сарфланиб ёритилаётган ҳудудлар ҳар хил кўринади. Қизиғи, иқтисоди анча ривожланган Жанубий Корея томони худди кундузгидек чароғон, ёғдулар бўйича юксак тараққиётга эришган қўшниси Япония даражасида. Бомбалари ва ўзига хос демократияси билан кўксига муштловчи Шимолий Корея тараф эса қоп-қора бўлиб турибди. Инсоф доирасида эътироф этиш керак — фақат пойтахт Пхенян жойлашган ҳудудда ожиз шуъла кўринади.

Албатта, мамлакатимизни Шимолий Корея билан солиштириш фикридан мутлақ йироқман. Аммо шу суратларни кўриб ўйлаб қолдим. Ишқилиб шошқалоқ фазогирлар биз томонларни суратга олишмасин-да...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг