Алпомиш зўрми Довудми?
Яқинда қадимий арман эпоси асосида Наири Зарьян ёзган “Довуд Сосуний” асарини ўқий бошладим. Таъкидлашим жоиз, бу китобни болалигимда – тахминан ўн ёшлигимда ҳам тўлиқ ўқиган, мутолаадан роса завқланган эдим. Йиллар ўтиб, қарашлар ўзгариши, дунёвий ва диний онг шаклланиши табиий. Ҳозир бу китобни ўқишдан кўпроқ энсам қотмоқда.
Нима эмиш?
Эмишки, аввал Бағдод халифаси, кейин Миср шоҳи арман ҳудудига бостириб кирармиш. Кейинчалик юртнинг асл ўғлонлари бўлган тўрт авлод – Саносар ва Багдасар, Катта Мгер, Довуд Сосуний ва Кичик Мгерлар арабу-туркларнинг роса додини берармиш. Шунчаки жанг қилиб енгиб қўйса-ку майли, ҳар бир жанг, ҳар бир ғалаба алоҳида мавзу – тўла-тўкис лофлардан иборат. Бир қарасанг, Саносарнинг оти чиқарган нафасдан юзлаб отлар ағдарилиб кетса, бир жангда Довуд иккита теракни суғуриб олиб, икки қўли билан душман қўшинларини супуриб ташлармиш, Мгер бутун дунёдан йиғилиб келган шаҳзодаларни бир курашдаёқ енгиб, севганини олиб кетармиш. Бағдод ҳам, Миср ҳам ўлпон тўлашга, ҳар йили ўзининг гўзал қизларини тортиқ қилишга мажбур қилинганмиш.
Бу ўлка қўшинлари балки бирор жангда енгган чиқарлар, лекин Бағдоду Мисрни буткул эгаллаб олганларига ҳеч ишонгим келмади. Чунки араб давлатларининг арманларга қарам бўлганидан бехабарман, аммо араб ва турк империялари жуда катта ҳудудларни, жумладан Арманистонни ҳам фатҳ этгани тарихда ўз аксини топган. Қизиғи, достонда акс этган, арман ерлари, дея таърифланган ҳудудлар ҳозирда айни дамда Туркия тасарруфида.
Ўйлаб қолдим...
Балки бу шунчаки достон дегувчилар бордир. Айни мана шу жойида нозик жиҳат келиб чиқадида. Аввало, ҳар бир достонда миллий тарих ва қисман ҳақиқат бўлиши лозим. Шундагина у бир миллат ҳақида тасаввур пайдо қилади. Шундагина достонлар миллий ғурурни шакллантириш, ёш авлодда ватанга муҳаббат ҳисларини ўйғотишга хизмат қилади.
“Довуд Сосуний”ни ўқирканман, бизнинг “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонлар ҳам кимларнингдир энсасини қотирар экан-да, деб ўйлаб қолдим. Ахир Алпомишимиз ҳам чинорларни суғуриб ташлагувчи, тангани минг қадамдан ургувчи, бошқа юртдан келгичларнинг додини бергувчи эмасмиди?
Албатта, тарих фани жуда ранг-баранг. Айтиш жоизки, дунё тарихи ҳар бир давлат мафкурасига ва миллатлар дунёқарашига кўра турлича ёритилган. Кимнингдир қаҳрамони ким учундир олчоқ бир образ, кимдир одил ва жаҳонгир ҳукмдор дея алқаган шоҳни бошқа бир миллат қонхўр золим дея таърифлайди. Ёдингизда бўлса, Владимир Путин Мўғулистонга ташриф буюрганида бу мамлакат президенти билан бир ўтовда учрашган, икки давлат раҳбари ўртасида Чингизхоннинг ҳайкали турганди. Бу билан мўғул президенти нима демоқчи бўлгани, уларнинг миллий ғурурларининг асоси қаерда эканлиги равшан. Рус тарихи нуқтаи назаридан эса Чингизхон душманлар рўйхатида Гитлер билан етакчиликни талашади...
Қиссадан ҳисса деган жойига келдик.
Достонларни ҳар бир миллат ўзи учун куйлаб, ўзи ғурурланиб юргани маъқул, шекилли. Бошқаларга кўз-кўз қилиш, сингдиришга уриниш, акс таъсир келтириб қўйиши мумкинга ўхшайди.
Нима демадингиз?
Муаллифдан: мақола кўпчилик достонларда ҳаёт ҳақиқати акс этмагани ҳақида бўлиб, биродар арман халқининг миллий ғурурини камситишга қаратилмаган, нотўғри талқиндан тийилишингизни сўрайман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter