«Telegram»даги ботлар нега керак?
Планшет ва смартфонлардаги турли-туман илова ва дастурлар интернет-фойдаланувчилар учун беҳисоб қулайликларни тақдим этмоқда, агарда бу жараённи автоматлаштира олсак, керакли ахборотни қидиришда вақтни янаям тежашга эришамиз.
Ёрдамчи чатлар, яъни ботлар айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Ботларнинг фойдаси нимада?
Кўпчилигимиз учун таниш манзара: иш бошдан ошиб-тошиб ётган бир паллада дабдурустдан биронта маълумот керак бўлиб қолади ва уни қидиришга анчагина вақт сарфлаймиз.
«Telegram»даги «ақлли» ва фойдали ботлар айни шу бошоғриққа қарши ишлаб чиқилган. Ботларга керакли буйруқни берсангиз бас, сизнинг ўрнингизга «нима, қаерда, қачон»лигини излаб топади.
Дейлик, сизга самолётга арзон чипталар керак. Бунинг учун, масалан, «Telegram»даги махсус @Aviasales TicketsBot ёки @MetaMetaBot ботларидан фойдаланишингиз мумкин. Қачон сотувга арзон чипта чиқса — шу каби ботлар сизга хабарини беради. Ҳам чўнтакка фойда, ҳам вақт тежалади, шундай эмасми?
Ботлар нималарни эплай олади?
Юқоридаги битта мисол, холос. Аслида «Telegram-бот»ларнинг имкониятлари чексиз: масофадан таълим беради, кўнгилочар мавзуларни таклиф этади, маълумот топиб беради, контент қидиради ва ўзи юклайди, гуруҳли чатлар ташкил қилади, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларни бошқаради ва ҳоказо.
«Telegram-бот» иловадан нимаси билан афзал?
Ўрнатилган илова хотира қурилмасидаги жойни банд этади, «Telegram-бот»га эса жой керакмас. Жуда кўплаб иловалар ўрнатилганидан кейин қурилманинг (компьютер, смартфон) иши секинлашади, интернет-трафик сарфи ошади. Керакли «Telegram-бот»ни ўрнатиб, бу даҳмазаларга барҳам бериш мумкин.
Энг «ақлли» ва фойдали ботлар — «Telegram» каталогида
Агарда сиз нафақат кундалик ҳаётингизда, балки профессионал фаолиятингизда ҳам керак бўлувчи роботлашган кўмакчилар, яъни ботларга эҳтиёж сезсангиз, уларни «Telegram»нинг тегишли каталогидан топишингиз мумкин:
- Ўйинлар
- Саёҳат
- Ижтимоий тармоқлар
- Кўнгилочар мавзулар
- Мусиқа
- Янгиликлар
- Саломатлик
- Чат-ботлар
- Молия ва ҳ.к.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter