Ўрта ёш инқирозидан қандай қутулиш мумкин?
«Лайфхакер» нашри «Guy Stuff Counseling & Coaching» маслаҳат маркази раҳбари Курт Смитнинг ўрта ёш инқирозидан қутулишнинг 6 усули ҳақида маълумот берди.
1. Ҳеч қачон кеч бўлмайди.
Ҳар бир инсон ҳаётида шундай давр бўладики, у ортга қайрилиб, орзуларининг барчаси орзулигича қолиб кетганини англаб етади. Эҳтимол, буларнинг амалга ошишига энди кеч деб ўйларсиз. Бу ҳиссиёт сизни алдаб қўйишига йўл берманг.
Сизнинг ҳали бирор китоб ёзиш, тоққа чиқиш, сафарга бориш ёки бошқа нарсаларни қилиш учун вақтингиз кўп. Сизни ёш ва ҳаракатчан инсонлар ўраб олганини тушуниш инсонни озгина ранжитади. Аммо инқироздан қочмоқчи бўлсангиз — ёшингиз орзуларингизнинг амалга ошишига тўсқинлик қила олмаслигига ишонишингиз керак.
2. Нима муҳимлигини англанг.
Ҳаётий режалар вақт ўтиши билан ўзгаради ва бу нормал ҳолдир. Амалга ошмайдиган орзу ва истаклардан воз кечишдан қўрқманг. Агар сиз қимматбаҳо машинани сотиб олиш ўрнига пулни тежаш ҳақида ўйлай бошлаган бўлсангиз, бу ўзингизга ва ўз қарашларингизга зид иш қилаётганингизни англатмайди. Ҳаётнинг янги босқичига ўтишда қадриятларни ўзгартиришнинг ёмон томони йўқ.
3. Қулай пайтни кутишни бас қилинг.
Бирор нарса қилиш вақти келди. Бу йиллар давомида тўплаган маблағингизни қиморга сарфлаб йўқ қилиб юбориш керак дегани эмас. Нима истаётганингизни белгилаб олинг, режа тузинг ва уни амалга ошира бошланг. Кутиш ноқулайлик ҳисси ва доимий ташвишларга олиб келади.
Мақсадларингизга эришинг, лекин ишингизга масъулият билан ёшдашинг. Дўстларингиз ёки қариндошларингиздан маслаҳат сўрашдан уялманг, чунки четдан қараганларга ютуқ ва камчиликлар яхши кўринади.
4. Ўтмишдан афсусланманг.
Ҳаммамиз нимадандир афсусланамиз. Бу туйғусиз ҳаёт кечириш мумкин эмас. Лекин буни енгиш керак. Ёрдами тегиши мумкин бўлган чораларни қўлланг: кимгадир озор етказган бўлсангиз ундан ёки бажарилмаган ваъдалар учун ўзингиздан узр сўранг, кейин эса ўтмишни унутинг. Сиз олдинга интилаётганингиз учун ёмон одам бўлиб қолмайсиз.
5. Дўстлар орттиринг.
Агар сизнинг дўстларингиз бўлмаса, ҳозир дўст орттиришнинг айни вақти. Ўрта ёш инқирози вақтида сизга маслаҳат берадиган кишиларнинг борлиги муҳимдир. Дўстлар яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам суянчиқ бўлишади.
6. Ўзингизни яхши сақланг.
Спорт ҳаётнинг барча босқичларида муҳим аҳамиятга эга. У нафақат танани чиниқтиради, балки руҳни ҳам тоблайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиш ақлни чархлайди, стрессни енгишга ёрдам беради. Бундан ташқари, спорт залида сиз доимо ким биландир танишишингиз ёки янги дўстлар топишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter