Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимлар: COVID-19 беморларининг 80 фоизида D витамини етишмайди

Олимлар: COVID-19 беморларининг 80 фоизида D витамини етишмайди

Фото: «Kirovskiy.greengorillaz.ru»

Испаниялик шифокорлар эпидемиянинг биринчи тўлқини даврида Сатандер (Испания) шифохоналаридан бирига COVID-19нинг оғир ёки енгил шакли билан ётқизилган  беморларнинг 80 фоизи организмида D витамини етишмовчилигидан қийналишганини аниқлашди. Бу ҳақда АҚШ Эндокрин жамияти (Endocrine society) матбуот хизмати хабар берди.

«Биз D витамини етишмовчилигини назорат қилиб, уларнинг ўрнини тўлдириб боришимиз керак. Бу, айниқса, COVID-19 олдида ожиз бўлган кексалар ва сурункали беморлар учун муҳим. Шунингдек, D витаминидан иборат озуқавий қўшимчалар коронавирусга чалинган беморларга ҳам тавсия этилади. Чунки бу уларнинг иммунитети, мушак ва суякларига ижобий таъсир кўрсатади», — деди Сатандердаги Кантабрия университети профессори Хосе Эрнандес.

Профессор Эрнандес ва унинг ҳамкасблари жорий йил баҳорда ва ёз фаслининг бошларида Кантабрия университети клиникасига ётқизилган 216 нафар беморнинг аҳволини ўрганишиб, одам организмида D витамини етишмовчилиги коронавирус аломатларини чуқурлаштириши мумкинлигини яна бир бор исботлашди.

Тадқиқотда COVID-19нинг енгил шакли ҳамда реанимацияга тушиб қолган ва ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига уланган беморлар иштирок этишган. Иккала вазиятда ҳам, испаниялик шифокорларнинг текширув натижаларига кўра, клиниканинг 80 фоиздан ортиқ беморлари организмида D витамини даражаси камлиги аниқланган.

Витамин концентрацияси эркакларда нисбатан кам учраган. Бу уларнинг коронавирусга кўпроқ чалиниши ва инфекциянинг оғирроқ шаклларида ўлимга олиб келиш сабабини изоҳлайди.

Олимларнинг фикрига кўра, D витамини молекулалари коронавирусга чалинганда одам ҳаётига асосий хавф соладиган юрак-қон томирлари ва танадаги бошқа муҳим аъзолардаги яллиғланишни босишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг