Ноутбукка суюқлик тўкилиб кетди: нима қилиш керак?
Ноутбук билан содир бўладиган нохуш ҳолатлардан бири — унинг устига (клавиатурасига) бирор суюқ модданинг тўкилиб кетишидир. Айниқса, бу ҳолат офисда ишлайдиган ходимларда кўп учрайди, чунки у ерда албатта қаҳва ёки чой ичиб ишлаш одат тусига кирган.
«Terabayt.uz» ёзишича, бундай ҳолат содир бўлганда, асосийси довдираб қолмаслик керак (ер қимирлагандагига ўхшаб ) ва бажариладиган ишлар кетма-кетлигини яхшилаб билиб олиш лозим.
Аввал аниқлаштириб олайлик: ноутбукка қандай турдаги суюқлик тўкилиши мумкин? Чой, қаҳва, шарбат, газли сув, оддий сув…
Уй шароитида эса, бошқа суюқликлар ҳам бўлиши мумкин.
1. Биламизки, электр токи суюқлик билан чиқишмайди, шу сабабли, биринчидан, ноутбукни дарҳол электр манбаидан узиб, ўчириш керак. Ўчиришда ҳам қонун-қоидаларга риоя қилиб (ПУСК-> …) ўчириш керак эмас, тезда POWER тугмасини босиб туринг ва ўчиринг. Сақланмаган файлларингиз ҳақида хавотир оладиган пайт эмас, бу ерда тезлик катта аҳамиятга эга, сониялар ҳамма нарсани ҳал қилиши мумкин.
2. Ўзгарувчан ток билан ишни ҳал қилиб, навбатни ўзгармас токка берамиз, яъни ноутбукни розеткадаги электр манбаидан узиб бўлгандан сўнг, дарҳол ноутбук батареясини чиқарамиз. Қандай чиқариш кераклиги ёзилган қўлланмаларни титкилаб, «YouTube» орқали ноутбук батареясини чиқариш ҳақида видеоларни кўриб ёки «Google»дан қидириб ўтиришга вақт йўқ, тахминий тарзда билганингизча чиқаринг. Бундай пайтда қонун-қоидаларга қараб ўтирманг (яхшиси, ноутбук сотиб олганинггиздан сўнг, батареяни чиқаришни машқ қилиб қўйинг).
3. Баъзи ноутбуклар клавиатураси устида махсус сақлагич (ҳимоялагич) бўлади, агар сизда ҳам шундай нарса бўлса, уни олиб ташлаб, ювиб, қуритиб, яна бемалол ишлатишингиз мумкин, бу ҳолатда ноутбукка зарар етмайди. Маслаҳат: шундай ҳимоялагичдан фойдаланинг.
4. Агар сизда бундай плёнка бўлмаса, ишингиз қийинроқ бўлади. Бирор мато олиб, ноутбукни тескарисига қилиб, ичидаги ва клавиатура устидаги суюқликларни артиб, агар қуюқроқ шарбат бўлса, ичига кирганини тушириб юборинг.
5. Тез бажариладиган ишлар ортда қолди, энди ноутбукнинг ичини очиш керак. Агар ўзингизнинг қўлингиздан келса, ўзингиз очинг ёки компьютерларни тузатадиган устахонага олиб боринг ва муаммони улар ёрдамида ҳал қилинг. Агар ноутбук ичини очишни билсангиз, у ерда деталларни алмаштирган бўлсангиз, яъни бу ишларни аввал ҳам бажариб кўникма олган бўлсангиз, уста бажарадиган ишларни ўзингиз ҳам қилишингиз мумкин. Уни очинг, ичидаги CМОS батареясини ҳам олиб ташланг, барча деталларини чиқаринг ва уларни қуритиш учун очиқ ҳолда 24 соат давомида қолдиринг. Кўпчилик фен билан қуритишга киришади, мен эса шундоқ қолдиришни маслаҳат бераман. Фен фақат маълум бир қисмини қуритиши мумкин, ичларини қурита олмайди. Чунки суюқлик қанчалик ичкарига киргани билмасиз, фенни эса ичкаригача киритиб бўлмайди.
6. Орадан 24 соат вақт ўтгандан сўнг, текширишни амалга ошириш мумкин. Дастлаб деталларни бирма-бир кўриб чиқинг, асосийси Motherboard (Она плата)да ҳеч қандай намлик, коррозия (занглаш) йўқлигига амин бўлинг. Сўнг ноутбукни йиғишга киришинг, диққатни йўқотманг, ҳеч нарса қолиб кетмасин, йиғиб бўлганингиздан сўнг, яна бир бор текшириб чиқинг.
7. Ноутбукни ишга туширинг. Бунда қуйидаги уч ҳолатдан бири бўлиши мумкин:
- Ноутбук ёнмаслиги мумкин, бу ҳолатда уни дарҳол ўчириб, устахонага олиб боринг, демак, қандайдир детал ёки плата яроқсиз ҳолатга келган.
- Ноутбук ёнган, лекин клавиатура ишламаслиги мумкин, клавиатуранинг барча тугмалари ёки маълум бир тугмалари ўз вазифасини бажармаяпти. Бу ҳолатда ҳам устага олиб боринг, агар шундай бўлса сиз бу нохуш ҳолатдан (суюқлик тўкилишидан) минимум зарар билан чиққан бўласиз, яъни клавиатура алмашади ёки таъмирланади, холос.
- Ноутбук ёнган ва клавиатура ҳам ишлайди. Аммо қувонишга шошилманг. Ноутбук ва унинг барча элементларини текширадиган бирор дастур ўрнатинг («AIDA64», «SiSoftware Sandra», «HWMonitor») ва тўлиқ текшириб чиқинг. Шундан кейингина енгил нафас олсангиз бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter