Наҳотки фойдаси йўқ?
«Матбуот ва телевидениеда компьютер ўйинларининг зарари ҳақида кўп ёзишади, кўрсатишади. Наҳотки бу ўйинларнинг умуман фойдаси бўлмаса?»
Бобур Назаров,
Самарқанд шаҳри
Тўғриси, бу савол бутун дунё жамоатчилигини ўйлантириб келяпти. Масалан, инглиз олимларининг фикрича, компьютер ўйинлари ўсмирлар учун фойдали! Беш мингдан ортиқ 10-15 ёшли мактаб ўқувчилари ўртасида сўров ўтказган оксфордлик психологлар ана шундай фавқулодда тўхтамга келишди. Буни қарангки, виртуал оламга ошно болалар ўз тенгқурлари билан тезроқ тил топиша олар ва ҳаётларидан мамнун экан.
Аммо барча замонлардаги олтин қоида бу ерда ҳам ўз кучида: «Ҳамма нарса меъёрида бўлсин». Шу ўринда биз барча болалар ва уларнинг ота-оналарига Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази томонидан ишлаб чиқилган «Онлайн муҳитда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма» билан танишиб чиқишни тавсия қилган бўлардик
Қўлланмада болаларни интернетдаги хавф-хатарлардан асраш ва уларнинг ахборот хавфсизлиги меъёрларига риоя қилишлари, шу жумладан, онлайн ўйинлар ўйнашда нималарга эътибор бериш кераклиги бўйича яхши тавсиялар берилган.
Смартфон, планшет ва ҳоказо компьютер қурилмаларининг ўз болалари руҳияти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан бугун аксарият ота-оналар ташвишда. Аммо болаларни бу қурилмалардан буткул маҳрум қилиш қанчалик ўринли? Бу саволга хорижий матбуот ва интернетдан жавоб олишга ҳаракат қилдик:
«Кўп талабалар компьютердан тўғри фойдаланишни билмаслиги бизни ҳайрон қолдирмоқда. На интернет-қидирувга саволни тўғри киритишади, на электрон почта юборишни қойиллатишади, — дейди Россия халқлар дўстлиги университети «Ижтимоий ва дифференциал психология» кафедраси доценти Елена Чеботарёва. — Ахборот технологиялари — мослашиш лозим бўлган реаллик. Умуман олганда, интернетда болаларнинг ривожланиши учун керакли ресурслар оз эмас. Ота-оналар болалари билан янада яқинлашиш учун уларнинг қизиқишларидан хабардор бўлишсин. Масалан, фарзандларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига киришсин, болалари нималарни исташади, кимлар билан дўстлашяпти, билиб олишади. Демакки, ота-она ва бола муносабатлари виртуал оламга ҳам кўчиши лозим».
Назоратни йўқотманг!
Асалнинг ҳам ози ширин. Психологларнинг фикрича, болалар компьютердан бегим кунлари 1,5 соат, дам олиш кунлари 4 соатдан кўп фойдаланмаслиги керак. Агар бола ижтимоий тармоқлардаги вақтини назорат қилмаяптими, бу ишни ота-она ўз зиммасига олсин.
Бироқ бир қўл билан боланинг қўлидаги планшетни тортиб олиб, иккинчи қўл билан унга китобни тутқазиш асло ярамайди. Энг ёмони — уларни компьютердан буткул маҳрум қилиш. Бундай қилган тақдирингизда компьютер ва интернетни бола фақат шунинг учун яшаш ва ишлайдиган «қадрият»га айлантириб қўйишингиз ҳеч гап эмас.
Диққат қилинг!
Компьютернинг болага салбий таъсирини нималардан билса бўлади:
- Бола илгари ўзига ёққан нарсалардан воз кеча бошлайди, бунга унинг вояга етаётгани эмас, балки компьютер унинг ҳаётида бош планга чиққани сабаб;
- Мактабда паст баҳолар олиб келиши, дарсларни қолдира бошлаши;
- Дўстлари билан жонли мулоқот қилмай қўйиши;
- Кўзининг кўриш қобилияти, гавдасини тутиши кескин ёмонлашиши.
Бироқ ҳамма айбни фақат компьютерга тўнкаш ҳам тўғри эмас: юқоридаги каби ўзгаришлар боланинг ўсиш-ўтиш даври билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бу борада психолог билан бамаслаҳат иш кўрган маъқул.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter