Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантин вақтида стрессни енгиш йўллари

Карантин вақтида стрессни енгиш йўллари

Фото: «Hk.epochtimes.com»

Бугунги пандемия шароитида кўпгина инсонларда стресс, хавотир ёки қўрқув каби салбий ҳолатлар кузатилаётган бўлиши табиий. Бундай шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш ҳозирги вазиятда долзарб аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Психологик тадқиқотлар ушбу муаммо билан боғлиқ бўлган ҳис-туйғуларни қандай енгиш ҳақида баъзи маълумотларни таклиф қилишади. Ҳозир биз карантин даврида ўзимизда юзага келадиган стресс ҳолатларини енгиш бўйича психологик тавсиялар билан танишамиз.

  1. Фаол бўлишга ҳаракат қилинг.

Кундалик амалга ошириладиган ишлар режасини ёки кун тартибини тузиб олинг, уни ўзингиз ва бошқалар кўриши мумкин бўлган жойга жойлаштиринг, чунки бу бизнинг унга риоя қилишимиз эҳтимолини оширади. Амалга ошириладиган ишлар, бўш вақт, жисмоний машқлар, ўқиш ва ҳоказоларда хилма-хилликни таъминланг, сизнинг ички ғайратингиз ва қизиқишингизни уйғотадиган бирон бир янги нарса — лойиҳа билан шуғулланишга эътибор беринг. Кайфиятимиз ва ҳис-туйғуларимизни ўзимиз бошқаришимиз мумкин, шунинг учун нимани ҳис қилаётганингизни билишга ҳаракат қилинг ва нега бу ҳиссиётларни бошдан кечираётганингизни тушуниш уни бошқаришнинг биринчи қадамидир.

  1. Алоқада бўлинг.

Экстроверт ёки интроверт бўлишингиздан қатъи назар, барчамиз учун дўстлар ва оила аъзолари билан мулоқотда бўлиш бизга ижобий таъсир кўрсатади. Матнли хабар, видео мулоқот, ижтимоий тармоқлар ёки телефон орқали алоқада бўлиш бизнинг бошқалар диққат марказида бўлишимизга хизмат қилади. Хусусан, ҳис қилган туйғуларингизни улар билан баҳам кўриш яхши натижа беради. Гарчи биргаликда муаммо ҳал этилмаса ҳам, ишонган инсонлар билан суҳбатлашишнинг ижобий психологик томонлари борлиги бир қатор тадқиқотлар томонидан очиб берилган.

  1. Ўз соғлиғингизга эътибор қаратинг.

Маълумки, биз баъзида соғлиғимизни етарлича назорат қила олмаймиз. Карантин ва изоляция пайтидаги стресс ва стрессли ҳолат бизнинг иммунитетимизни заифлаштиради, шу сабабли соғлиқни сақлаш учун фаол бўлиш янада муҳим аҳамият касб этади. Таркибида хилма-хил озуқа моддалари бўлган овқатларни истеъмол қилишга одатланинг ҳамда озгина ва тартибсиз овқатланишдан сақланинг. Баъзида хавотирланиш ҳисси бемалол овқатланишга халал бериши мумкин, шунинг учун биз бу омилларни назорат қилишимиз керак. Кундалик машқлар уйқуни тартибга солишга ёрдам беради, буларнинг барчаси психологик саломатликни яхшилайди. Таъкидлаш лозими, алкоголь ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш стрессни енгиб ўтишда ёрдам бермайди.

  1. Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни назоратга олинг.

2016 йилда Зика вируси инқирози пайтида «Тwиттер» каби ижтимоий тармоқ маълумотларига таянувчи фойдаланувчиларда оддий янгиликларни кузатиб борувчиларга қараганда юқори даражадаги стресс ва хавотирлар қайд этилганлиги аниқланди. Аслида, инқирозли вазиятда жуда кўп оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш стресс даражасининг ортишига олиб келади. Янгиликларни кузатишни чекланг ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни камайтиринг. Ишончли маълумотларни берувчи анъанавий миллий оммавий ахборот воситаларини кузатинг.

Агар сиз карантинга ёки изоляцияга олинган бўлсангиз, буларни нафақат ўзингиз, балки яқинларингиз учун ҳам қилаётганингизни эсда сақланг. Бу альтруизмнинг асосий белгисидир. Сизни халқимизнинг оддий қаҳрамонларидан бири деб таъкидлаш мумкин. Бунинг учун биз сиздан миннатдормиз!

Халилова Наргиза Икромалиевна

Низомий номидаги ТДПУ психол.ф.н.доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг