Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болаларга китоб танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Болаларга китоб танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Фото: Фаррух Алиев/«Xabar.uz»

Ота-оналар фарзандларини кичик ёшдан китобга қизиқтиришга ҳаракат қилишади. Бунга эришиш учун болага ўрнак бўлиш, яъни ўзлари ҳам китоб ўқиши, қизиқарли китоблар танлаши ва уларни харид қилиши лозим. Хўш, кичкинтойларга китоб танлашда қандай қоидаларга амал қилиш зарур?

Сир эмаски, болалар сифатли китоб ва ўйинчоқларни кўпроқ ёқтиришади, бироқ сифат фақатгина унинг баҳоси билан ўлчанмаслиги керак.

Нималарга аҳамият бериш лозим:

Босма нашрнинг ҳажми

Ёққан бўлишига қарамай, ҳаддан ташқари катта китобларни танламаслик керак. Бола уларни варақлашга ва ўқишга қийналади. Кичкина китобчалар ҳам тўғри келмайди, улар гўдакнинг кўриш қобилиятини ёмонлаштиради.

Шрифт ҳажми

Кўпинча биз бунга эътибор қаратмаймиз, чунки бу китобни болага ўзимиз ўқиб беришимизни биламиз. Бироқ болалар ниҳоятда қизиқувчан бўлишади. Улар ота ёки она ўқиб бераётган китобни кўздан кечиришади ва нафақат расмларига, балки матнига ҳам эътибор беришади, ўзларига таниш ҳарфларни излашади. Шу боис матни катта-катта берилган, ҳарфлари аниқ кўриниб турган китобларни сотиб олишга ҳаракат қилинг.

Қоғоз

Ҳозир китобларнинг кўпи кулранг ёки сарғиш қоғозда чиқариляпти. Уларни, яхшиси, сотиб олманг, бундай китобни ўқиш боланинг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Худди шу сабабга кўра, ялтироқ қоғозли нашрлардан ҳам қочиш керак. Улар нур қайтаради. Маслаҳатимиз, стандарт — оқ варақли китобларни танланг.

Расм

Расмлар — шунчаки китобларнинг безаги бўлиб қолмай, улар миттивойга оламни билишга ёрдам беради, унга атрофдаги борлиқ ҳақида сўзлайди. Шу боис китобдаги расмлар тўғри чизилган бўлиши керак, акс ҳолда улар гўдакнинг дунё, теваракдаги буюмлар ҳақидаги тасаввурини бузади. 2-3 ёшдан кичик болалар учун матни кам, расмлари кўп китобчаларни танланг. Расмлар катта-катта, тафсилотлари билан берилган бўлса, янада яхши.

Таркиби

Агар китобни ёш бола учун харид қилаётган бўлсангиз, унда бор-йўғи битта эртак бўлиши керак. Ҳикоялар, эртаклар тўплами каттароқ ёшдаги болалар учун қизиқарли. 3-4 ёшли болалар ҳайвонлар ҳақидаги ҳикояларни мазза қилиб тинглашади, уларга эртаклар қизиқарли. 4-5 ёшдаги болага унинг биринчи энциклопедиясини сотиб олиб берган маъқул.

Баҳоси

Китобдан пул тежаманг, чунки гап боланинг саломатлиги, кўриш қобилияти ҳақида кетяпти. Шу боис сал қимматроқ бўлса ҳам, сифатли нашр харид қилинг. Бироқ болага ўта қиммат китобларни ҳам совға қилиб бўлмайди, чунки уларни йиртиши, чизиши ёки йўқотиб қўйиши мумкин.

Болага биринчи китобини қачон харид қилиш мумкин?

Ҳаётининг дастлабки ойларидаёқ, буюмларни ушлашни ўрганганида, яъни 4 ойлигида айни муддао. Албатта, бу қоғозли эмас, гўдаклар учун мўлжалланган махсус матоли китобча бўлиши керак. Расмлари бўртиб чиққан бўлса, нур устига аъло нур: гўдак уларни қўллари билан пайпаслаб кўради. Каттароқ ёшдаги болаларга қоғозли китобча олиб бериш мумкин, фақат дастлаб картон қоғозлисини танланг, акс ҳолда улар йиртиши ёки чайнаб ташлаши мумкин.

Гўдак учун китоб танлаётганда унинг нимани ёқтириши, нимага қизиқишини ёдда тутиш керак. Яна бир муҳим жиҳат: зинҳор болани китоб ўқишга мажбурламанг. Акс ҳолда бир умрга китобга бўлган қизиқиши сўниб қолиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг