Билл Гейтс 2020 йилни шу китобларни ўқишдан бошлашни тавсия қилди
«Microsoft» асосчиси, дунёнинг энг бой инсонларидан бири саналмиш Билл Гейтс ўзи 2019 йилда ўқиган 5 та энг яхши китобни бошқаларга ҳам тавсия қилмоқда. Ўқинг, афсус қилмайсиз!
«Американча никоҳ», Тайари Жонс
Бу романни Билл Гейтсга қизи Женн тавсия қилган экан. Асар АҚШ жанубида яшовчи афроамерикаликлар жуфтлиги, адолатсизлик оқибатида тугаб бораётган оила ҳақида.
«Роман мавзуси оғир, ўйланишга мажбур қилади. Рой ва Селестина муҳаббатининг фожиали тақдири мени қаттиқ таъсирлантирди», — деб ёзади Билл Гейтс.
«Бу ҳақиқатлар: Қўшма Штатлар тарихи», Жилл Лепор
Гарвардлик тарихчи ва нью-йорклик журналист Жилл Лепор томонидан ёзилган ва АҚШнинг жами тарихини ўз ичига олган бу китоб 800 саҳифадан иборат. Гейтснинг иқрор бўлишича, Америка тарихи ҳақида ҳали бунчалик ҳалоллик ва қатъият билан ёзилган асарни учратмаган экан.
«Ўсиш», Вацлав Смил
Чех-канадалик профессор Вацлав Смил — Гейтснинг севимли муаллифларидан бири, шу боисдан унинг ҳар бир янги китоби чиқишини интиқлик билан кутади. Замонамизнинг энг кучли мутафаккирларидан бирининг 39-китоби ҳам Гейтсни қувонтирди. Табиий ва сунъий дунёда ўсиш моделларига бағишланган асарни Гетс ажойиб синтез деб атади, шуниям қўшимча қилдики, китоб ҳамма учун ҳам эмас (айрим жойлари дарслик ёки техник қўлланмани эслатади).
«Тайёрмисиз: тўлақонли ҳаёт учун болаларга нима керак», Диана Тавеннер
«Энг яхши мактаб тармоқларидан бири»нинг асосчиси Диана Тавеннернинг бу қўлланмаси мактабни битирган болаларни катта ҳаётга қандай тайёрлаш ҳақида. Унда уқтириладиган асосий жиҳатлардан бири шуки, ота-оналар болаларига нафақат коллежга қандай киришни, балки қандай бахтли яшашни ҳам ўргатишлари керак.
«Нега биз ухлаймиз. Уйқу ва тушлар ҳақидаги янги фан», Мэттью Уолкер
Гейтс инсон феъл-атвори ҳақида ўзи ўқиган китоблар орасида мана шунисини энг қизиқ ва мукаммалларидан бири деб ҳисоблайди. Бу китобни унга қизи Женн ҳамда америкалик сармоядор Жон Доерр тавсия қилишган. Шу китобни ўқиб бўлганидан сўнг Гейтс яхшироқ ухлаш учун кечки одатларини ўзгартирганини айтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter