Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Атрофимизда коронавирус изғиб юрганда бу биз учун жуда муҳим

Атрофимизда коронавирус изғиб юрганда бу биз учун жуда муҳим

Фото: «Yandex»

Соғлиқ бевосита иммун тизими фаолиятига боғлиқ. Айниқса, атрофимизда турли инфекция ва вируслар, жумладан, коронавирус изғиб юрган пайтда бу жуда муҳим. Иммунитет тананинг учинчи, эҳтимол, асосий тартибга солувчи тизими ҳам бўлиши мумкин. Қолган иккитаси – нерв ва эндокрин тизимлар. Улар биргаликда ишлайди. Бирида муаммо юзага келса, бутун танада носозликлар кузатилиши муқаррар.

Инсон иммунитети ниҳоятда мўрт: экология, стресс ва нотўғри овқатланиш уни ҳар куни емириб боради. Шамоллаш мавсумида организмга кўмаклашиш учун мутахассислар таомномани яхшилашни маслаҳат беришади.

 

Иммунитетни туширувчи омиллар

Ёмон экология: сув, ҳаво, инсектицидлар, гербицидлар, радионуклидлар. Ота-боболаримиз бизга нисбатан яхшироқ экологик шароитларда яшашган, шу сабабли елвизакда шамоллаб қолишмаган ва бир қултум сувдан ангинани орттириб олишмаган.

Овқатланиш. Таркибида қарийб 1000 дан ортиқ консерванту стабилизатор, бўёқ ва юмшаткичлар бўлган сифатсиз, сунъий, заҳарланган, маринадланган таомлар ҳамда қанд миқдори мўл маҳсулотлар иммунитетни, яъни ҳимоя тизимларининг ташқи омилларга қарши курашувчанлигини заифлаштиради. Гомеостазимизни издан чиқарувчи, қанд ўрнини босувчи моддалар билан нордон, ширин, вишиллайдиган ичимликлар ҳужайра ва ҳужайралараро сув муҳитини заҳарлаб, иммунитетни ишдан чиқаради.

Аёллар иммунитетига оч қолиш ва доимий парҳезлар қақшатқич зарба беради. Иммунитетга ортиқча вазн ҳам, унинг етишмаслиги ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатади. Шундай экан, ҳам оч қолмаслик, ҳам кўп овқат еб қўймаслик керак.

Витамин ва микроэлементлар танқислиги. Рух ва селен сингари ферментлар алмашинувида қатнашувчи ҳаётий зарур микроэлементлар етишмовчилиги. A витамини танқислиги ёт оқсил кириб келишига тананинг иммун таъсирини сусайтиради. В гуруҳидаги витаминлар жисмоний стресс чоғида ва куч-қувватдан қолганда иммун фаолликни рағбатлантиради. В витамини бирдан камайиб кетганда организмнинг инфекцияларни нобуд қилувчи антитаначалар ишлаб чиқариши сезиларли камаяди. С витамини танқислиги иммунитетга турлича салбий таъсир кўрсатиши мумкин: ҳимоя кучларининг патологик ҳолатлар ҳақидаги сигналларга таъсирини заифлаштиради, инфекцияларга қарши курашувчи антитаначалар ажралиш тезлигини қисқартиради.

Антибиотиклар. Немис шифокорлари тадқиқотига кўра, ҳар қандай антибиотик (ҳатто кўрсатмага биноан қабул қилинганлари ҳам) иммунитетни 50 – 75% қисқартирар экан. Шу туфайли маслаҳатимиз: зинҳор ўз билганингизча даволанманг ва дорихоналардан «таниш» антибиотиклар харид қилманг. Ҳатто улар рецептсиз сотилаётган бўлса ҳам! Шифокор буюрган антибиотиклар қабулини чеклаш ниҳоятда муҳим, бироқ таркибида антибиотиклар бўлган гўшт истеъмолини чеклаш янада муҳим. Фақат ўзингиз ишонадиган дўконлардан табиий мол ва парранда гўштларини харид қилинг. Айрим ишлаб чиқарувчилар паррандаси тезроқ катталашиши учун уларни антибиотиклар билан боқишади. Баъзи мутахассислар фикрича, антибиотиклар қушларни касалликлардан ҳимоя қилар экан. Бироқ тиббиёт ходимлари сўзларига кўра, бундай антибиотикларнинг ортиқчаси иммунитетни пасайтириши ва антибиотикларга бардошли бактериялар пайдо бўлишига олиб келади.

Стресслар. Доимий стресслар... Стресслардан қочиб қутулиб бўлмайди – уларга қарши тура билиш керак. Стресс билан саратон касалликлари ўртасида боғлиқлик борлигини эҳтимол билмассиз.

Вирусли инфекциялар, микроблар, бактериялар. Тажовузкор бактерия, вирус, замбуруғ ва бошқа паразитлар. Охирги пайтларда параллел оламнинг тажовузкорлиги ортган. Ҳатто авваллари шартли патоген ҳисобланган бактериялар ҳам ўз тажовузкорлигини намоён эта бошлаган. Микробиологлар ҳисоб-китобига кўра, оддий ошхона губкасида тахминан 320 миллионта касаллик қўзғовчи бактерия бўлиб, улардан чамаси 3000 таси аввал қўл, кейин эса оғизга тушади. Бунча миқдордаги микроорганизм ҳар қандай касалликни ривожлантириш учун кифоя қилади.

Сурункали уйқуга тўймаслик. Яна бир хавфли омиллардан бири саналади.

 

Иммунитетни кўтаришга хизмат қилувчи 7 талаб

Соғлом бўлишни истайсизми – турмуш тарзингизни ўзгартиринг. «Диванда ётиш йўқ, жисмоний машқларни бажариш ва тоза ҳавога чиқишшиорингиз бўлсин. Стресс – иммунитетнинг асосий душмани, уни иложи борича ўзингиздан узоқлаштиринг ва бўлар-бўлмасга асабийлашманг. Имкон қадар ижобий фикрланг. Бироқ иммунитетни мустаҳкамлашни албатта озиқ-овқатдан бошланг.

  1. Витамин ва минераллар

Иммун тизим учун энг муҳим витаминлар: A, B5, C, D, F, PP;

Ўсимлик озуқаларининг деярли ҳаммаси, айниқса, сариқ ва қизил ранглилари (сабзи, қизил булғори, қовун, помидор, қовоқ) таркибида танада А витаминига айланувчи бета-каротин мавжуд. А витамини ва каротинлар иммун кучининг антигенлар ҳужуми реакциясига жавоб беради; яна улар қайсидир даражада саратон касалликларидан ҳимоялайди.

С витаминининг асосий манбалари барчага маълум: қора смородина, наъматак, цитруслар, чаканда, петрушка, нордон карам, лимон. Мазкур витамин танқислиги антитаначалар ишлаб чиқариш тезлигини қисқартиради, унинг таом билан етарлича тушиши эса тўлақонли иммун ҳужайралар ажралиши кафолатидир.

В гуруҳидаги витаминлар писта, қора нон, ёнғоқ, гречиха, дуккаклилар, ундирилган буғдой, қўзиқорин, пишлоқ таркибида бор. Е витамини ёнғоқ, писта ва ундирилган буғдойда бисёр – ҳужайралардан ҳимоя қилувчи антиоксидантлар. Е витаминининг бошқа манбаи – рафинадланмаган ўсимлик ёғи.

Минераллар. Селен, рух, магний, кальций, темир, йод, марганец. Ўсимлик маҳсулотларидан таркибида минерал моддалар кўплиги бўйича етакчилари: ёнғоқ, дуккаклилар, писта, ёрмалар, какао ва аччиқ шоколаддир.

  1. Овқатланиш

Тўлақонли оқсил: гўшт, балиқ, дуккаклилар. Гўшт ёки балиқни ҳар куни, ловия, нўхат ёки ясмиқни ҳафтасига 1-2 бор истеъмол қилиш керак;

Сабзавотлар, мевалар ва резаворлар. Сабзи, лавлаги, карам, ловия, турп, қизил булғори, анор, майиз, олхўри, баргак, олма, қизил узум, ёнғоқ, елқалампир, саримсоқ, пиёз, шунингдек, қуюқ шарбатлар (узум, лавлаги, помидор, анор).

Денгиз маҳсулотлари. Балиқ ва денгиз маҳсулотлари таркибидаги тўйинмаган ёғ кислоталари тана ҳимоя кучларини оширади. Аммо узоқ вақт иссиқ билан ишлов берилганда фойдали моддалар парчаланиб кетади. Айниқса, кальмар ва денгиз карами айни муддао.

Таркибида калий мавжуд маҳсулотлар. У пўсти билан пиширилган картошка, ўрик, ёнғоқ, гречиха ва сули ёрмаларида мўлроқ.

Сут-қатиқ маҳсулотлари. Таркибида тирик бактериялар борларида кўп. Хилма-хил биокефирлар ва биойогуртлар интерферон ажралишини кучайтиради. Шундай экан, уларни қўрқмасдан ичиш ва ҳатто салат ва яхна шўрваларга қўшиш мумкин. Улар таркибидаги метионин танадан радионуклидларни чиқариб юборишга кўмаклашади.

Кўк чой. Организмдан радионуклидларни чиқариб юборадиган энг яхши восита.

Ўта фойдали. Таомномага брокколи, сабзи, биоқўшимчали сут маҳсулотлари, қулупнай, киви, қовоқ, лосось, кедр ёнғоғи, зайтун ёғи, курка гўшти, цитрус меваларни кўпроқ киритинг. Таомга кўкатлардан мўлроқ қўшинг: петрушка, шивит, сельдерей... Қовоқ, қовоқча, патиссонни мунтазам истеъмол қилиш ажойиб самара беради.

  1. Пробиотиклар

Танада фойдали бактериялар сонини оширувчи маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Улар пробиотик маҳсулотлар сифатида оммалашган ва бу рўйхатга пиёз, кўкпиёз, саримсоқ, артишок, банан киради.

  1. Табиат неъматлари

Қуйидагилар иммунитетни кўтарувчи табиий воситалар саналади: эхинацея, одамгиёҳ, қизилмия, элеутерококк, лимонўт... Доривор гиёҳлар дамламасини ҳам даволаш, ҳам профилактика мақсадида ичиш мумкин.

  1. Чиниқиш

Сузиш, чайиниш ва контраст душ чиниқишга ёрдам беради. Юқори ва паст ҳароратни галма-гал алмаштириш – иммун тизими учун ажойиб машғулот. Ҳаммом ва сауналар ҳам ажойиб тоблаш хусусиятига эга. Мабодо у ерга боришга имконингиз бўлмаса, оддий контраст душ қабул қилинг. Душдан кейин нам мочалка ёки дағал сочиқ билан баданни ишқалашни унутманг.

  1. Фаол турмуш тарзи

Фойдали жисмоний машқлар: гимнастика, аэробика, фитнес, югуриш, сузиш, кўп пиёда сайр қилиш, шейпинг, тренажёрлар... Бундай хилма-хилликдан, шубҳасиз, таъб, кайфият ва чўнтакка қараб фойдаланса бўлади. Лекин меъёрни унутманг! Ҳаддан ташқари зўриқишнинг иммунитет учун зарарлиги исботланган.

  1. Тинчланиш

Ишдан уйга қайтгач, диванга чўзилинг, кўзларни юминг ва ёқимли нарсалар ҳақида ўйланг, чуқур, бир текис нафас олинг. Майин мусиқа тингласангиз ҳам бўлади. Бу кун давомида йиғилиб қолган чарчоқни тарқатади ва стресснинг иммунитетни енгишига йўл қўймайди.

Шоҳида Исроилова тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг