Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юзга юзлашган қаҳрамон она…

Юзга юзлашган қаҳрамон она…

Муҳаммад Исмоил – бугун бу ном нафақат адабиёт ва санъат мухлисларига, балки бутун юртдошларимизга яхши таниш. Ижодкорнинг 200 дан ортиқ қўшиқлари, 20 дан ортиқ теленовеллалари экран юзини кўрар экан, уларда фалсафий ҳаёт мушоҳадалари акс этганлиги билан ажралиб туради.

Касбим нуқтаи назаридан вилоят телерадиокомпаниясида ишлар эканман, устоз ижодкор билан Ўзбекистон халқ шоири – Ҳалима Худойбердиева ижод мактабида танишиб, ижодий ҳамкорлик қила бошладик. У киши бу пайтда ҳукуматимиз топшириғи билан ижод мактабига деректор этиб тайинланганди. Ҳар гал телевединие учун интервью, лавҳа, хабар ва суҳбатлар тайёрлар эканман, суҳбатимиз сўнггида шоир ўз онаси ҳақида тўхталиб ўтарди. Муҳаммад ака «менинг шоир бўлишимда, юрт билган ижодкор бўлиб танилишимда онамнинг ўрни бўлакча», дея бот-бот айтарди.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида ижодкорнинг 60 ёшли юбилейи муносабати билан «Бошимдаги тожим онам» китоби тақдимоти бўлиб ўтганлиги тўғрисидаги хабарга кўзим тушди. Беихтиёр Муҳаммад аканинг она дуосини олган фарзанд эканлигига яна бир бор имон келтирдим.

Бир куни суҳбатларимиздан бирида Муҳаммад ака онаси ҳақида тўлқинланиб гапириб, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, Навоий мукофоти совриндори Шерали Жўраев, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов, халқ шоирлари Омон Матжон, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиевалар (бу номларни кўп давом эттириш мумкин, -муаллиф) уларнинг хонадонларида бўлиб, онахоннинг дуосини олганликларини сўзлаб берганди.

Шу аснода мен ҳам Зулайҳо ҳожи она дуосини олиб, юқоридаги рўйхатга тушмоқликни ният қилдим. Буни эшитган шифокор укам Жалолиддин ҳамда падари бузрукворим ёзувчи Фарҳод Ўрол менга ҳамроҳ бўлишди.

Ховос туманига етиб борганимизда вақт кун ярмига яқинлашиб қолганди. Муҳаммад ака айтиб қўйган шекилли, бизни Аҳмад ака ва аёли кутиб туришган экан. Хонадон ичкарисига кирарканмиз, нурли онахонга кўзимиз тушди. Шунда Муҳаммад аканинг онаси ҳақидаги тўлқинланиб гапиришлари ёдимга тушди. Бежизга эмас экан, дея ўйлаб қолдим.

Шундай юз билан юзлашган меҳридарё онаси бор инсоннинг шоир бўлиши табиий. Зулайҳо ҳожи она билан суҳбатлашар эканман, онахоннинг 100 ёшда ҳам фикрлари теран, сўзлари аниқ, ҳаётий хулосалари маъно-мағзига эга донишманд аёлни кўраман. Кўраман-у хаёлимдан беихтиёр Тўмарис, Моҳларойим, Зебинисо, Нодирабегимлар ўтди. Зеро, менинг олдимда шундай буюк аждодлар вакиласи ўтирарди. Шу куни кечгача онахон суҳбатига мафтун бўлдик. Суҳбатимиз давомида онахон ҳалоллик ҳақида кўп гапириб, бир воқеани ҳам айтиб берди. 

– Ёлғиз ўзим 9 нафар фарзанд билан қолган вақтларим, бизни эса бир дона сигиримиз боқар эди, – дейди онахон. – Кунларнинг бирида эрталаб сигирни соғгани оғилхонага борсам, сигир ўлиб қолибди. Фарзандларим билан уввос солиб йиғладик. Кейин эса сигирни кўмдик. Ҳалол ризқимизни эса Аллоҳим берди. Фарзандларни ҳалол ризқ билан улғайтирдим-да,  болам…

Мени ҳайратлантирган яна бир воқеа чиндан ҳам онахоннинг меҳр-муҳаббатга тўла қалб эгаси эканлиги исботлаб турарди. Бу қардош турк биродарларимизга оғир талафотли кунларда қилган ўз нафақасидан 20 миллион сўмлик камтарона ёрдамини Туркия Презеденти ҳам муносиб эътироф этиб, «Туркия ҳалоскори» кўкрак нишони билан тақдирлагани эди.

Ҳа, бизнинг шундай аёлларимиз, оналаримиз бор экан, миллатимизнинг эртасини кўтариб турувчи ёшларимизга камарбаста бўлиб бораверади. Шу ўринда Муҳаммад ака билан «Мутолаа завқи» кўрсатувимга қилган илк суҳбатларимиздан бирида у киши ўзининг ижоди ҳақида гапира туриб, саволларимнинг бирига шундай жавоб бергани ёдимга тушади.

«Биласизми, илк шеърларим Рауф  Парфи ташаббуси билан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этилган. Газетани олиб онамга кўрсатиш учун Ховосга шошганман. Шеърларим модерн услубида ёзилган эди. Тўғриси, онам ҳеч нарсага тушунмаганди. Мен бўлсам олис ўйлар гирдобида қолгандим. Шу-шу онам тушунмаган шеърларни ёзиб нима қилдим, дея бугун жайдари ижод қиламан», – деганди шоир.

Ҳа, бугун Муҳаммад Исмоилнинг барча шеърларини ўқиркансиз, содда ва халқчил эканига гувоҳ бўласиз. Шоирнинг «Бошимдаги тожим онам» китобига кўзим тушгандаёқ мана шу хотиралар ёдимга келди. Қалбида меҳр қуёши порлаб турган нурли онахон билан суҳбатимиз эса юракларимизга ёруғлик улашди.

Зулайҳо ҳожи она ҳузуридан ҳалолликнинг мукофоти улуғ экани ҳақидаги ўйлар, фарзандларни тарбиялаш борасидаги доно ўгитларни юрагимга жойлаганча, мен ҳам фарзандларим ардоғидаги она бўлиш ҳавасида ортга қайтдим...

Соҳиба ЎРАЛОВА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг