Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёт ғоялар таъсирида Сурияга борган ака-укаларнинг қисмати аянчли бўлди

Ёт ғоялар таъсирида Сурияга борган ака-укаларнинг қисмати аянчли бўлди

Суриядаги террористик ташкилот фаолиятида иштирок этган андижонлик фуқаро 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳрида яшовчи, 1997 й.т. шахс 2017 йилнинг июнь ойида ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, савдо дўконида сотувчилик билан шуғулланган.

Орадан бир йил ўтиб, унинг олдига акаси боргач, улар бирга ишлай бошлашган.

Лекин, диний мутаассибликка берилган, 1995 й.т. ака ўз укасини тўғри йўлдан адаштириб, унга террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорийларнинг маърузаларини тарғиб қилади ҳамда Сурия давлатига бориб, жиҳод қилиш лозимлигини айтган.

2018 йилнинг куз ойларида ака-укаларнинг каттаси, кейинроқ эса кичиги Сурия давлатидаги террористик ташкилот сафига бориб қўшилишган.

Лекин, қуролли тўқнашувлар вақтида уларнинг каттаси аянчли тарзда ҳалок бўлган.

Ўша пайтлари террористик ташкилотлар ўртасида юзага келган келишмовчиликлар, амир бўлиш учун етакчиларнинг ўзаро низоларга киришишларини кўриб, ҳафсаласи пир бўлган андижонлик йигит онаси юборган пуллар ёрдамида Туркияга қайтиб ўтади.

Кейинроқ бир муддат Қирғизистонда бўлиб, сўнгра Қозоғистонга борган ҳамда ушбу давлатнинг сохта фуқаролик паспортини олган. Шундан сўнг у ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилади.

У Қозоғистонда жазо муддатини ўтаб бўлгач, Ўзбекистонга депортация қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукмига кўра, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ушбу фуқаро Жиноят Кодексининг 155-2 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг