Янги Тошкент шаҳрида «уч-генерация» станцияси ишга туширилади
Президентнинг 2023 йил 20 июлдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 ноябрдаги қарорларига асосан ўтган йилнинг 18 мартида тамал тоши қўйилган Янги Тошкент шаҳрида «уч-генерация» станцияси қурилиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда айни пайтда бўлиб ўтаётган «Қурилиш – Uzbuild-2024» халқаро кўргазмаси доирасидаги конференцияда маълум қилинди.
Қайд этилишича, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилади, ёзда эса совутилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.
Шунингдек , сув тежовчи технологияларни қўллаш ҳисобига сув сарфи 2 баравар камаяди. Оқова сувлар замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.
Конференцияда таъкидланишича, «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси айнан шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда «Марказий боғ» барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.
Янги Тошкент мега лойиҳасини амалга оширишда энг замонавий экологик транспорт тизимидан фойдаланилади. Янги Тошкентда метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади.
Бунда «яшил ва хавфсиз шаҳар» тамойили асосида, пиёдалар ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобил учун ер ости тураргоҳлари қурилади. Автомобил қатнови учун 14 та замонавий тунеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.
«Ақлли шаҳарнинг муҳим элементи бу ақлли йўллар тушунчасидир. Янги Тошкент лойиҳаси консепсиянинг бир йўналиши сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланган автомобил-йўл алоқа тизимини ташкил этиш ҳисобланади. Яна бир истиқболли йўналиш – бу йўл қопламаси остида зарядловчи элементларни жорий этиш бўлиб, бу ўз навбатида электр транспорт воситаларининг зичроқ тақсимланиши ҳисобига CО2 чиқиндиларини сезиларли даражада пасайтиради, шунингдек, аккумуляторларнинг ўлчамларини камайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга», – деди конференция иштирокчиси Huawei компаниясининг техник маслаҳатчиси Иля Джеря.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter