XV Тошкент халқаро кинофестивали янги миллий фильмлар тақдимоти билан бошланди
«Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали бўйича бугун, 29 сентябрь куни «Ўзбекфилм» киноконсернида пресс-брифинг ҳамда миллий кинолойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Пресс-брифингда Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб фестиваль дастури ва танловлари билан таништирди. Шунингдек сўнгги йиллар кино соҳасидаги ютуқлар тилга олиниб, соҳадаги ислоҳотлар республика президенти сайи ҳаракатлари билан амалга оширилаётгани қайд этилди.
Жорий йилги фестивалга 52 давлатдан ташриф буюрган 300 га яқин меҳмон орасида режиссёр, актёр ва продюсерлар билан бирга Ўзбекистоннинг кўплаб ишончли ҳамкорлари ҳам бор. Шунингдек, 30 га яқин давлатлар билан ҳамкорликдаги кинолойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек фестиваль давомида таниқли хорижий ва маҳаллий киноижодкорлар иштирокида мастер класслар ва ижодий учрашувлар ўтказилади. Қувонарлиси Республика бўйлаб фестивалга тақдим этилган фильмларнинг бепул намойишлари бўлиб ўтишидир.
Пресс-брифингдан сўнг миллий кинолойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унда режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов суратга олаётган «Баҳодир Ялангтўш», Ёлқин Тўйчиевнинг «Улуғ Амир ва донна Мария», Абдуҳалил Мигноровнинг «Менинг маҳаллам», Шоҳрух Расуловнинг «Уч қаҳрамон», Акром Исаковнинг «Енгилмас. Токиога йўл» ва Абутолиб Адамкуловнинг «Эпидемия» фильмлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Фестиваль тадбирлари, кинонамойишлар ва маҳорат дарслари бўйича барча маълумотларни тиффест.уз сайтидан олишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter