Ходимга ишдан бўшаш ҳақида мажбуран орқа сана билан ариза ёздиришса, нима қилади?
Савол: мен бола парвариши таътилидаман менга 3 ёшгача бола пули бериладими? 4 нафар фарзандим бор.
МК 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.
Лекин ҳали Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққани йўқ. Бу муносабатларни ҳозирча “Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тартибга солади. Мазкур Низом бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди. Агар Сиз бюджет ташкилотида ишласангиз, Сизга бола парвариши бўйича ойлик нафақа тўланмайди. Агар бюджетдан ташқари ташкилотда ишласангиз, у ҳолда бола икки ёшга тўлгунга қадар Сизга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдориннг 60% миқдорида яъни 588 минг сўм бола парвариши бўйича ойлик нафақа тўланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сон қарорига 1-илова “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан юқоридаги Низомни чалғитманг. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди. Агар Сизнинг оилангиз кам таъминланган деб эътироф этилса ва болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш шартларига мос тушсангиз, болалар нафақаси олишингиз мумкин. Болалар нафақаси оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб тайинланади. Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.
Савол: мени кадрлар бўлими бошлиғи ва ички хавфсизлик катта инспектори ҳар хил дўқ-пўписалар билан қўрқитиб, орқа сана билан мажбурлаб ишдан бўшатишга ариза ёздириб олди. Бундай ҳолатда нима қилсам бўлади?
МК 160-моддаси 1-қисмига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини ўн тўрт календарь кун олдин (айрим тоифа ходимларга огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари белгиланган) бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли. Яъни эътибор беринг бу ходимнинг ҳуқуқи экан, ун мажбурлашга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 15-бандига кўра, судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозим.
Aгар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, тўғридан тўғри фуқаролик судига, ҳудудингиздаги меҳнат инспексиясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилишингиз мумкин. Ёки +99871 200 06 00 (Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ) 1007 (Бош прокуратура) , 1008 (Aдлия вазирлиги).
Савол: мен бир ташкилотда беш йилдан бери 1 ставкада тарбиячи бўлиб ишлайман. Шу йили феврал ойидан 0.5 ставка тарбиячилигимни олиб, ўрганига 0.5 психологлик беришди. 1 июндан меҳнат таътилига чиқдим. Лекин менга фақат 0.5 тарбиячилигим учунгина таътил пули тўлашди. Шундай ҳисоблашлари тўғрими?
1 ставкадан 0.5 га тушириш ходимнинг розилиги билан амалга оширилади. Чунки, МК 186-моддасига кўра, меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишга қабул қилиш чоғида ва кейинчалик тўлиқсиз иш вақти (тўлиқсиз иш куни (смена) ва (ёки) тўлиқсиз иш ҳафтаси, шу жумладан иш кунини қисмларга бўлган ҳолда) белгиланиши мумкин.
Сизга ярим ставка психолог лавозими ички ўриндошлик асосида берилган бўлса, у ҳолда ярим ставка психолог лавозими учун ҳам таътил берилади ва таътил учун пул тўланади. МК 435-моддасига кўра, ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Асосий иш тўғрисида иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузган ходимнинг ички ўриндошлиги чоғида ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида алоҳида меҳнат шартномаси тузилади.
МК 216-моддаси 2-қисмига кўра, барча ходимлар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. МК 439-моддасига кўра, ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик асосий таътиллар, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча меҳнат таътиллари асосий иш жойидаги йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter