Ходимга “больничний пули” қайси кундан бошлаб ҳисобланади? – мутахассис жавоби
![Ходимга “больничний пули” қайси кундан бошлаб ҳисобланади? – мутахассис жавоби](https://static.xabaruz.com/crop/3/1/720_460_95_3192205170.jpg)
Савол: Ўтган йилдан қолиб кетган меҳнат таътилини бу йилгисига қўшиб олиш мумкинми?
Савол мавҳумроқ, яъни таътилнинг тўлиқ қисминими ёки 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисмини назарда тутяпсизми? Агар таътилнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисми назарда тутилаётган бўлса, у ҳолда МК 230-моддаси 2-қисмига кўра, ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт.
Агар таътилнинг фойданилмаган тўлиқ қисмини назарда тутаётган бўлсангиз, аслида сиз иш йили тугагунга қадар таътилга чиқишингиз керак эди, таътилнинг барча қисмини бутунлай кейинги йилга кўчириб юборилиши меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади. Бунинг учун мансабдор шахсга МЖтК 49-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (3 млн 300 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.
Чунки, МК 230-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак.
Фойданилмаган таътиллар “куйиб” кетмайди. МК 234-моддаси 1-қисмига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.
Ўтган ёки аввалги йиллардан қолиб кетган фойданилмаган таътилларни иш берувчи билан келишган ҳолда бу йилги таътилга қўшиб олиш мумкин. Бу борада қонунчиликда чеклов йўқ.
Савол: театрда кадр бўлиб ишлайман. Театрда ҳар йили июль ойида бутун бир жамоа йиллик таътилга чиқади. Вазирлик 11 июлдан таьтилга чиқариш тўғрисида хат жўнатди. Энди янги МК бўйича ҳар бир ходимга таътил ҳисобласам, ишга чиқиш саналари ҳар хил бўляпти.
Нега вазирлик айнан 11-чидан таьтил беришни назарда тутган?
21 календар кун таътил бериб, 1 августдан иш куни десам, МКдаги 220 ва 401-моддалар нима бўлади. Жамоа шартномасидаги қўшимча кунларчи?
МК 217-моддасига кўра, ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади.
МК 218-моддасига кўра, айрим тоифа ходимларга ёши ва соғлиғининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади. Масалан, I ёки II гуруҳ ногиронлиги борларга 30 календарь кун ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.
МК 219-моддасига кўра ходимга қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳар йилги қўшимча таътиллар берилиш мумкин.
Бундан ташқари, МК 401-моддасига кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боланинг ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, ходимларнинг таътил давомийлиги ҳар хил бўлиши мумкин ҳамда ишга чиқиш саналари ҳам турлича бўлади.
Савол: “больничний”га умумий меҳнат дафтарчаси очилган кундан иш стажи ҳисобланадими ёки охирги узлуксиз стаж ҳисобланадими?
“Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” Низом 31-бандига кўра, нафақа миқдори вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган кунгача, меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат, шунингдек ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан берилган маълумотнома асосида ҳисобланган умумий иш стажига мувофиқ аниқланади. 32-бандга кўра, умумий иш стажи белгиланган тартибда расмийлаштирилган меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат асосида аниқланади.
Демак, содда қилиб айтганда “больничний пули” ходимнинг охирги узлуксиз стажига қараб эмас, балки меҳнат дафтарчаси ёки унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжатдаги умумий меҳнат стажига қараб ҳисобланар экан.
Саволларингизни @xabargayoz_bot га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter