Ходим бир йилда қанча муддатгача ўз ҳисобидан таътил олиши мумкин?
Савол: дам олиш куни ҳам 12 соат ишлаган ходимга неча кун дам олиш куни бериладими? Агар ходимнинг иш вақти 6 соат бўлса-ю, ходим 12 соат ишласа, у иш вақтидан ташқари ишлаган деб топиладими?
Меҳнат кодексининг 263-моддасига кўра, дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинган тақдирда, бундай иш учун ҳақ тўлаш камида бир ҳисса миқдорида амалга оширилади, дам олиш куни учун эса ҳақ тўланмайди.
МК 190-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ошмаслиги керак.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, иш вақтингиз 6 соат бўлса, яна 6 соат иш вақтидан ташқари ишлай олмайсиз, чунки иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — бир кунда икки соатдан) ошмаслиги керак. Яъни дам олиш куни 6 соат ишлаб, яна максимал 4 соат иш вақтидан ташқари ишлашингиз мумкин эди. Шунда жами 10 соат бўлади. Бу ҳолатда иш берувчи меҳнат қонунчилиги талабларини бузган. Лекин Сизга дам олиш куни ва иш вақтидан ташқари ишлаганиз учун камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши керак. Ёки истасангиз, бошқа 1 кун дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.
Савол: икки йил ишлаган ходим 2023 йил феврал ойида декретга, июн ойида эса меҳнат таътилига чиққан. Лекин унга ишлаган вақтига мутаносиб 6 ойга 12 кун меҳнат таътили берилган.
Ходимга меҳнат таътили тўлиқ 24 кун берилиши керак эмасми? Ва тўлови ҳам шунга муносиб бўлмайдими?
МК 228-моддасига кўра, иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади.
Лекин МК 228-моддаси 4-қисмига кўра, айрим тоифа ходимларга, шу жумладан аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили унга қулай бўлган вақтда берилиши керак. Яъни аёллар таътиллар жадвалига қарамасдан ҳар йилги меҳнат таътилини ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин олишлари мумкин. Бу ҳолатда таътил ҳам, таътил пули ҳам тўлиқ берилади.
Савол: нефтгаз соҳасида ишлайман. Мен ўз ҳисобимда 6 ойга таътил олиб чет элга чиқсам бўладими? Қайтиб келиб яна ўз ишимни давом этира оламанми ?
МК 241-моддаси 2-қисмига кўра, ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак.
Тасаввур қилайлик, ходим охирги 1 йил давомида иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқмаган. Ходим 3 ой муддатга 2023 йилнинг 1 августдан 1 ноябрига қадар иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан фойдаланган бўлса, гарчи янги календарь йили яъни 2024 йил бошлансада, у 2024 йилнинг январь ойида яна иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқа олмайди. Чунки иш ҳақи сақланмаган таътил охирги берилган кундан яъни 2023 йилнинг 1 августдан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак. Энди иш ҳақи сақланмайдиган таътилга ходим фақат 2024 йилнинг 1 августидан чиқиши мумкин.
Эътибор беринг иш ҳақи сақланмайдиган таътил ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Яъни иш берувчи ходимни мажбуран иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқара олмайди, ўз навбатида эса ходим ҳам иш берувчи билан келишмасдан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқа олмайди, МК 242-моддасидаги ҳолатлар бундан мустасно. Агар ходим МК 242-моддасида кўрсатилган тоифалардан бирига тушса, масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлса, ходимнинг хоҳишига кўра мажбурий тартибда ҳар йили 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин.
МК 241-моддаси 3-қисмига кўра, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ кўпи билан 6 ойгача кўпайтирилиши мумкин.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, Сиз иш берувчи билан келишган ҳолатда 3 ойга иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишингиз мумкин.
Меҳнат ҳуқуқига доир саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter