Вақтинчалик фойдаланишга ер олган эдик, «болалар пули»ни узиб қўйишди. Шу тўғрими?
Савол: банк тизимида 2003–2015 йиллар оралиғида турли лавозимларда ишладим. Кейин 2018 йилгача «суғурта»да ишладим. 2018 йилдан бери оилавий шароит ва соғлигим туфайли ишлай олмадим. Энди ишга қайтай десам, орада 4,5 йил узилиш бор деб, ишга олишмаяпти. Ҳақиқатан ҳам узилиш бўлса, банк тизимига ишга кириб бўлмайдими?
Меҳнат кодексининг 123-модасига кўра, ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахс олдиндан (меҳнат шартномаси имзолангунига қадар):
- иш берувчига ушбу Кодекснинг 124-моддаси биринчи қисмида санаб ўтилган, ишга қабул қилиш чоғида талаб этиладиган ҳужжатларни тақдим этиши;
- иш берувчи томонидан ўтказиладиган суҳбатда иштирок этиши;
- ишга қабул қилиш чоғида ўтказиладиган танловда иштирок этиши шарт.
Иш берувчи танлов ўтказиладиган сана ҳақида тегишли ишга (лавозимга) кираётган шахсга камида бир ҳафта олдин хабар қилади.
Сиз суҳбат ва танловдан ўтсангиз ишга киришингиз мумкин. Бунга иш стажидаги узилишнинг даҳли йўқ.
Фақатгина қонунчиликда айрим истиснолар мавжуд. Масалан, Меҳнат кодексининг 502-моддасига кўра, агар шифокорнинг мутахассислиги бўйича иш стажида уч йил ёки ундан ортиқ танаффус мавжуд бўлса (ижтимоий таътиллар, тиббиётга ихтисослашмаган мутахассисликда ишлаш, узоқ давом этган касаллик, ногиронлик ва бошқалар), шифокор ўз касбий фаолиятини қайта бошлашдан олдин аввалги йилларда олинганлиги тўғрисида ҳужжат билан тасдиқланган мавжуд базавий, асосий ёки қўшимча мутахассисликка мувофиқ ихтисослашув курсларидан ўтиши шарт. Ихтисослашув курсларидан ўтиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
Савол: менга июль ойида болалар пули узилди.Эримнинг номида апрел ойида 50 сотих ерни деҳқон хўжалик қилиб олган эдик.Маҳаллага чиққанимизда «шу ер сабабли сизларга бола пули берилмайди», дейишди. Шундай бўлиши мумкинми?
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сон қарорига 1-илова «Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 23-бандига кўра, томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад бир ойлик ўртача жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига киритилади. Низомнинг 27-бандига кўра, томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинадиган бир ойлик ўртача норматив даромад томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун фойдаланилаётган сотихлар майдонини жами даромад аниқланаётган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,035 бараварига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Савол: мен ишхонамда ойлик маошимга қўшимча 20 фоиз устама оламан. Ушбу устама меҳнат таътилимда ҳам ҳисобланадими?
Меҳнат кодексининг 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.
МК 257-моддаси 2-қисмига кўра эса, ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter