UzAuto Motors’нинг монополияси тугатилади
Келгусида Ўзбекистонда 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади ва ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 1 миллион донага етказилади (ҳозир 350 минг). Шунингдек, электромобиль ишлаб чиқариш йилига 300 мингтага етказилади.
Бу ҳақда ЎзЛиДеПнинг навбатдаги қурултойида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президентлик сайловига партиядан ўз номзодини қўйган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгилаб қўйилган.
«Умуман, саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард доллардан 45 миллиард долларга етказилади.
Юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга 1 миллиард доллар ажратилади», – дейди амалдаги Президент.
Шунингдек, келгуси йилларда 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналарини ташкил қилиш ҳамда тадбиркорларга «тайёр бизнес» шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизимини тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Ҳар бир туманда эса камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. Шу билан бирга, «Ай-ти» хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда маҳаллий бозорнинг енгил автомобилларга бўлган эҳтиёжини биргина UzAuto Motors компанияси қоплаб келмоқда. Йиллик ишлаб чиқаришнинг камлиги ва хориж автомобиллари импортига қўйилган талабларнинг оғирлиги мазкур компанияни мамлакатда ягона монополга айлантирган. Шу кунга қадар компаниянинг мижоздан тўловнинг маълум қисмини камида 8 ой аввал олиши, навбатлар ва маҳсулот сифати ҳақида кўплаб эътирозлар тарқалади ва кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter