Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент туманида «Тез ёрдам» шифокори калтакланди

Тошкент туманида «Тез ёрдам» шифокори калтакланди

Тошкент вилояти Тошкент туманидаги хонадонларнинг бирига чақирув билан борган «Тез ёрдам» шифокори калтакланди.

Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, жанжалли вазият жорий йил 1 июн куни туманнинг Чувалачи ҳудуди Дилкаш кўчаси 15-уйда яшовчи 26 ёшли Жасур Одилжонов томонидан содир этилган.

Хабарда айтилишича, Ж.Одилжонов бош оғриғи шикояти билан «Тез ёрдам» чақирган. Чақирувга кўра, шифокор Ражабов Темур ва фелдшер Ўлмасова Назирадан иборат бригада манзилга соат 16:45 да етиб борган. Бемор шифокорга бош оғриғи, безовталик, умумий холсизлик, шикоятлари борлигини ва буйрак касаллиги бўйича даволанаётганини айтган.

Шифокор бирламчи текширувни ўтказиб, оғриқни қолдириш учун фелдшерга оғриқ қолдирувчи дори воситасини шприцга тортиб тахлашини айтган. Шу вақтда шифокор беморга қўшимча касалликлари бўйича саволлар берган, аммо бемор шифокорни ҳақоратлаб, ундан ишини тезроқ қилишини талаб қилган ва тўсатдан унинг юзига мушт билан урган. Шифокорнинг лаби ва пастки жағ соҳасидан қон кетишни бошлаган ва бироз вақтга шифокорда карахтлик холати кузатилган. Ҳолат бўйича ҳудуд профилактика инспектори Қ. Тўраевга хабар берилган.

Шифокор бошқа бригада билан ТТА-3 Юз-жағ жарроҳлиги бўлимига олиб келинган. Жароҳат жойи тикилиб, қон оқиши тўхтатилган. Шифокор ишини давом эттириш мақсадида иш жойига қайтган. Бироз вақтдан сўнг, шифокорда бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, умумий холсизлик кузатила бошлаган ва зудлик билан ТТА-2 клиникасига госпитализация қилинган.

Шифокор ТТА-2 Нейрохирургия бўлимига соат 23:45 да “Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Ўнг томон пастки лаб соҳасида тикилган жароҳати. Ўнг пастки жағда юмшоқ тўқималар лат ейиши” ташхиси билан ётқизилган.

Ҳозирги вақтда бемор-шифокор бўлимда тиббий муолажаларни қабул қилмоқда.

Ҳокимликка кўра, айни пайтда шифокор ариза билан тегишли органларга мурожаат қилмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг