Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 5 та «заправка» 6 минг аҳолининг бир йиллик газини ўғирлаган

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 5 та «заправка» 6 минг аҳолининг бир йиллик газини ўғирлаган

«Ўзэнергоинспекция», «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳридаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да табиий газдан фойдаланишни назорат қилиш бўйича ўтказилган тадбирларда қатор қонунбузарликлар аниқланди.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Пискент туманида жойлашган «Камолот истиқлол кўмакчиси» МЧЖга қарашли 3 та АГТКШда ўрнатилган газни ҳисобга олиш ускуналарида назорат қилинадиган маълумотлар истеъмолчилар аралашуви билан қисман йўқотилишига йўл қўйилганлик ҳолати, яъни газни ҳисобга олиш ускунасининг электр таъминоти тизимидан вақти-вақти билан узиб қўйиш йўли билан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмининг ҳақиқий кўрсаткичлари ҳисоботлардан яшириб келинганлиги аниқланди.

Натижада МЧЖнинг 1-шохобчасида қиймати 1 млрд 302 млн 579 минг сўмлик (1 302 579 метр куб табиий газ), 2-шохобчасида қиймати 4 млрд 623 млн 523 минг сўмлик (4 623 523 метр куб табиий газ) ва 3-шохобчасида 1 млрд 896 млн 573 минг сўмлик (1 896 573 метр куб табиий газ) ҳажмда табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган «Кошона пойдевори» МЧЖга қарашли АГТКШда табиий газ ҳажмини ҳисобга олиш учун ўрнатилган ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказилгани ва натижада қиймати 1 млрд 907 млн 168 минг сўмлик (1 907 168 метр куб табиий газ) ҳажмда табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди.

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Нур Зиёд файз бизнес» МЧЖга қарашли АГТКШда ҳам газ ҳисобдонига ташқи таъсир кўрсатилганлиги, яъни ҳисобдон манифолд қисми тенглаштирувчи жўмраклари очиқ ҳолатдалиги (тўлиқ ёпиқ ҳолатда бўлиши керак) маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, 1 млрд 324 млн 800 минг сўмлик (1 324 800 метр куб табиий газ) ҳажмда табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳажмдаги табиий газ ўртача 6 мингта хонадоннинг бир йиллик истеъмолини ташкил қилади.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларига тақдим қилинди.

Ҳозирги вақтда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг