«Тошкент-Бухоро-Тошкент» йўналишида янги поезд қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан «Тошкент-Бухоро-Тошкент» йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади.
Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур дизел поезди «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖ ва «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ шартномаси асосида қурилган бўлиб, таркиби 12 та вагондан иборат, бундан 2 та VIP, 4 та бизнес (бизнес-класс ўриндиқлари йўналиш бўйича ўзгаради), 4 та эконом, 1 та ресторан ва 1 та дизел вагонлари бор.
«Ҳозирда поезд мазкур йўналишда синовдан ўтказиш жараёнида.
Поезд ҳаракат вақти 6 соатдан иборат бўлиб, 592 км масофани босиб ўтади. Янги дизел поезди синови якунлангач, яқин кунларда йўловчиларга фойдаланиш учун топширилади», – дейилади расмий хабарда.
Қўшимча қилинишича, вагонларга ўрнатилган совутиш тизими бошқа вагонлардан фарқли равишда улар тўхтаб турганда ҳам ишлашда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter