Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тирикчиликнинг қусурли йўли – тиланчилик болалар келажагига болта уради

Тирикчиликнинг қусурли йўли – тиланчилик болалар келажагига болта уради

Турмушимиз ташвиш, муаммоларга тўла. Асабларимиз чегарадан ўтиб кетган. Сал нарсага чап кўкрагимиз санчади. Шундай пайтда бир оғиз ширин калом бўлса, ёки кимгадир меҳр кўрсата олсанг... Шу топ қаерданам пўтана сочли қизалоқ кирчил қўлларини очганча, садақа сўраб келди.

«Пул беринг!»

«Пулни нима қиласан?!» – сўраймиз мийиғида кулиб.

«Ҳу-ув, ана у ёққа нанажон ўтирибди. Унга бераман», - дейди қизалоқ бийронгина.

Беихтиёр қизалоқ кўрсатган ёққа қарадик. Афсуски, бу «нанажон» бозорларда ҳар куни одамлар ортидан садақа сўраб, улар ортидан эргашиб юрадиган лўлимас. Миллатдошимиз. Секин унинг сари одимладик.  Ўттиз ёшлардаги «нанажон» чамаси, бир ярим-икки яшарли  боласини бағрига маҳкам босганча садақа сўраб турарди.

«Эрим ўлган. Ўзим беваман. Ўғлим ногирон. Шунга мажбурман!» -деди тиланчи.

Туппа-тузук, тўрт мучаси соғ, кўзмунчоқдек боланинг ногиронга ўхшамаслиги шубҳа уйғотди. Иккиланмай, фикримизни баён этдик.

«Сенларга нима?! Тили соқов, гунг болам, гунг, билдиларингми!» - деди-да жовраганча боласини судрагудек олиб кетди. Аясининг таъбири билан айтганда, «тили соқов ва гунг» болакай «нанажон»лаганча ғингшиниб онасига эргашарди.

Йўқ, аслида, бу аёл бева эмас, балки эрига хиёнат қилгани боис, икки боласи билан уйдан қувилган жувон экан... Ўзини бечораҳол кўрсатиб, бунинг устига, соғлом боласини ногиронга чиқариб қўйган аёлни оқлаб бўлармиди?! Меҳнат қилишга эриниб, текин даромад топишга ўрганиб қолган нобоп кимсаларгина шундай аҳволга тушади. Афсуски, жабрни болалар тортишади.

Ўзини гўё кўзи ожизга солган кеинги тиланчи аёл эса олдидан садақа бермай ўтиб кетган йигит ортидан:

«Ҳе, уйингга ўт тушсин, садақа бермаган қўлларинг синсин», -дея қарғанди.

Йигит эса аламданми, уятданми, ортига қайтиб, тиланчига садақа бериб кетишига тўғри келди. 

Кейинги суҳбатдошимиз ўзини «Лоша»дан деб таништирди.

«Опажон, ўғлингиз каттагина экан. Мактаб ёшидалиги кўриниб турибди», -деймиз.

«Манавинисиям мактаб ёшида, – аёл сал нарироқда одамлар ортидан югургилаб юрган қизини кўз қири билан кўрсатди, - Уям мактаб боради. Осонми...мактабдаям ўқитиш?!»

«Ахир, мактаблар бизда пулликмас...»

«Бе-е, пулликмас, эмиш... Ҳали ремонт пули, ҳали бошқаси. Мактабларда ремонт пули олмаяпти, «йиғди-йиғди»лар бўлмаяпти, деганларнинг ҳаммаси ёлғонларнинг бештасини ебди. «Ёпти-ёпти» қилиб юборишяпти-да, сенлар ҳам: «ҳа, уларники тўғри, мактабларда пул териш йўқ, ота-оналар нотўғри айтишяпти экан!» деб ёзиб  қутилиб қўяқоласанлар. Қани, йиғмай кўришсин-чи... Кийим-кечаклари, китоби, дегандек.., -асабийлашди аёл, – яна бир катта қизим бор, уйда. Ўтган йил спорт кийими йўқлиги учун жисмоний тарбия ўқитувчиси синфдошлари олдида роса изза қилдирган. Айрим ўқитувчилар боланинг шарт-шароити билан ҳисоблашмаса, камситса, боланинг мактабга боргиси келармиди?!»

Ўйланиб қоламиз: «олиш-йиғиш»лар айрим мактабларда учрайдиган ҳол. Кўз юмиб ўтолмаймиз. Таълим мутасаддилари бу масалага жиддий ёндошадилар, деган умиддамиз.

«Пул топишнинг меҳнатга асосланган томони ҳам бор-ку, опажон», -деймиз яна унга юзланиб.

«Э-э, шу пайт ўзим қаерда ишлай, деб турибман, маслаҳатингизга зормасмиз!» - асаблари таранглашган аёл қўполлашганча ўрнидан туриб кетиб, биздан узоқлашди.

Ҳа, ҳаёт ҳар доим ҳам биз ўйлагандек текис ва равон эмас. Аслида, тиланчилик - меҳнатдан қочиб, тайёр ва текин даромад «маза»сини олган луқма эгаларининг «касби». Фарзандлари учун кимдир бировнинг боғ-роғига, супа-супрасига қараб, улушини олса, айб эмас. Болаларини пешона тери эвазига топилган ризқ билан боққан одам тиланчилик қилиб, кун кечирган одамдан афзал. Ҳолбуки, боболаримиз, момоларимиз ўндан ортиқ фарзандлари бўла туриб, ҳатто, қўшнидан қарз олишни ҳам ор, деб билганлар. Андишани устун қўйишган.

«Фарзандларим нон-ошимиздан хабар олишмагач, нима қилай, қизим?! Чолим уйда бетоб ётибди...»-биздан хижолатомуз йиғлагудек бўлиб титраб сўзлайди бир онахон.

«Онам билан ижара уйда яшайман. Тоғамлар ёрдамлашмайди. Мен эса онамга ёрдам бўлсин учун асосан чорраҳаларда, светофорлар олдида тураман. Машиналар тўхтаганда, ҳайдовчилардан пул сўрайман»,-дейди 14 ёшли Нодиржон.

«Ота-онам вафот этгач, акаларим ўз иши билан овора. Янгаларим ҳовлига сиғиштирмади. Икки йил аввал, 17 ёшда аввал дугонамнинг уйида, кейинчалик ёши кексароқ кишининг уйида яшадим. Отахон ҳам тўшакда михланган. Теримда оқ доғлар борлиги учун бирор ишга олишмайди. Ўзимни ва ижара уйимнинг эгасини боқиш учун тиланчилик қилишга мажбурман»,-дейди Дурдона исмли қиз.

Масаланинг иккинчи томонига қарасак, кўксимиз беихтиёр санчади. Ўз синглиси ё опаси шу ҳолга тушиб қолганини кўриб туриб, индамаётган оғалар, қани улар кўксидаги ғурур, қани меҳру-оқибат?! У қандай оға-иники опа-синглисини садақага муҳтож этса?! У қандай фарзандки, бетоб ётган чолига дори-дармон олиш учун тиланчиликда мункайган муштипар онасини бу йўлдан қайтаришга куч топмаса?! Ёки айрим маҳалла, маҳалладошлар-чи?! Улар кимга, нимага қарашаяпти?! Баъзан эшитиб қоламиз, ҳаётда учратамиз, фалончи осмонўпар иморат қилиб, энг замонавий русумдаги автомашина сотиб олибди. Ён қўшнингиз нимагадир зор бўлсаю, сиз уларга машинада лой сачратиб ўтсангиз, дарвозангиз ортида ким борлигини билмасангиз...

Хўш, айрим мактаб раҳбарлари-чи?! Улар наҳотки, ўз ўқувчиларининг тиланчилик, дайдилик қилиб юрганларидан бехабар бўлишса?!

Бухоро шаҳридаги Марказий бозорда ҳар куни бир ногирон боланинг аравачада ғингшиниб турганига гувоҳ бўламиз. Унинг юра олмаслиги чин. Етмагандек кун иссиғида япроқдек титраб-титраб бораётган болани кўрганингизда қалбингизни изтироб кемиради. Ўз фарзандини азобларга гирифтор этиб, унинг ногиронлигидан манфаат кўзлаган ота-онани ким, деб аташ мумкин?!

Аниқланишича, болага ногиронлик нафақаси берилади. Маҳалла-кўй ҳам қарашиб тураркан. Бироқ, жисмоний меҳнатдан қочган айрим ота-оналарнинг ялқовлиги боис, ногирон болани тиланчилар қаторида қўйишган.

«Яқинда ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ҳодимлари ҳамда шаҳар ИИБ ҳамкорлигида рейд ўтказдик. Бухоро вилоятида жамоат тартибини сақлаш, ҳавфсизликни таъминлаш ҳамда қонунга хилоф равишда тиланчилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга қарши курашиш борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган профилактик чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қўшма қарори қабул қилинган бўлиб,  қўшма қарор доирасида бир қатор амалий ишлар бажарилди. Бозорларда, кўча-кўйларда дайдилик, тиланчилик билан шуғулланиб юрган ўсмирлар рўйхатга олинди. Жумладан, вилоят миқёсида тиланчилик фаолияти билан шуғулланувчи 51 нафар ёши катта шахсларнинг рўйхатлари худудлар ва маҳаллалар кесимида шакллантирилди. Асосан, Бухоро шаҳридаги Марказий Дехқон бозори, Карвон бозори, «Ситора» автобозори, Самонийлар истироҳат боғи, Ёшлар боғи, вилоят Перинатал маркази, Бухоро кинотеатри, Фатхобод тўйхонаси, Юридик коллеж чорраҳаларида, қатор светофор атрофларида тиланчилик қилиб юриш ҳолатлари кўпроқ учрайди. Жорий йилнинг мос даврига қадар вилоят бўйича 67 нафар вояга етмаганлар томонидан тиланчилик содир этилгани қайд қилинди. Уларнинг барчаси вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик), 1-қисмига асосан, маъмурий баённома расмийлаштирилди. Болалар тақдирига, уларни тирикчиликнинг энг қусурли йўли - тиланчиликка ундаётганларга нисбатан бефарқ бўлмаслигимиз керак. Зеро, тиланчилик болалар келажагига болта уради»,-деди вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ  бўлинма бошлиғи, капитан Фаррух Ҳотамов.

Маълум бўлишича, ўсмирлар тартиб муассасаларига олиб келиниб, улар билан суҳбатлашилган, аксарияти носоғлом муҳитда ўсаётгани, ота-онасининг хорижга ишга кетганлиги боис, бобоси ёки бувисининг қистови билан тиланчилик қилаётгани аниқланган. Вилоят ҳудудида яшовчи 3105 нафар вояга етмаганларнинг ота-оналари турли мақсадларда чет элларга кетгани сабабли улар назоратсиз қолган. Ҳар бирининг яшаш шароити ўрганилиб, уларнинг 1235 нафарига васий тайинланган.

118 нафар лўли миллатига мансуб шахслар, 21 нафарини кекса ёшдаги ногиронлиги бўлган ўзбек фуқаролари йўл чеккаларида ногиронлик аравачаларида тиланчилик билан шуғулланмасликлари тўғрисида расман огоҳлантирилган.

«Булардан ташқари, ўтказилган рейдлар давомида 227 нафар дайди ўсмир тиланчиликда гумон қилиниб, 1-сонли ИИБга 71 нафари, 2-сонли ИИБга 62 нафари, 3-сонли ИИБга 67 нафари, ва 4-сонли ИИБга 27 нафари келтириб топширилган. 3 нафар дайди тиланчиларга нисбатан қонунда кўзда тутилган жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳудудий суд идораларига юборилган»,-дея сўзида давом этди Фаррух Ҳотамов.

Тиланчилик болани аввалига майда безориликка, кейинчалик жиноятга бошламаслигига ким кафолат бера олади?! Нима бўлганда ҳам садақа сўраш, ризқ тиланиш миллатимизга хос эмас. Ғурур, ҳалол меҳнат ва меҳру-саховат ўзбекка хос одат. Буни қалбларимизга жо айлайлик. Токи, йўлларимизни иссиғу совуқ, демай кўзларини жовдираб турган болалар, садақага қўл чўзган оналар эмас, шодликларга тўлган соғлом болажонлар, уларнинг бахтидан энтикиб, қўлларини дуога очган оналар тўлдирсин. Бир болага етти қўшни ота-она, деган нақлга барчамиз тенг амал қилайлик.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг