«Тез ёрдам»нинг 4 та ҳудудий филиалига юзта янги автомашина топширилди
Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят филиалларига «А» тоифали 100 та «Volkswagen Caddy» тез тиббий ёрдам автомашиналари топширилди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Ғофуровнинг маълум қилишича, айни пайтда «103» хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Йил якунига қадар яна 500 дан ортиқ ана шундай транспорт воситаларини ҳудудларга етказиб бериш кўзда тутилган.
– Фавқулодда ҳолатларда ва касаллик хуруж қилган вақтда беморга имкон қадар тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга хизмат қилади, – дейди у.
Қайд этилишича, энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.
Шунингдек, улар шаҳар ичида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, тежамкорлиги билан ҳам ажралиб туради. Энг муҳими, бу автомобилларда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг сентябрига қадар Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки жами 277 дона «Volkswagen Caddy» тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter