Тақиқловчи йўл белгилари ҳайдовчиларни олдиндан хабардор қилиб, сўнг ўрнатилади – лойиҳа
Адлия вазирлиги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга йўл ҳаракатини тартибга солишга доир айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжат лойиҳасида, жумладан, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга 13-1-моддасини қўшиш назарда тутилмоқда.
Унга кўра, мазкур модда билан йўл ҳаракатини тартибга солиш техник воситаларини ўрнатишга доир талаблар амалиётган жорий қилинади.
Яъни, келгусида:
- йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари давлат стандартлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўрнатилади.
- тақиқловчи йўл белгилари фақат Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ўрнатилади.
- тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилишидан камида йигирма кун олдин бундай қарор қилиш сабаблари ҳақида жамоатчилик маҳаллий ижро ҳокимияти органининг тегишли расмий интернет саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилинади.
- йўл белгиларининг электрон реестри шакллантирилади ҳамда уларнинг жойлашган жойи бўйича харитаси эълон қилинади.
- йўл белгиларининг электрон реестрига киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
- йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситаларига қўйиладиган техник талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар билан белгиланади.
- тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, «сунъий нотекислик» қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб ҳозирча лойиҳа бўлиб, у Президент томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter