Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов 16 йилга қамалди

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов 16 йилга қамалди

Фото: Currenttime.tv

Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги ДХХ) собиқ терговчиси Нодир Тўрақулов 16 йиллик қамоққа ҳукм этилган. Хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Олий суд ҳарбий ҳайъатининг 2018 йил 25 октябрда ҳукми чиққан.

Айтилишича, Тўрақулов қамоқ жазосидан ташқари энг кам иш ҳақининг 400 баравари (81 092 000 сўм) миқдорида жаримага ҳам тортилган.

Қайд этиш керакки, Нодир Тўрақулов ҳибсга олингани 2018 йилнинг бошида маълум бўлган эди. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Сурхондарё вилоятидаги фаолияти давомида шериклари билан нафақат маҳаллий, балки хорижий тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олиш, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилиш, наркотик савдоларини ташкил этиш каби жиноятларга алоқадорлиги, Денов ва Термиз шаҳарларида унга тегишли «MALIKA GOLD» ресторани, «ORIFA» сауналари борлиги айтилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Миллий хавфсизлик хизматининг вилоятдаги фаолиятини жиддий танқид остига олган, улар орасида айнан Тўрақулов ҳам бор экани тахмин этилади.

«Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган. Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. Яна бир-иккитаси Тошкентда юрибди, бориб ишдан оламан.

...Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди. Энди у замон тугади. Ман буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар.

...Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб. Сан кимсан, ўзинг пул бермайдиганмидинг, сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди», — деган эди ўшанда Шавкат Мирзиёев.

«Xabar.uz» Нодир Тўрақуловнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарга изоҳ олиш мақсадида Ҳарбий прокуратура матбуот хизмати билан боғланган ҳамда «қўлимизда бу бўйича расмий маълумот йўқ. Шунинг учун ҳам сизга аниқ бирор факт айта олмайман», — деган жавобни олган эди.

Бундан ташқари, журналист Бобомурод Абдуллаев иши ҳам айнан Нодир Тўрақулов томонидан олиб борилган ҳамда Абдуллаев ўз кўрсатмаларида собиқ терговчининг қийноқлари ҳақида сўзлаб берган, унга нисбатан жиноят иши очишни сўраган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг