Шарлотт Адрианнинг Ўзбекистондаги фаолияти даврида қандай муҳим воқеалар рўй берди?
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятини якунлади.
17 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов европалик дипломат билан хайрлашув учрашувини ўтказди.
«Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси сифатидаги дипломатик миссиясини якунлаётган Шарлотт Адриан хоним билан учрашдик. Элчининг йиллар давомида Ўзбекистон билан ЕИ кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолаймиз. Унга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаб қоламиз», – деди Бахтиёр Саидов.
Шарлотт Адриан 2021 йил март ойидан ЕИнинг Тошкентдаги делегациясига раҳбарлик қилаётганди. У 2021 йил 23 апрель куни ЕИни тамсил этувчи дипломат сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.
Ш.Адрианнинг дипломатик миссияси даврида Ўзбекистон ва ЕИ ҳамкорлигига доир бир қатор муҳим ҳодисалар рўй берди.
2022 йил 6 июль куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) дастлабки босқичда имзоланди. Янги ҳужжат 1996 йилда имзоланган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.
2022 йил октябрь ойида Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Ўзбекистонга ташриф буюрди ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказди. «Мен Ўзбекистон раҳбарияти ЕИ билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хайрихоҳ эканига амин бўлдим», ؘ– деган эди Ш.Мишель музокара якунида.
2022 йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза» деб номланган йирик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Ушбу тадбир икки йирик минтақа ўртасидаги алоқалар тарихида муҳим ўрин тутди.
2023 йил 22 ноябрь куни Ўзбекистоннинг ЕИ Преференцияларнинг бош тизими (GSP+) бўйича бенефициар мақоми яна тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. 500 миллиондан ортиқ аҳолига эга ЕИ дунёдаги энг йирик бозорлардан биридир. Шу тариқа мамлакатимиз ушбу бозорга 6200 дан ортиқ товар позицияларини божсиз экспорт қилиш имконини сақлаб қолди.
2024 йил 5 апрель куни ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида жуда ҳам муҳим бўлган хомашё (CRM) соҳасида барқарор нарх-наво занжирини ривожлантиришга қаратилган ҳужжат имзоланди.
Ўтган уч йил яна бошқа кўплаб муҳим тадбирлар, ташрифлар билан ёдда қолди.
Аввал хабар берганимиздек, Ш.Адриан жорий йил май ойида Европа куни муносабати билан Тошкентда сўнгги бор нутқ сўзлаётганини таъкидлаб, ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти вакиллари ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter