Шаҳарсозликда айрим лицензияларни олиш учун талаблар кучайтириляпти
Ўзбекистон ҳудудида доимий муассасаси бўлган норезидент юридик шахслар ҳам баландликларда саноат альпинизми усулларида таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишлари мумкин. Лицензия олиш учун мурожаат этиш муддати 15 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.
Бу борада 23 ноябр куни Ҳукуматнинг 619-сонли қарори қабул қилинди.
Қарор билан, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасидаги айрим лицензияларни олиш учун талаблар кучайтирилмоқда.
Жумладан, хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича лицензияларни олиш учун талаблар кучайтирилади.
Шунингдек, кўприклар ва туннелларни лойиҳалаштиришга лицензияни олиш учун ташкилот штатида камида 15 нафар мутахассисга эга бўлиш талаби қўйилмоқда. Шулардан асосий иш жойи сифатида ишловчи:
- директор;
- соҳа бўйича олий маълумотга ва лойиҳалаштириш соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга 3 нафар лойиҳа бош муҳандиси;
- бош архитектор;
- 2 нафар технолог;
- 2 нафар конструктор бўлиши керак.
Лицензияни шу жумладан чет эл (доимий муассасаси мавжуд) юридик шахслар олишлари мумкин. Кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқаряпти.
Янги лицензия талаблари 2024 йил 1 мартдан кучга киради, унга қадар тегишли лицензияга эга ташкилотлар ўз фаолиятини янги талабларга мувофиқлаштиришлари лозим.
2024 йил 1 апрелдан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмаган ҳолда қурилган бино ва иншоотлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter