Самарқанддаги ҳолат учун ўқитувчига «ҳайфсан» берилди
Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги мактабларнинг бирида содир бўлгани айтилган ўқитувчининг ўқувчини калтаклагани акс этган видеохабар тарқалди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борганини маълум қилиб, ўз муносабатини билдирди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 16 декабр куни Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида география дарсида содир бўлган.
Ҳолат юзасидан 21-умумтаълим мактабининг навбатдан ташқари педагоглар кенгаши ўтказилган.Кенгаш баённомасига кўра, ўқитувчи С.Ҳ. география дарсида копток тепиб ўйнаб ўтирган ўқувчи Д.Э.ни дарсга ҳалақит бермаслиги юзасидан бир неча бор огоҳлантирган ва синф хонасидан чиқариб юборган. Шундан сўнг ўқувчи синфга деразадан кириб ўқитувчини сенсираб ҳақорат қилган. Ушбу ҳолатдан кейин ўқитувчи ўзини тўхтата олмай болани калтаклагани айтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 21-умумтаълим мактаби география фани ўқитувчиси С.Ҳ га Халқ таълим вазирининг 2022 йил 28 июнда қабул қилинган «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари»ни қўпол равишда бузганлиги учун «Ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган.
Ишчи гуруҳ ўқитувчи ва ўқувчининг онаси билан ҳам алоҳида-алоҳида суҳбатлашган. Суҳбат давомида ўқитувчи бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини ўз ишидан пушаймонлигини билдирган. Ўқувчининг онаси эса боласининг шўхлигини таъкидлаб, ҳеч кимга даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter