Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия Ўзбекистонда рус мактабларини қурмоқчи. Ҳукумат изоҳ берди

Россия Ўзбекистонда рус мактабларини қурмоқчи. Ҳукумат изоҳ берди

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Россиянинг Ўзбекистонда мактаб қуриш таклифи ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинаётганини билдирди.

«Бугун Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 4-мажлисида маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик бўйича билдирилган муайян таклиф моҳияти нотўғри талқин қилинмоқда.

Давлатлар ўртасидаги ўзаро расмий келишувларга асосан, бир давлат ҳисобидан бошқа давлат ҳудудида мактаб ва шунга ўхшаш ижтимоий объектлар қуриш анъанаси жаҳон тажрибасида мавжуд. Бу ўзаро ижтимоий ёрдам сифатида таснифланади» – дея ёзган Бош вазир матбуот котиби.

Унинг айтишича, давлатлар бир-бирининг ҳудудида мактаб қуриши жаҳон тажрибасида бор ва шундай мактаб қурилса ҳам, унинг дастури ҳар томонлама ўрганиб чиқилади.

«Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, хорижий мамлакатлар томонидан қуриб бериладиган  мактабларнинг таълим дастурлари дастлаб соҳа мутахассислари томонидан миллий урф-одат, қадрият ва анъаналаримиз, тарихимиз, амалдаги қонун ҳужжатларимиз, мавжуд таълим стандартларимиз нуқтаи назаридан чуқур ўрганиб чиқилади.

Агар қуриб берилиши таклиф этилаётган мактаб ва унинг дастури юқорида назарда тутилган талабларга мазмунан мос келса, ушбу таълим муассасасининг фаолият юритиши учун ўрнатилган тартибда лицензия берилади», – деган Бекзод Ҳидоятов.

Маълумот учун, 18 сентябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 4-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Россия ўзбек томони манфаатдор бўлса, Ўзбекистонда Россия дастурлари бўйича рус тилида таълим бериладиган бир нечта мактаблар қуришга тайёрлигини маълум қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг