Рамазон ойида ходимлар учун қандай имтиёзлар бор?
Барчангизга кириб келаётган Рамазон ойи муборак бўлсин. Мен ташкилот раҳбариман. Ходимларимизга Рамазон ойида қонуний тартибда ишдан вақтлироқ кетишлари учун қандай енгилликлар қилиб беришим мумкин?
Меҳнат қонунчилигига доир юқоридаги саволга «xabar.uz» эксперти, Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарига кўра, Рамазон ойининг биринчи куни милодий 2024 йил 11 март, душанба кунига тўғри келади.
Барчамизга кириб келаётган раҳмат ва мағфират ойи Рамазони шариф муборак бўлсин! Шу кунга қадар фақат ходимлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини сўраб савол юборар эдилар. Бу каби саволлар жуда-жуда камёб.
Сиздек ходимпарвар раҳбарларга Рамазон ойида ходимларга енгиллик бериш мақсадида қуйидаги айрим усулларни таклиф қиламиз (яна бошқа қўшимча кафолатларни кейинги материалларимизда бериб борамиз):
1-усул
Меҳнат кодексининг 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.
Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга нималар киради?
МК 12-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
- жамоа келишувлари;
- жамоа шартномалари;
- иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
- ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.
Демак, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда Рамазон ойида ходимлар учун алоҳида кафолатлар назарда тутилиши мумкин.
Агар ташкилотнинг жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида Рамазон ойи учун алоҳида кафолатлар назарда тутилмаган бўлсачи?
Эътибор беринг, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар жумласига, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам киритилмоқда.
Яъни жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида рамазон ойида ходимлар учун кафолатлар назарда тутилмаган бўлсада, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатларда (буйруқлар, фармойишлар, қарорлар) ҳам алоҳида кафолатларни назарда тутилиши мумкин. Чунки юқорида таҳлил қилиб ўтганимиздек, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар жумласига киради.
2-усул
Меҳнат кодексининг 204-моддасига кўра, иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан 2 соат ва камида 30 дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки меҳнат шартномасида, агар ходим учун белгиланган кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, унга мазкур танаффус берилмаслиги назарда тутилиши мумкин.
Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Демак, Рамазон ойида рўзадор ходимлар учун биз амалиётда кўникиб қолганимиз дам олиш ва овқатланиш учун 1 соатлик танаффус ўрнига уларга дам олиши учун 30 дақиқа берилса, шунда рўзадор ходимлар 30 дақиқа вақтли кетишлари мумкин бўлади.
3-усул
Рамазон ойида ходимга тўлиқсиз иш вақти белгиланиши мумкин. МК 186-моддаси.
4-усул
Таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақтидан олдин ҳам таътил бериш мумкин. МК 228-моддаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter