Қадимги Хеттлар империяси ва тамаддуни: Ҳайрат ичидаги Онадўли
Туркия маданий мероси жозибадорлигининг муҳим қисмини Онадўли ярим оролида ҳукмронлик қилган кўплаб цивилизациялар изларида кўриш мумкин. Хусусан, хеттлар ушбу ўзига хос маданий мозаиканинг ажралмас таркибий қисми бўлиб, Онадўлининг илк кучли ва нуфузли империяси эди.
Улкан Хетт империяси ҳудудлари ҳозирги Онадўли бўйлаб кенг ёйилган ва Хетт харобалари Туркиянинг Марказий Онадўли минтақасидаги Чорум вилояти чегараларида жойлашган. Хетт йўли Туркияда кам ўрганилган тарихий йўл бўлса-да, Хетт цивилизациясининг қадим манзилгоҳларини кашф қилиш ва унинг бой маданий мероси билан танишиш имкониятини беради. Бу қудратли империя ўзининг 450 йиллик ҳукмронлиги даврида инсоният тарихи ва маданиятига беҳисоб ҳисса қўшган.
Хеттларнинг бронза даври мероси: Алажаҳўюк
Узунлиги 385 километр бўлган Хетт йўлида бир-биридан тахминан 236 километр масофада жойлашган 17 та пиёда юриш йўллари ва тоғ велосипед йўллари каби олтита муқобил йўналиш мавжуд. Маршрутнинг асосий нуқталари Хетт пойтахти Хаттуса, империянинг энг йирик шаҳри Алажаҳўюк ва Онадўлининг биринчи ҳарбий ва маъмурий маркази Сапинува ҳисобланади.
Йўлнинг ўзагини Боғазкале-Хаттуса-Сапинува, Алажаҳўюк-Алажа-Сапинува ва Боғазкале-Алажаҳўюк йўналиши ташкил қилади. Алажаҳўюк, Боғазкале ва Инжесу йўналишида яхши жиҳозланган меҳмонхоналар, бунгаловлар (бир қаватли уй), ётоқхоналар ва лагер каби турар жой турлари мавжуд. Хетт йўлида ёввойи табиат ва тарихий ёдгорликларни кўриш имконияти, каньон юриш йўллари мавжуд, шунингдек, Чорумга хос таомлар жуда кўп.
Алажаҳўюк Чорумнинг учта муҳим Хетт шаҳридан бири ва Хетт йўлининг бошланғич нуқтасидир. Туркиянинг илк миллий қазишма ишлари олиб борилган ҳудудларидан бири ва бронза даври археологиясига қизиққан ҳар бир киши ташриф буюриши керак бўлган жой бўлиб, ҳудудда 6000 йилдан кўпроқ вақтдан буён ҳаёт мавжуд. Унинг хазиналари Хетт даврларига бориб тақалади. Алажаҳўюкдаги Хетт аҳоли пунктлари кенг мудофаа тизимлари ва босқинларнинг олдини олиш учун қурилган кучли дарвозалари билан диққатни тортади.
Сфенкс дарвозаси шаҳарнинг иккита асосий кириш дарвозаларидан бири бўлиб, миноралар, тош блоклар ва ташқи деворида ўйма нақшлар мавжуд. Алажаҳўюк ҳақидаги тўлиқ маълумотни Анқарадаги Онадўли цивилизациялари музейидан топиш мумкин. Музейда шаҳарнинг энг муҳим топилмалари, жумладан, Хетт тамаддуни ва санъатининг тимсоли ҳисобланган Сфенкс дарвозасининг асл безаклари ва қироллик қабрларидан топилган қабр совғаси бўлган кумуш нақшли бронза кийик ҳайкалчаси, Хетт даврига оид кумуш нақшли бронза буқа ҳайкалчаси каби ноёб антик давр хазиналари мавжуд.
Қадимги Хетт пойтахти: Хаттуса
Манзилнинг кейинги бекати Боғазкале туманида жойлашган Хаттуса шаҳридир. Шаҳардан топилган 30 000 та лой лавҳанинг кўпчилигида «Мингта худолар шаҳри» номи билан тилга олинган Хаттуса 450 йил давомида Хетт цивилизациясининг пойтахти бўлган ва ЮНEСКОнинг Жаҳон маданий мероси ҳамда «Жаҳон хотираси» реестрига киритилган. Кадеш тинчлик шартномаси лой лавҳалар орасида маълум бўлган қадимги тинчлик шартномаси бўлиб, ушбу лавҳалар ҳозирда Истанбул археология музейларидан Қадимги Шарқ санъати музейида сақланмоқда.
Узоқдан қаралганда атрофи яшиллик билан ўралган улкан тош жумбоқни эслатувчи Хаттуса, шубҳасиз, ибодатхона харобалари, монументал дарвозалари, қироллик бинолари ва шаҳар девори қолдиқлари билан диққатга сазовор очиқ осмон остидаги музейдир. Энг муҳим иншоотлардан бири бўрон худоси Тешуб ва қуёш маъбудаси Ариннага бағишланган Буюк ибодатхонадир. Шаҳарга киришни таъминловчи Сфенкс дарвозаси ва Қирол дарвозаси каби ҳайбатли монументал дарвозалар ҳам харобалар орасидаги рамзий ёдгорликдир.
Қадимий Хаттуса шаҳридан қазиб олинган артефактлар ва ёдгорликлар Анқара Онадўли стивилизациялари музейи ва Боғозкўй музейида намойиш этилади.
Хеттларнинг диний маркази: Сапинува
Хетт йўлидаги сўнгги бекат - Сапинува. Бугунги Ўртакўй туманида жойлашган шаҳар сиёсий ва географик жойлашуви туфайли Хеттлар даврида муҳим ҳарбий ва диний марказ бўлган. Сапинува кенг қамровли шаҳар бўлиб, унда иккита бўрон худоси номига алоҳида қурилган иккита ибодатхона ва малика саройи ва армия қўмондонлиги каби муҳим муассасалар жойлашган.
Бундан ташқари, шаҳарда 4000 га яқин Хетт миххат лавҳалари топилган. Хетт цивилизациясига оид муҳим ҳужжат ҳисобланган ушбу лавҳалар ҳозир Чорум археология музейи коллекциясининг бир қисмидир. Сапинува яқинидаги Алажа чой водийси ва Инжесу каньони ташриф буюришга арзигулик масканлардан ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter