Президент президентлик сайловини тайинлаган тақдирда у 2 ой ичида ўтказилади – Сайлов кодексида ўзгариш
Бугун, 8 майдан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун кучга кирди.
Мазкур қонун билан Сайлов кодексига тегишлича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Кодекснинг 36-моддаси, яъни Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини назарда тутувчи норма, эндиликда «ушбу Кодекснинг 66 ва 74-1-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно» жумлалари билан тўлдирилмоқда.
Ўз ўрнида 66-модда ҳам янги таҳрирда қабул қилинмоқда. Унга кўра, мазкур моддада назарда тутилган «Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши»га доир норма иккинчи қисм билан тўлдирилган.
Яъни, унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади».
Қўшимча киритилаётган 74-1-моддага кўра эса:
«Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда уч ой ичида ўтказилади.
Қонунчилик палатаси томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади».
87-1-моддада ҳам Сенат аъзоларининг муддатидан илгариги сайлови ҳақидаги янги норма қўшиляпти. Унга кўра, Сенат Президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда уч ой ичида ўтказилади.
Сенат томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда эса Сенат аъзоларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда бир ой ичида ўтказилади.
Шунингдек, 98-модданинг биринчи қисми ҳам таҳрирланган ва унда Президент сайлови, Олий Мажлис сайлови ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлари билан биргаликда энди бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловлар ва улар билан боғлиқ бошқа харажатлар ҳам Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter