Президент: диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўйилмайди
Бугун, 8 май кунги учрашувда давлат раҳбари Конституцияда Ўзбекистоннинг дунёвий давлат экани белгилаб қўйилаётгани ва жамиятда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўйилмаслигини таъкидлаб ўтди.
– Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Халқимизнинг референдум орқали билдирган хоҳиш-иродаси, қатъий танлови ҳам шу! – деди Президент.
Бундан буён ҳам миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланиши; барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши; мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилиши таъкидланди.
– Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунданоқ «Биз халқимизга хизмат қилгани келганмиз», «Биз халқни рози қилишимиз керак» деган гапларни доим такрорлайман.
Ислоҳотларни бошлаган пайтда ўзимиз тасаввур ҳам қилмаган жуда кўп муаммо ва синовларга дуч келдик. Уларга эл-юртимиз билан биргаликда ечим топиб, ҳар бир масалани жойида ҳал қилиб бораяпмиз.
Чунки, янгиланган Конституциямизнинг маъно-мазмуни, бош мақсади ҳам халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратиб беришдан иборатдир.
Бу мақсад йўлида қанчалик оғир бўлмасин, зарур маблағларни, керак бўлса, ортиқчаси билан топиб, барча имкониятларни ишга солаяпмиз.
Халқимизнинг ўзи – энг адолатли ҳакам. Мен аминман, бугун юртимиздаги ҳар бир инсон «ҳаётимда ижобий ўзгариш бўлмоқда», деб айта олади, – дейди давлат раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter