Ўзбекистонликлар бугун электр энергиясини истеъмол қилиш бўйича кунлик рекордни янгилайди
Мамлакатда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво таъсирида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичлар янгиланмоқда.
Энергетика вазирлиги берган маълумотга кўра, рекор кеча (13 июнь куни)нинг ўзидаёқ янгиланган.
Яъни Ўзбекистонда 13 июнь куни ҳолатига жами 231,7 млн кВт/соат электр энергияси сарфланган. Бу ўтган йилнинг худи шу кунига нисбатан 14,7 фоизга (202 млн кВт/соат бўлган) кўп деганидир.
Шунингдек, бугун, 14 июнь куни учун ҳам рекорд яна янгиланиши кутиляпти (кунлик истеъмол 238-239 млн кВт/соатга етиши кутиляпти. 2022 йилнинг мос даврида 30 млн кВт/соат бўлган).
Жумладан, бугун соат 11:00 га қадар соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилган (ўтган йилнинг мос даврида 1600 МВт бўлган). Қайд этилишича, бу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита “Тўрақўрғон” ИЭСнинг қувватига тенг.
“2022 йилнинг июл ойида юз берган энг аномал иссиқ ҳароратли даврда ҳам максимал юклама 10 800 МВтдан, суткалик максимал истеъмол ҳажми эса 238,2 млн кВт/соатдан ошмаган эди”, – дейилади расмий хабарда.
Вазирликка кўра, ҳудудлар кесимида электр энергиясининг юқори истеъмоли Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Масалан, 2021 йилнинг 13 июнь санасида пойтахт аҳолиси 7,6 млн кВт/соат ток ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилнинг худди шу кунида 17,08 млн кВт/соатни, бу йил эса 26,4 млн кВт/соатни ташкил қилган.
Вазирлик, шунингдек, ҳудудларда таъмирлаш ишларига қарамай барча электр станциялари томонидан етарли миқдорда электр энергияси ишлаб чиқарилаётганини, бундан ташқари эса келишувларга асосан электр энергияси импорти ҳам ички истеъмолга йўналтирилаётганини билдирган.
“Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши электр энергиясига бўлган талабни ошираётганидан ташқари иссиқ ҳарорат электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоиз тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилади”, – дейилади вазирлик муносабатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter