Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга келган сайёҳ сарфлаётган ўртача маблағ 330 долларга етган

Ўзбекистонга келган сайёҳ сарфлаётган ўртача маблағ 330 долларга етган

Ўзбекистонда туризм тармоқларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади – очиқлик тамойили асосида жамиятнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодий соҳаларни модернизация қилиш, тадбиркорларга қўшимча имкониятлар яратиш ва турмуш фаровонлигининг юқори ўсиш суръатларини таъминлашдан иборат.

Шу маънода туризмни ривожлантиришнинг иқтисодиётган таъсирини соҳага киритилган 1 доллар инвестиция 3-4 марта кўп даромад келтириши ҳақидаги статистика кўрсатиб беради.

Қайд этилишича, туризм соҳасида яратилган 1 та янги иш ўрни, бошқа соҳаларда яна 2 та иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: жазирама иссиқ ва изғирин совуқда, ҳамма пахтага мажбурий сафарбар этилган йилларда ҳам, Ўзбекистон пахта толасининг экспорти 1 миллиард доллардан ошмаган. Ҳозирги кунда туризм экспорти бу маррадан ошиб ўтди. Агар уни 3-4 баробар оширсак, жайдари қилиб айтганда, «пахта экмасак» ҳам бўлаверади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб боради, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмайди. Шунинг учун, кўп давлатлар сайёҳ жалб қилишнинг янги-янги йўлларини излаяпти.

Шуни инобатга олган ҳолда, чет эллик туристларнинг мамлакатимизга сайёҳ бўлиб келишини таъминлаш ва хорижий туристларнинг оқимини кўпайтириш мақсадида сўнгги ислоҳотлар шароитида виза режимининг либераллаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хорижий давлатлардан ташриф буюрувчилар учун виза режими соддалаштирилди, хусусан, айни пайтда 93 та хорижий давлатлар фуқаролари учун визасиз кириш, 56 та давлат учун электрон кириш визаси, 47 та давлат учун беш кунлик транзит визасиз кириш, шунингдек, 76 та давлат учун туризм визалар беришнинг енгилаштирилган тартиби белгиланди.

55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга республикага келувчи ХХР, АҚШ ва Вьетнамнинг фуқаролари учун визасиз кириш режими жорий қилинди.

Шунингдек, «Vatandosh», «Student visa», «Academic visa», «Medical visa» ва «Pilgrim visa» каби янги кириш виза турлари белгиланди.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, хорижий туристлар сони 2016 йилда 1,3 млн. нафар бўлса, 2022 йилда 5,2 млн. нафарни ташкил этди. 2023 йил 8 ойда юртимизга хориждан 4,3 миллион турист келди.

Мамлакатимизга узоқ давлатлардан келаётган туристлар оқими 3-4 баробар ошди. Мисол учун, бу йил Ҳиндистондан – 3,5 баравар (25 минг), Япониядан – 5 баравар (7 минг), АҚШдан – 2 баравар (14 минг), Италиядан – 3,5 баравар (17 минг) сайёҳ кўпайди.

Шунингдек, ҳар бир хорижий туристнинг республика ҳудудида бевосита саёҳат харажатларидан ташқари сарфлайдиган ўртача маблағ суммаси 2017 йилда 197 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 309, 2023 йилда эса 330 АҚШ долларига етди ва туризм экспорти ҳажми 1,6 млрд доллар бўлди (2017 йилда 531 млн доллар бўлган). 2023 йил 8 ойда – 1,4 миллиард доллар тушум бўлди.

Туристларнинг ўртача қолиш куни 4-5 кунни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даври (3 кун)га нисбатан 1,5 бараварга ортди.

Пандемия, дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимизда ўтган 6 ярим йилда (2017 йил 2023 йил июнь) туризм хизматлари 2,5 баробар ўсиб, хорижий туристлар сони 5 миллион нафардан ошди (2016 йилда 2 миллион нафар бўлган). Туризм экспорти 430 миллиондан 1 миллиард 600 миллион долларга кўпайди (ўсиш – 4 баробар). 2023 йида туризм экспорти 2 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг