Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини бахтли деб ҳисоблайди – тадқиқот

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини бахтли деб ҳисоблайди – тадқиқот

Хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини кўтаринки кайфиятда ва бахтли деб ҳисоблашади.

Бу «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўровнома натижасида олинган хулоса.

Институт 2023 йилнинг февраль-апрель ойларида хотин-қизларнинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ва йўналишларига оид 6 та ҳудудда  18 ёшдан 55 ёшгача бўлган 819 нафар хотин-қизлар орасида социологик тадқиқот ўтказди.

Олинган хулосаларга кўра, хотин-қизлар оилавий қадриятларининг шаклланишида оилавий муҳит ва ундаги тарбия (81 фоизи), ота-онанинг сулолавий шахсий ўрнаги (61 фоизи) ҳамда ўз ҳаётий тажрибаси муҳим ўрин эгаллашини билдиришди.

Хотин-қизлар ўзлари учун аёл бахтининг асосини оилаларнинг тинчлиги, фаровонлиги, мустаҳкамлиги, фарзандларнинг борлиги, оиладаги самимий муносабатларда ва яқин инсонларнинг ўзаро ғамхўрлигида, деб ҳисоблашади. Қишлоқ ҳудудларида яшовчи аксарият хотин-қизлар ўзларини, энг аввало, она (40,9 фоизи) ва рафиқа (27,3 фоизи) сифатида баҳолайдилар.

Хотин-қизларнинг аксарияти оилали ва фарзандли бўлишни ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжи сифатида белгилайди. Шунингдек, оила қуриш билан бирга, жамиятда ижтимоий фаол бўлишни истаган, ишлаш, ўқиш ва касб-ҳунарли бўлишга интилаётган, буни ўзининг ҳаётий муҳим мақсади ва бахтининг бир қисми сифатида кўрувчи хотин-қизлар тоифаси борлиги тадқиқот натижасида ўз ифодасини топди.

Тадқиқот давомида иштирокчиларнинг  80,4 фоизи хотин-қизларнинг никоҳга ўз хоҳишига кўра рози бўлганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, 13,2 фоиз ҳолатда оила катталарнинг келишуви, совчилар орқали қурилганлиги маълум бўлди. 

Тадқиқотда қатнашган ҳар иккинчи респондент оилавий ажримларга мутлақо қарши. Уларнинг аксарияти оилавий муносабатлардаги беқарорлик, саломатликдаги жиддий муаммолар ҳамда оиладаги зўравонликлар туфайли ажралишлар бўлиш эҳтимолини инкор этишмади.  Респондентлар хиёнат (43,6 фоизи), фарзандсизлик (26,1 фоизи) жуфтлик характерининг мос тушмаслиги (20 фоизи) ва оиладаги жанжаллар (21,3 фоизи), турмуш ўртоғининг психик жиҳатдан носоғломлиги (22,1 фоизи), ва бошқа оғир хасталиклар (10,9 фоизи) туфайли ажрим ҳолатлари юзага келишини эътироф этишган.

Аксарият хотин-қизлар учун оилани асраб қолиш мақсади, ишлаш ва касбий ўсишдан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга бўлса-да, ҳар олтинчи респондент (14 фоизи) учун иш фаолияти жуда қадрли ҳисобланади. Бу тоифадаги аёллар иш фаолияти оиласининг бутунлиги ва тинчлигига салбий таъсир кўрсатган тақдирда ҳам ўз ишидан воз кечишга тайёр эмаслигини айтиб ўтишган.

Аҳамиятлиси сўровномада иштирок этган хотин-қизларнинг 68,3 фоизи инсон саломатлигининг қадрини устун қўйишсада амалда  16 фоизи респондент  уни биринчи ўринга қўймаслиги аниқланди.

Бугунги кунда аёлларининг салмоқли қисми фарзандларида келажакда умуминсоний қадриятлар, жумладан, оиладаги соғлом маънавий муҳит, меҳнат қилиш, ўз фикрини айта олиш ва адолатли бўлиш каби хусусиятлар устунлик қилишини хоҳлашади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг